Суд Star Med клиникасининг лицензиясини бекор қилди
Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси Фарҳод Маннопов вафот этган хусусий клиника тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил февралда берилган лицензиясидан маҳрум бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Star Med клиникасининг лицензиясини бекор қилишни сўраб, судга даъво аризаси киритгани ҳақида хабар берилганди. Зангиота туманлараро иқтисодий судида мазкур иш доирасида уч бора суд муҳокамаси ўтказилди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, ССВ аризасида лицензияни бекор қилишнинг асослари сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 27-иловаси 9-банди талаблари қўпол равишда бузилганлиги, хусусан, халқ орасида “Mittivine” тахаллуси билан танилган марҳум Фарҳод Манноповга тиббий ёрдам кўрсатган шифокорларда малакавий тоифа мавжуд бўлмаганлиги, бирламчи тиббий ҳужжатлар лозим даражада юритилмаганлиги, тиббий техниканинг метрологик меъёрларга мослиги бўйича даврий текширув ўтказилмаганлиги каби бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган. Шунингдек, жавобгар томонидан марҳум Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилганлиги, ушбу ҳолатлар “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддаси талабига кўра лицензияни бекор қилиш учун асос бўлиши кўрсатилган.
Суднинг 2023 йил 15 майдаги муҳокамасида жавобгар томон адвокати Фарҳод Манноповнинг ўлимига жарроҳлик амалиёти сабаб бўлмаганини билдирганди. Шунингдек, суд муҳокамасида жавобгар томон адвокатининг ишни клиниканинг мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши якунига қадар мазкур низо юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги оғзаки илтимосномасини қаноатлантириш рад этилиб, шу кунги муҳокама тарафлар вакилларининг илтимосномалари қаноатлантирилган ҳолда бошқа муддатга қолдирилган.
Суднинг 2023 йил 25 майдаги мажлисида жавобгарнинг адвокати юқоридаги мазмундаги илтимосномасини ёзма шаклда тақдим этиб, унга жиноят ишига дахлдор бўлган ҳужжатларни илова қилган. Ўз навбатида аризачи вакиллари марҳум Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилганлигини асословчи ҳужжатларни судга тақдим этган.
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 2 июндаги ҳал қилув қарорига кўра Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Omad plyus” МЧЖга нисбатан берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилган ҳамда МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 16 февралда берилган 27390032-рақамли лицензия бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси, таниқли блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 мартга ўтар кечаси 27 ёшида Star Med клиникасида вафот этганди. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси билан иш очилган ҳамда у операция қилинган Star Med клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилганди.
Аввалроқ ССВ Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан Star Med Center клиникасида ўтказилган текширув натижаларини очиқлаган, беморга тиббий хизмат кўрсатган анестезиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорида малакавий тоифа бўлмагани айтилганди.
Мавзуга оид
20:10 / 24.10.2023
Фарҳод Маннопов ўлими билан боғлиқ суд жараёни ОАВ орқали ёритилмайдиган бўлди
17:42 / 27.09.2023
Фарҳод Манноповнинг вафоти билан боғлиқ жиноят иши судга оширилди
11:47 / 15.07.2023
“Star Med”нинг лицензиясини бекор қилишга оид суд қарори вақтинча тўхтатиб туриладиган бўлди
16:53 / 15.05.2023