Спорт | 08:46 / 29.05.2023
24693
1 дақиқада ўқилади

Канада ҳоккей бўйича жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди

Канада терма жамоаси ҳоккей бўйича жаҳон чемпионати финалида немисларни 5:2 ҳисобида мағлуб этди. 2023 йилги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни Латвия эгаллади.

Фото: Andrea Branca/Eurasia Sport Images/Getty Images

28 май, якшанба куни Финландиянинг Тампере шаҳридаги стадионда Канада ва Германия терма жамоалари ўртасидаги ўйин билан якунланган ҳоккей бўйича жаҳон чемпионатида Канада жамоаси ғолиб бўлди. Немислар канадаликларга 2:5 ҳисобида имкониятни бой бериб, ЖЧ-2023 кумуш медали соҳибларига айланишди. Канада учун финалдаги бу ғалаба жаҳон чемпионати тарихидаги 28-ғалаба бўлди.

ЖЧ-2023 бронза медали Латвия жамоасига насиб этди, у қўшимча вақтда АҚШни 4:3 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, Латвия ҳоккей бўйича жаҳон чемпионати тарихида илк бор шоҳсупадан жой олди.

Дастлаб, ҳоккей бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионати Санкт-Петербургда ўтказилиши режалаштирилган эди, аммо мусобақалар Рига ва Тамперега кўчирилди.

Шунингдек, Россия Федерацияси ва Беларус терма жамоалари жаҳон чемпионатида, шунингдек, Халқаро ҳоккей федерацияси (IIHF) шафелигида ўтказиладиган бошқа мусобақаларда иштирок этишдан четлатилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид