Гуллар шаҳри — Наманган | Манзил
Тарихда баъзи воқеаларни гуллар билан боғлашган. Баъзи давлатлар ўртасидаги можароларни гул номи билан аташади. Баъзи давлатлардаги катта ўзгаришлар номида ҳам гуллар ишлатилган. Ўзбекистонда ҳам номи гул билан боғланадиган шаҳар бор, бу Наманган шаҳри. 62-бор Гуллар фестивали ўтказилаётган, 1 млнлик шаҳар дея тариф берилаётган Наманган шаҳри ҳақида "Манзил" лойиҳаси сўзлаб беради.
Шаҳарнинг қисқача тарихига тўхталадиган бўлсак, Наманган сўзи форсчадан “Намак кон”, яъни туз кони деган маънони англатиши ҳақида маълумотлар бор, баъзи манбаларда эса намаккон сўзи "Намчил ер, серсув, намроқ ер" деган маъно бериши ҳам келтириб ўтилган.
Наманган сўзи 10-асрдаги ёзма манбаларда учрайди. 1610 йилда Наманган шаҳарга айланган. 1622 йилда Қадимги Ахсикент, яъни Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган шаҳарда содир бўлган зилзила сабабли у ерда омон қолган аҳоли Наманган шаҳри ҳудудига келиб жойлашган.
Россия империяси Марказий Осиё ерларини босиб олгандан сўнг Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида Фарғона маъмурий вилояти тузилгач, Наманган унинг уезд шаҳарларидан бирига айланган. 1941 йилда ЎзССР таркибида Наманган вилояти ташкил этилганидан кейин шаҳар вилоят маъмурий марказига айлантирилган.
Ҳозирда Наманган шаҳри уч қисмга бўлинган, шаҳарга бўйсинувчи Янги Наманган ва Давлатобод туманлари ва шаҳарнинг қолган қисми. Шаҳарда ҳунармандчилик қадимдан ривожланган. Бу анъана ҳозир ҳам давом этмоқда. Энг кўп тарқалган ҳунарлардан бири бу новвойчилик. Наманганлик новвойлар нафақат Ўзбекистон бўйлаб, балки Америка, Корея, Қозоғистон ва кўплаб мамлакатларда ҳам новвойчилик қилади. Наманганнинг бренд нони эса ширмой нон ҳисобланади.
Шаҳар аҳолисининг катта қисми учун тонг жуда эрта бошланади. Соат 4:00 да ошхоналарда овқатланишингиз мумкин десам ишонасизми? Наманганда бомдоддан кейин аҳоли таомланиши учун ошхоналар иш бошлайди.
Наманган шаҳри ўзининг текстил соҳаси бўйича ҳам олдинги ўринларда. Наманганда тикилган костюм-шимлар МДҲ давлатлари, Европа бозорларигача етиб бормоқда.
Гуллар байрами
62-бор ўтказилаётган ушбу байрам, ҳозирда Халқаро гуллар фестивали мақомини олган. Авваллари фақатгина гуллар савдоси билангина чекланган ушбу байрам. Ҳозирда кўплаб маданий тадбирлар, кўргазмалар, концертлар билан бойитилган. Авваллари байрам 3 кун, бир ҳафта давом этган бўлса, бу йил бир ой бўлиши белгиланган. Наманганда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги истироҳат боғи, Афсоналар водийси тематик парки, Камолот ёшлар боғи каби дам олиш учун масканлар мавжуд. Гуллар фестивали Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғида ва Афсоналар водийси тематик паркида ўтказилмоқда. Байрам 21 май куни эрта тонгда гуллар билан безалган машиналар паради билан бошланган. Буни томоша қилишга эса қўшни давлатлардан, республикамизнинг барча вилоятларидан меҳмонлар ташриф буюрган. Ўзига хос декорациялар, гулларга бурканган шаҳар ташриф буюрувчиларни ўзига жалб қилмоқда. Кўчаларда ҳар куни Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари давлат рақами билан кўплаб машиналар, туристлар ташувчи микроавтобусларда сайёҳларни кўришингиз мумкин. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Наманганга, гуллар фестивалига ташриф буюринг, гўзалликдан баҳра олинг.
Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус
Мавзуга оид
14:06 / 11.10.2024
Рулдаги бола қамалар, Gentra’ни ижарага берган-чи? Ноқонуний машина ижараси ўсмирлар ўлимига сабаб бўлмоқда
12:10 / 10.10.2024
200 минг сўмлик ижара ва уч ўлим: Намангандаги мактаб ўқувчиси содир этган аянчли автоҳалокат тафсилотлари
17:55 / 28.09.2024
“Тўловлар бир хил бўлгач, шароит ҳам бир хил бўлиши керак эмасми?” – Наманганда ҳайдовчилар “МРО” аҳволидан норози
20:44 / 02.05.2024