“Қимматга тушаётган” кўмир – навоийликлар тутун ичида яшамоқда
Сўнгги кунларда Навоий шаҳри ҳавосининг ифлослик даражаси ортиб кетган. Экологларга кўра, бунга шаҳар четидаги оҳак ишлаб чиқариш цехларининг кўмирга ўтказилгани сабаб бўлмоқда. Шу ҳолдаям ҳудуддаги йирик саноат корхоналари туфайли узоқ йиллардан буён тоза ҳаводан мосуво навоийликлар буниси ошиб тушганини таъкидлашяпти.
Навоий шаҳри ҳавоси доим “қизил чизиқ” устида турган. Бунга сабаб, ҳудудда йирик саноат корхоналари борлигидир. Яқин йилларгача “Навоийазот” АЖдан атмосферага чиқарилган зарарли моддалар миқдори анча баланд бўлган. Бироқ кейинги йилларда ушбу гигант корхона томонидан бунинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Минг афсуски, бугунга келиб ҳудудда атмосферага чиқинди чиқаришда йирик корхоналар ўрнини аста-секинлик билан кичик ишлаб чиқариш цехлари эгаллаб олмоқда.
Айниқса, сўнгги кунларда навоийликлар буни яққол сезишяпти: тутун ичида қолган шаҳарда нафас олиш оғирлашган. Бир неча кундирки шаҳар аҳолиси ижтимоий тармоқларда шаҳар ва унга туташ Кармана тумани ҳудудларида кўмир тутуни ҳамда ҳидидан нафас олиш қийин бўлаётгани, фарзандларида турли аллергик касалликлар аломатлари кузатилаётгани ҳақида ёзмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят Экология бошқармасига ҳам мурожаатлар кўпайиб кетган.
Кармана тумани марказида яшовчи Мадина Адизованинг таъкидлашича, шаҳар ҳавосининг тобора ифлосланиб бораётгани аҳоли норозилиги кучайишига сабаб бўляпти.
“Кармана туманининг Навоий шаҳрига туташ қисмида яшайман. Охирги йилларда глобал миқёсидаги экологик ўзгаришлар биз яшаётган ҳудудда ҳам яққол сезилиб турибди. Шаҳар атрофида қурилган қонуний-ноқонуний ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқарилаётган зарарли тутун аҳоли орасида норозиликнинг кучайишига, касалликлар ортишига сабаб бўляпти. Ўрта ёки катта ёшли фуқароларга сезилмаётгандир, лекин ёш болаларга таъсири кучли бўляпти. Ўзим ҳам бувиман, неварам бор, стоматит, дерматит касалликларидан бошимиз чиқаётгани йўқ. Аҳолининг беэътиборлигими, мутасаддиларнинг беэътиборлигими, Навоий шаҳри бугунги кунда яшаш сифати анча пасайган шаҳарлар сирасига кириб қолди. Тўғри, Навоий индустриал шаҳар, ишлаб чиқаришни ҳам тўхтатиб бўлмайди. Лекин аҳоли пунктлари ёнида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш қанчалик тўғри? Менимча тўғри эмас”, дейди Мадина Адизова.
Навоий шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Ўролой Турдиевага кўра, янги ташкил этилаётган кичик заводлардан чиқаётган заҳарли газлар шаҳар аҳолисини ташвишга солмоқда.
“Фарзандларим туғилиб, вояга етди, невараларим туғилди, бу шаҳарни ташлаб кетиш жуда ҳам қийин бизга. Лекин йиллар мобайнида яшаб келяпмиз-у, ҳар доим экология муаммоси бизни қийнаб келмоқда. Ҳудудимизда кўплаб саноат корхоналари жойлашган. Мана шу туфайли ўзи шундоқ ҳам чўл ҳудудида жойлашган Навоий шаҳрида бошқа ҳудудларга қараганда ҳаво ифлосланиши, одамлар қийинчиликлари мавжуд. Бу муаммони ҳамма билади: вилоят раҳбарлари ҳам, республикада ҳам. Боз устига энди шаҳарга яқин ҳудудларда ҳар хил кичик-кичик корхоналарнинг ташкил бўлаётгани ва бу заводлардан чиқаётган заҳарли газлар ҳам шаҳар аҳолисини жуда катта ташвишга солиб қўймоқда.
Қарнабнинг йўлида қурилган корхоналардан чиқяптими, билмадим, эрталаблари нафас олишга қийин бўлиб қоляпти. Қанақадир тутунга ўхшаган нарса қоплаяпти шаҳарни”.
Ҳар тонг Навоий шаҳри осмонида қопқоқ сингари туриб қолаётган тутунни бартараф этишга Экология бошқармасининг “кучи” етмаётган кўринади. Негаки, оҳакчилар тадбиркор, уларнинг айримлари вазиятни ўрганишга борган экологларга ҳатто дарвоза очмаётган экан.
Аслида Навоий вилояти Экология бошқармаси вилоят ҳокимига апрель ойи бошидаёқ ҳудудда жойлашган оҳак ва бошқа турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари кўмир ёқилғисидан фойдаланётгани, бунинг оқибатида ҳавога қурум, ҳар хил ифлослантирувчи ҳамда консерагин моддалар ажралиб чиқаётгани ҳақида маълум қилган. Бошқарма бошлиғи ўз хатида вилоят ҳокимидан қонунбузилишларининг олдини олиш учун тегишли ташкилотларга кўрсатма беришни сўраган. Лекин орадан 2 ой муддат ўтганига қарамай, вазият ўзгармаган.
Бошқарма хатида маълум қилинишича, 7 апрель куни тунда ишлаётган оҳак цехлари атрофида таҳлил намуналари олиб борилган. Жараёнда атмосфера ҳавосига ташланувчи ифлослантирувчи моддаларнинг барча концентрациялари белгиланган меъёр даражасидан бир неча баравар юқори эканлиги маълум бўлган.
Жумладан, ҳавога ташланаётган водород сулфид 14,318 мг/м³ (меъёр 0,008 мг/м³), формальдегид 6,9982 мг/м³ (меъёр 0,035 мг/м³), углерод оксиди 75,697 мг/м³ (меъёр 5 мг/м³), олтингугурт қўш оксиди 2,0158 мг/м³ (меъёр 0,5 мг/м³) экани аниқланган.
“Вилоятимизнинг Навоий шаҳар ҳамда Кармана тумани фуқаролари томонидан атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи модда ташланиши бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу мурожаатлар ўрганиб кўрилганида, айнан кўмир ёқилғисида ишловчи оҳак цехлари томонидан Навоий шаҳри ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташланиши аниқланган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда оҳак ишлаб чиқариш цехлари ўрганилганида, бу корхоналар тегишли ҳужжатларсиз ишлаётгани, яъни давлат экологик экспертиза хулосаси йўқлиги ёки чанг филтрлари ўрнатилмаган ҳолда фаолият юритаётгани маълум бўлди.
Навоий шаҳри атрофида 15 та оҳак ишлаб чиқариш цехи мавжуд. Бу корхоналардан атмосфера ҳавосига меъёрдан ортиқ углерод оксиди, азот оксиди чиқарилаётгани аниқланган. Бу моддалар инсон саломатлигига катта зарар етказади”, дейди Навоий вилояти Экология бошқармаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Толмасжон Қувонов.
Вилоят Экология бошқармаси томонидан шу йил 12 апрель куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Навоий вилояти бошқармаси бошлиғига ҳам ҳолат юзасидан хат берилган. Лекин натижа бўлмаган.
Шаҳар аҳолиси ижтимоий тармоқларда ҳолат юзасидан норози эканликларини билдиришмоқда. Масалан, Кармана туманининг шаҳарга туташ ҳудудида яшовчи фуқаро Шаҳноза Отақулова ҳавонинг ифлослигидан ҳатто уй деразаларини очиб қўйиш имконсиз бўлаётгани ҳақида ёзган:
“Кармана тумани Ўзбекистон маҳалласи ҳудуди ҳар куни соат 2:00лардан то 7-8ларгача шу даражада сасиб кетадики, чидаб бўлмайди: резинами, кўмирми ҳидидан деразаларни очиб бўлмай қолган. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига асосан аҳоли ўз саломатлиги ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай табиий муҳитда яшаш, ўз саломатлигини атроф муҳитнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш ҳуқуқига эга. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси табиатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат ташкилотларига бирлашиш, атроф табиий муҳитнинг аҳволи ҳамда уни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга доир ахборотларни талаб қилиш ва олиш ҳуқуқига эга. Юқоридагиларга асосан, маҳалламиз аҳолиси ифлосланмаган ҳаводан нафас олиши учун атмосферага заҳарли чиқиндилар чиқараётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан чора кўришида ёрдам беришингизни сўраймиз”.
Яна бир фуқаро Камол Йўлдошев эса турли касалликлар ортиб бораётганидан хавотирини билдирган.
“Навоийда ҳар хил касалликлар борган сари кўпайиб бормоқда. Ёш болаларнинг аллергик хасталикларга чалинаётгани, эндокринологик ва онкологик касалликларкўпайиб бораётгани аҳолини жуда қийнаб қўйди. Оиламиз билан бошқа шаҳарга кўчсакмикан, деган хаёлда юрибмиз”, дея изоҳ қолдирган у ижтимоий тармоқда.
Навоий шаҳри аҳолисининг эътирозларига сабаб бўлаётган мазкур ҳолат республика миқёсидаги масъуллар томонидан тезкор назоратга олиниши ва тегишли чоралар кўрилиши зарур. Оҳак цехларининг бу тарзда ишлашда давом этиши, ҳар тонгда шаҳар осмонини кўмир тутуни қоплаши ўзи шу туришда ҳам мавжуд экологик муаммоларга кўниб яшаётган навоийликлар учун адолатсизлик бўлади.
Руслан Сабуров, Kun.uz.
Монтаж устаси: Асрор Алмурадов.
Мавзуга оид
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
10:56 / 03.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосида рекорд даражада ифлосланиш қайд этилди
21:13 / 31.10.2024
Типратикан йўқолиб кетиш арафасидаги тур сифатида Қизил китобга киритилди
15:30 / 31.10.2024