Жамият | 12:03 / 08.06.2023
19649
5 дақиқада ўқилади

Инсоннинг семириб кетиши унинг генига боғлиқми?

Генлар ортиқча вазнга сабаб бўладиган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Инсон ўзининг генетик ҳолати сабаб очликни кўпроқ ҳис қилиб, кўпроқ овқат ейишга мойил бўлиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Агар сиз бошқаларга қараганда тўлачароқ бўлсангиз, бунда генингизнинг ҳам таъсири бор эканини биласизми?

Олимларнинг ўрганишича, генетик мутация кишиларни овқатдан қониқмасликларига сабаб бўла олади. Уларнинг организмда юзага келтирадиган ҳолати сабаб инсон кўпроқ тез-тез овқат ейди ёки калорияси баланд таомларни истеъмол қилишга ўч бўлади.

"Семизлик танлов эмас. Тана вазнининг генетикаси миямиз овқатни қандай назорат қила олишига боғлиқ", дейди Кембриж университети генетиги Гилес Ео.

АҚШда аҳоли ёши катта қисмининг учдан бири, 2 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг ҳар олти нафардан бири ортиқча вазндан азият чекади.

Семизликдан азият чекаётган катта ёшли америкаликларнинг ҳар бешдан икки нафари олдини олиш мумкин бўлган касалликлар, жумладан, қандли диабетнинг иккинчи тоифаси, юқори қон босими, юрак қон-томир касалликлари ва саратоннинг маълум турларига чалиниш эҳтимоли юқори қатлам ҳисобланади.

Ортиқча вазн бутун дунё учун умумий муаммолардан бири. ЖССТ маълумотига кўра, 2030 йилда Ер юзининг 45 фоиз аҳолиси семириб кетиши мумкин. Энг ёмони айнан семизлар коронавирусни жуда оғир бошдан ўтказди.

Инсонларни шунча хавфга қўяётган семизлик эпидемиясининг сабаби нимада? Бу бизнинг одатий турмуш тарзимизга боғлиқми ёки бизга боғлиқ бўлмаган генимиз сабабми?

Истеъмол қилинаётган овқатлар ва турмуш тарзи ортиқча вазнли одамлар кўпайишида муҳим рол ўйнайди. Бундан ташқари, худди инсоннинг бўй баландлиги сингари тана вазни ҳолати ҳам 50 дан 80 фоиз ҳолатгача генларга ҳам боғлиқ. Гарчи битта генетик мутация билан семиз бўлиб қолинмаса ҳам, баъзиларнинг организмида кўпроқ генетик ўзгаришларнинг содир бўлиши уларни семизликка мойилроқ қилади. Айниқса, генетик ҳолат турмуш тарзининг зарарли одатлари билан қўшилиб ортиқча вазн олиш эҳтимолини ошириши мумкин.

Табиатан семизликка мойилликнинг мавжуд бўлиши 1949 йилда АҚШдаги Жэксон лабороториясида аниқланади. Сичқонлар устида тажриба ўтказаётган тадқиқотчилар лаборатория жонзотларининг бир штамми ғайритабиий даражада семириб бораётганини пайқашади. Чунки улар кўп овқат ер, лекин кўринишидан очга ўхшашарди. Сичқоннинг семириб кетиши ва ортиқча овқатланишига ген сабаб бўлаётганини исботлаш учун 45 йил сарфланган. Семизлик гени танада лептин деб номланадиган гормон ишлаб чиқаради. Лептин гормони тўйинганлик ҳақидаги сигнални мияга юбориши керак. Етарлича лептин бўлмаса, сичқонлар ўзларини оч ҳис қилаверишади, ейишади ва семириб кетишади.

Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, лептин гени инсон иштаҳасини назорат қилишга ёрдам берадиган мураккаб тизимдаги бир қисм холос.

Ёғ ҳужайралари лептинни қон оқимига чиқаради. Лептин эса мияга тўқлик сигналини етказади ва ёғни парчалашга ёрдам беради. Термометр уй ҳароратини назорат қилгани каби лептин инсон танасидаги ёғни назорат қилади.

Генларнинг инсон вазнига таъсирини ўрганиш учун ўтказилган тадқиқотлардан бирида 2,9 минг семиз кишилар билан бирга 5,1 минг соғлом вазнга эга кишилар солиштирилади. Ва аниқ бўладики, ФТО деб аталадиган генда ўзгариш бор шахсларнинг семириб кетиш хавфи 22 фоизга кўпроқ бўлади.

Генида семиришга мойиллик бор шахслар ўз ҳаракатларини назорат қилишга кўпроқ эътиборли бўлишлари, семизликка сабаб бўладиган ҳаракатларини тартибга солишлари керак бўлади. Сабаби генетикадан ташқари, ярим тайёр, шакарли маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш, камҳаракатлилик, маҳсулотларнинг агрессив маркетинги, турли дори-дармонлар таъсири, саломатлик ҳақидаги маълумотларни етарлича билмаслик каби сабаблар ҳам семизликка олиб келиши мумкин.

Қандай қилиб семизликка чалинмасликка ҳаракат қилиш мумкин?

— Супермаркет ва бозорларга рўйхат билан, тўқ қоринда бориш керак. Чунки оч қоринга кераксиз маҳсулотларни харид қилиш мумкин.

— 5 маҳал кам-камдан овқат ейилса, бу қондаги қанд миқдорини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради. Шу орқали очлик ҳиссини ҳам назоратда ушлаб туриш мумкин.

— Ортиқча вазнли инсонларга таомланаётганда кичкина қошиқда овқат истеъмол қилишлари тавсия этилади.

— Овқатни истеъмол қилиб бўлгач ҳам очлик ҳисси сезилса, дастурхон бошидан туриб кетиш керак. 15-20 дақиқадан кейин тўқлик ҳисси келади.

Мавзуга оид