Жаҳон | 18:51 / 29.05.2023
10034
3 дақиқада ўқилади

Туркий халқларнинг ўхшаш алифбосини қабул қилиш таклиф этилди

Турк дунёси умумий алифбоси бўйича комиссия лотин алифбоси турли туркий халқлар вакиллари учун ўзаро тушунарли бўлишини истайди. 

Фото: Kazinform

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Турк дунёси умумий алифбоси бўйича комиссиянинг биринчи йиғилиши бошланди. Комиссиянинг вазифаси лотин алифбосига ўтиш даврида таклифлар тўпламини ишлаб чиқишдан иборат, деб хабар берди Kazinform.

«Янги алифбога ўтиш ҳар доим давлатнинг ички иши ҳисобланади. Ҳар бир давлат бу муаммони ўзи ҳал қилади. Бизнинг вазифамиз - таклифлар пакетини ишлаб чиқиш. Агар туркий давлатлардан бирортаси шундай қарорга келса, бу тавсиялар асосида алифбонинг энг мақбул, оқилона вариантини танлаш мумкин. Албатта, ҳар бир давлат қайси алифбони қандай шаклда қабул қилишни мустақил ҳал этади. Аммо агар барча давлатлар лотин алифбосига ўтса, унда биз алифболар имкон қадар бир-бирига яқин, турли туркий халқлар вакиллари учун ўзаро тушунарли бўлишини истаймиз», деди Туркий тиллар академияси президенти Шайн Мустафоев.

У туркий халқларнинг бир неча асрлар давомида араб алифбосидан фойдаланганини мисол қилиб келтирди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳамма учун тушунарли эди. Шу асосда зиёлилар алифбо ўхшашлиги туфайли турли туркий давлатларда нашр этилган китоб ва асарларни бемалол ўқий олган.

«Бугунги кунда алифболар бир-биридан кескин фарқ қилса, халқ учун бошқа халқлар адабиётини, матбуот хабарларини, умумий ёзма маданиятини тушуниш жуда қийин бўлади. Агар бу алифболар ўхшаш бўлса, у ҳолда алоқа яқинроқ бўлади ва муносабатлар эркин бўлади. Бу халқларнинг маданий яқинлашувига, туркий дунёнинг маданий интеграциялашувига имкон беради», деди Шайн Мустафоев.

У туркий халқлар алифбосини лотин алифбосига ўтказиш муаммоси ХІХ аср охири ХХ аср бошида кўтарилганини эслатди. 1926 йилда Бокуда бўлиб ўтган биринчи туркологик қурултойда туркий халқларни лотин алифбосига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. 1939-1940 йилларгача собиқ Иттифоқнинг барча мусулмон халқлари лотин алифбосидан фойдаланган. Бироқ кейинчалик кирилл алифбосига ўтказилган.

Мавзуга оид