Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Евроҳудуд пандемиядан кейин биринчи марта рецессияга дуч келди
Евроҳудуд иқтисодиёти ўтган йилнинг тўртинчи чорагидаги худди шундай пасайишдан кейин январь-март ойларида 0,1 фоизга қисқарди. Россиянинг Украинадаги «махсус операцияси» туфайли энергия нархининг кўтарилиши фонида Европа коронавирус пандемиясидан кейинги биринчи турғунликка дуч келди.
Еврозона иқтисодиёти 2023 йилнинг биринчи чорагида 0,1 фоизга қисқарди. Бу ҳақда Bloomberg Евростатнинг янгиланган маълумотларига таяниб ёзмоқда. Европа иқтисодиёти кетма-кет иккинчи чоракда пасайди - ўтган йилнинг тўртинчи чорагида пасайиш 0,1 фоизни ташкил этганди. Агентлик қайд этишича, бу Европада коронавирус пандемиясидан кейинги биринчи ярим йиллик рецессия ҳисобланади.
Бу Россиянинг Украинадаги «ҳарбий махсус операцияси» ва Ғарб давлатлари томонидан Россияга қўйилган чекловлар туфайли қишда энергия нархининг кучли ўсиши фонида содир бўлди. Рецессия Европа Иттифоқи сиёсатчилари ва Европа Марказий банки (ЕМБ) расмийларига зарба бўлди, улар инфляция еврозона тарихидаги энг юқори даражага кўтарилган тақдирда ҳам рецессиянинг олдини олиш мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган, деб ёзади Bloomberg.
Евростат маълумотларига кўра, биринчи чоракда евроҳудуд ялпи ички маҳсулотининг пасайиши давлат харажатлари ва уй хўжаликлари харажатлари қисқариши билан боғлиқ. Захираларнинг камайиши ҳам салбий таъсир кўрсатди, савдонинг тикланиши эса Европа иқтисодиётини қўллаб-қувватлади, дея таъкидлайди агентлик.
Еврозонанинг 20 та давлатидан рецессия еттитасига таъсир кўрсатди. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулоти 2021 йил охиридан бери ўсмаган Германия, Литва, Малта, Нидерландия, Греция, Ирландия ва Эстония иқтисодлари пасайди.