Жаҳон | 08:54 / 10.06.2023
14581
2 дақиқада ўқилади

Грета Тунберг мактаб ўқувчиси сифатида сўнгги норозилик намойишида қатнашди

Fridays for Future ҳаракати ташаббускори жума кунлари норозилик намойишларини давом эттиришини билдирди, аммо техник жиҳатдан бу энди мактаб ўқувчисининг намойишлари бўлмайди.

Фото: Reuters

Швециялик экофаол Грета Тунберг 9 июн, жума куни атроф-муҳитни ҳимоя қилиш учун мактаб ўқувчиси сифатида сўнгги норозилик намойишини ўтказди.

"Мактаб ўқувчиси сифатидаги намойишларнинг 251-ҳафтаси. Бугун мен мактабни тугатмоқдаман, шу сабабли энди иқлим учун норозилик намойиши ўтказолмайман. Шунинг учун бу менинг мактабдаги охирги намойишим", - деб ёзди Тунберг Twitter саҳифасида.

Шу билан бирга, 20 ёшли фаол жума кунлари норозилик намойишларини давом эттиришига ишонтирди, гарчи техник жиҳатдан бу энди мактаб намойишлари бўлмайди. "Қўлимиздан келганини қилишдан бошқа иложимиз йўқ. Жанг эндигина бошланди", деди у.

2018 йил август ойида, Швециядаги парламент сайловларидан бир ҳафта олдин, Грета Тунберг Стокҳолмда иқлим бўйича биринчи акциясини ўтказди. 15 ёшли мактаб ўқувчиси сиёсатчиларни Ердаги ҳарорат Целсий бўйича бир ярим даражадан ортиқ кўтарилишига йўл қўймаслик учун шошилинч чоралар кўришга мажбурламоқчи бўлган. Тез орада Гретадан ўрнак олган дунё бўйлаб бошқа мактаб ўқувчилари ҳам жума кунлари мактабни ташлаб, иқлим бўйича намойиш ўтказишди.

Мавзуга оид