Жаҳон | 19:56 / 08.06.2023
7047
2 дақиқада ўқилади

Россия Каховка ГЭСи вайрон бўлиши учун жавобгардир — Оқ уй 

Тўғон руслар назорати остида эди, деб эслатди Вашингтон. 

Фото: Maxar Technologies

Оқ уй Россияни Каховка ГЭС тўғонининг вайрон қилингани учун жавобгар деб билади. Чунки у айнан Россия кучлари назорати остида бўлган. Бу ҳақда Оқ уй спикери Карин Жан-Пьер маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ҳали ҳам содир бўлган воқеа ҳақида маълумот тўпламоқда, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам жавобгарлик Россия зиммасига юкланади, унинг қўшинлари, қоида тариқасида, Украина ҳудудида бўлмаслиги керак. 

«Бу тўғон Россия назорати остида эди ва улар бу уруш оқибатида юзага келган вайронагарчилик учун жавобгардир. Биз Украина халқини бу оғир дамда қўлимиздан келганича қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз», деди спикер. 

Жан-Пьер, агар Россия Украинага кенг кўламли босқин уюштирмаганида, бу фожиа ҳеч қачон содир бўлмасди, деб таъкидлади. 

Херсон областининг россияликлар томонидан аннексия қилинган қисмида жойлашган Каховка ГЭС тўғони 6 июнь куни вайрон бўлди. Оқибатда, ундан жуда катта ҳажмда сув оқиб чиқди. Ҳодиса йирик гуманитар фалокатни келтириб чиқарди. Днипро дарёсининг қуйи қисмида жойлашган кўплаб аҳоли пунктлари сув остида қолди. Қурбонлар ва жабрланганлар бўлди. 

Украина расмийлари Каховка ГЭС тўғонини россиялик ҳарбийлар портлатиб юборганини таъкидламоқда. Россия расмийлари эса украиналикларни тўғонга ракета зарбасини берганликда айбламоқда. 

Мавзуга оид