Ўзбекистон | 20:54 / 05.06.2023
11229
13 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё ва Брюссел: ҳамкорлик қайси босқичда?

2 июн куни Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити бўлиб ўтди. Kun.uz бу икки муҳим минтақа муносабатларининг ўтмиши ва бугуни ҳақида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Раъно Тўйчиева билан суҳбатлашди.

— Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигини қандай даврларга бўлиш мумкин?

— Икки минтақа муносабатлари ривожланиш тенденцияларига асосланадиган бўлсак, шартли равишда 3 босқичдан иборат асосий даврларга бўлиб шарҳлаган маъқул деб биламан.

1-босқични Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Марказий Осиё (МО) ўртасида расман дипломатик муносабатлар ҳамда стратегик шериклик алоқалари ўрнатилган 1994 йилдан 2007 йилгача белгилаб олсак, бу давр ЕИнинг МОга янги имкониятлар минтақаси сифатида қараши билан шаклланди. Бу йиллар қайсидир маънода икки минтақа учун ҳам бир-бирининг имкониятлари ҳамда ўзаро хайрихоҳлик кайфиятини ўрганиш даври бўлди, деб айтиш мумкин. Хусусан, ЕИ МО мамлакатлари билан йўлга қўйилажак дастлабки ҳамкорлик йўналишларини белгилади.

2-босқич 2007-2019 йилларни ўз ичига олиб, бунда бошқа ташқи йирик кучлар қаторида, ЕИ ҳам МО минтақасига қулай, эркин ва истиқболли рақобат майдони сифатида қаради. Энди муносабатлар ўзининг янги босқичига кўтарилганида ЕИ учун МО минтақаси билан иш олиб боришда аниқ бир стратегияга эҳтиёж туғилди. ЕИнинг МО учун янги стратегияси 2007 йилда қабул қилиниб, “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: янги ҳамкорлик амалда” деб номланди. 12 йил давомида амал қилган мазкур ҳужжат ЕИнинг МО билан кўплаб соҳалар бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Кўплаб экспертлар ва мутахассислар томонидан ушбу стратегия “Ёрдам стратегияси” деб ҳам номланди. Сабаби, бу даврда МОнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда ЕИнинг роли мустаҳкамланиб борди.

Бу даврда Европа Иттифоқи демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши бўйича Париж битими мажбуриятларини амалга оширишда ҳамкорлик ҳамда трансминтақавий экологик муаммоларни ҳал этиш, миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашди. Фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик эса соғлом ва очиқ инвестиция муҳитини, рақобатбардош хусусий секторни яратишга, ёшлар ўртасида тадбиркорлик, тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди. Минтақа мамлакатлари ўртасида ички савдо ва инвестициялар бўйича таркибий чекловларни бартараф этиш назарда тутилди.

3-босқич бу – энг янги, яъни 2019 йилдан бугунги кунгача бўлган даврни қамраб олиб, энди МО ўзининг йирик ҳамкорлари, жумладан, ЕИ учун ҳам нуфуз учун кураш майдонига айланди. Шунга кўра, 2019 йилда Брюсселда ЕИнинг 2021-2027 йилларга мўлжалланган МО билан ҳамкорликнинг янги стратегияси қабул қилинди ва бу стратегия “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги янги имкониятлар” деб номланди.

Европа Иттифоқи расмий вакилларининг фикрича, янги стратегияни қабул қилиш зарурати минтақада юзага келган янги геосиёсий воқелик, ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган бугунги кун талаби ва бу борадаги имкониятларнинг юқорилиги билан белгиланади.

Стратегияда Осиёнинг Европа учун, ўз навбатида, Европанинг Осиё учун муҳим аҳамият касб этиши, Европа Иттифоқи ташкилоти доирасидаги ривожланишни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун Осиё мамлакатларидаги тинчлик ва барқарорлик муҳим омил экани, шу боис иқтисодий дипломатия ва Осиёда хавфсизлик соҳасидаги иштирокни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган. Осиё мамлакатларининг турли иқтисодиётга эга экани сабаб Европа Иттифоқининг учта асосий соҳа бўйича ҳамкорлик қилиши белгилаб қўйилган: – транспорт алоқалари, энергетика ва рақамли тармоқлар яратиш, инсонлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш; – Осиё мамлакатлари ва ташкилотлари ўртасидаги шериклик муносабатларини таклиф этиш; – турли молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда барқарор молиялаштиришни ривожлантириш.

Ҳозирги зиддиятли геосиёсий вазиятда, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари муносабатларида Россия ва Украина уруши фонида бу ҳамкорликнинг аҳамияти қандай?

— 2 июн куни бўлиб ўтган cаммитда Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел Евроиттифоқ Марказий Осиё давлатларининг Украина бўйича позициясини ҳурмат қилишини ва Марказий Осиё давлатларининг Россия билан яқин алоқаларини тушунишини таъкидлади. Шу билан бирга, у Россияга қарши санкциялар мамлакат урушни тезроқ тўхтатиши учун киритилганини тушунтириб, «уларни қўллаб-қувватлаётган ҳамкорларга» миннатдорчилик билдирди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Россия ва унинг атрофида кечаётган муаммоли вазият МОни янада эътиборлироқ бўлишга, ташқи сиёсатда, хусусан, иқтисодий муносабатларда мустаҳкам кафолатларга эга бўлишга ундайди. ЕИ ва АҚШ томонидан Украина уруши сабаб Россия учун доимий эълон қилинаётган санкциялар ўз-ўзидан МОни ҳам ҳушёрликка чақириши турган гап.

2023 йил 27 апрель куни Тошкентда Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус элчиси Дэвид О’Салливан ва давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида элчи Ўзбекистондан Россияга санкцияларни четлаб ўтиш учун ёрдам бермаслик кафолатини олди.

— Президент Шавкат Мирзиёев ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш ҳақида таклиф киритди. Cанкциялар ёмғири даврида бу жараённи қайси йўлаклар орқали амалга ошириш мумкин?

— Президентимиз томонидан илгари сурилган устувор йўналишларнинг иккинчиси – барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантиришдан иборат эканлиги таъкидланди. Бунда Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, “Ўрта маршрут” деб ном олган Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа яқинда Самарқандда ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилари учрашувида пухта таҳлил қилинганди. Афсуски, ушбу магистраль рақобатбардошлигини ошириш масаласида ўзаро мувофиқлашган ёндашув ҳанузгача мавжуд эмас. Бугун юк ташишнинг асосий ҳажмини ҳосил қилаётган бизнес учун манфаатли бўлган тарифлар керак. Бироқ таҳлиллар кўрсатаётганидек, ушбу йўналишдаги жорий тариф ва йиғимлар, масалан, муқобил бўлган Шимол – Жануб йўналишларидагидан 1,5 баробар баланд. Транспорт-логистика ва порт инфратузилмаларини юклар оқимининг прогноз қилинаётган ўсишига мос равишда кенгайтириш ҳамда йўл қопламасининг техник ҳолатини яхшилаш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан Транскаспий йўлаги салоҳиятидан фойдаланишнинг доимий, таъсирчан механизмини яратиш мақсадга мувофиқ. Бу мамлакатларимиз транспорт идоралари ваколатли вакилларининг доимий учрашувларини ўтказиб боришни талаб этади. Шунингдек, европалик ҳамкорлар томонидан Европа ва Марказий Осиё ўртасида барқарор транспорт йўлакларини шакллантириш юзасидан тадқиқотларга зарурат ортади.

Қозоғистон давлат раҳбари ҳам транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришни иккинчи устувор вазифа деб атади. Президентнинг таъкидлашича, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ҳозирги вақтда стратегик аҳамиятга эга. Қозоғистон президентининг Хитойга қилган давлат ташрифи чоғида хитойлик ҳамкорлари билан биргаликда Сиань шаҳрида логистика терминалига пойдевор қўйилди. Бу порт контейнер поездларини Марказий Осиё ҳудуди орқали тўғридан тўғри Европага жўнатиш учун муҳим марказ бўлади. Шунингдек, Транскаспий йўналишини Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси билан бирлаштириш таклифи ҳам мавжуд.

— Европа Иттифоқи Афғонистон масаласида қандай таклифларни илгари суриши мумкин, Афғонистондаги ҳуманитар вазиятга улар қандай фокусда қарашмоқда?

— Марказий Осиё билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш Европа Иттифоқининг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун зарур шароит яратади. Шу мақсадда охирги бўлиб ўтган саммитда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференциясини ўтказиш таклифи берилди.

Минг афсуски, Афғонистондаги ҳуманитар вазият тез суръатда ёмонлашиб бормоқда. БМТ маълумотига кўра, ҳозирги вақтда миллионлаб афғонлар ҳалокат ёқасида турибди. Шу муносабат билан Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари бутун дунёни афғон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини камайтирмасликка чақиради. Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва унинг тинч тараққиётига кўмаклашиш борасидаги долзарб масалалар ечими юзасидан умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун махсус вакилларнинг мунтазам маслаҳатлашувларини давом эттириш таклифи ҳам илгари сурилгани бежиз эмас.

Жорий йилнинг 26 май куни Ашхободда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматида Афғонистон бўйича махсус вакилларнинг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича Европа Иттифоқи, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус элчиларининг қўшма баёноти қабул қилинди ва улар Афғонистонни барқарор, тинч ва фаровон, узоқ муддатли тинчлик истиқболига эга мамлакатга айлантиришга интилишларини тасдиқлади.

Ҳужжатда Тошкент, Олмаота ва Брюсселда ушбу форматда бўлиб ўтган муҳокамалар якунлари бўйича аввалги баёнотларда, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик билан боғлиқ вазият бўйича белгиланган тамойиллар ва кутилмалар қайд этилган. Инклюзив ва вакиллик ҳукуматини яратиш, барча афғонларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги таъкидланди. Баёнотда, шунингдек, «Толибон» афғон қизлари ва аёлларининг таълим олиш, ишлаш ва жамоат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини чекловчи тақиқларни бекор қилишга чақирилади.

Афғонистонда иқтисодий фаолият, молия-банк сектори ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилган. Умумий мақсад – Афғонистон ва минтақада тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга интилишдан келиб чиқиб, иштирокчилар ушбу форматда ҳамда кенгроқ халқаро ҳамжамият билан мулоқот ва ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Иштирокчилар Афғонистондаги вазиятнинг ёмонлашувидан умумий хавотирда эканликларини билдирди ва Афғонистонни хавфсиз, тинч, барқарор ва гуллаб-яшнаган мамлакатга айлантиришга қатъийликларини тасдиқлади. Шу муносабат билан улар оғир шароитларга қарамай, халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон халқига радикал асосда ва халқаро ҳуқуқ ва умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларга мувофиқ ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди.

2 июн куни бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон президенти БМТ шафелигида Халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари сурди ва бу ташаббус делегациялар томонидан ижобий баҳоланди. Бу БМТнинг Афғонистон бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишда ушбу форматдаги умумий таклифларнинг бир қисми ёки бошланғич нуқтаси ҳам бўлиши мумкин.

— Ўзбекистон бундай учрашувлардан қанчалик манфаатдор?

— Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (ШБ) 1999 йилдан бери амал қилади. Ушбу битимнинг имзоланиши сиёсий ўзаро мулоқотлар, самарали бошқарув, адолат ва ички ишлар, демократия ва инсон ҳуқуқлари, савдо, бизнес ва сармоявий муносабатлар, иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик ва техник ёрдам билан боғлиқ масалалар бўйича ўзаро алоқаларнинг кенг доирасини шакллантиришга замин яратади.

2018 йил охиридан бошлаб Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Кенгайтирилган Шериклик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битим (КШҲБ) бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг ўзаро муносабатларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, шу жумладан савдо соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдаги умумий манфаатларни акс эттиради. 2019 йилги Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси ҳамкорликнинг минтақавий асосини таъминлайди.

Европа Комиссиясининг устувор йўналишларига мувофиқ, Европа Иттифоқининг 2021-2027 йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари ва соҳаларига қуйидагилар киради: самарали бошқарув ва рақамли трансформациялар; инклюзив, рақамли ва яшил ўсиш; экологик тоза қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат секторини ривожлантириш.

Шу маънода, жорий йилнинг 10 апрелидан Ўзбекистон учун ЕИнинг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (“GSP+”) кучга киришини муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этиш мумкин. Унга кўра, Ўзбекистон мазкур тизимга Преференциялар бош тизими (“GSP+”) доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинди. Бу ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда муҳим босқич бўлиб, томонлар ўртасидаги мулоқотни ҳамда савдо алмашинувини янада чуқурлаштиришга имкон беради. Ушбу сана ЕИ ва Ўзбекистондаги кўплаб манфаатдор томонлар, жумладан, маҳаллий ҳокимият органлари, ишбилармонлар доиралари ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари билан шерикликда янги йўлнинг бошланиши демакдир.

Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, Европа Иттифоқи давлатлари ва Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ўртасида салоҳият ва мажбуриятни уйғунлаштириш вақти келди. Европа Иттифоқи чуқур ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларни амалга ошираётган Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қарамоқда. Мамлакатнинг халқаро тузилмаларга интеграциялашуви ҳамда Европа ҳамжамияти билан муносабатларини чуқурлаштиришга ҳар томонлама кўмак кўрсатмоқчи. Зотан, ўзаро манфаатли алоқаларнинг бугунги юксак даражасини сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳар доимгидан ҳам долзарбдир.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид