Жаҳон | 14:45 / 11.06.2023
48259
7 дақиқада ўқилади

Украинанинг қарши ҳужуми бошланди. Ва ҳозирча жуда оғир кечмоқда

Фото: The Washington Post

Украина қуролли кучлари анчадан буён режалаштирилган ва анонс қилинган юришини 4-5 июн кунлари бошлади. Ҳозирча унинг шакли ва асосий зарба йўналиши қандай бўлиши аниқ эмас. Биринчи фазада ғарб мамлакатлари ёрдами билан ёзги кампания учун тайёрланган барча кучлар ҳам ҳаракатга келтирилмади. Кутилганига терс ўлароқ, Украина қўмондонлиги биринчи босқичда ўз кучларини тарқатиб жойлаштиришга қарор қилди: Украина қуролли кучлари Запорижжя области ва Донецк области ғарбининг ўзида бирданига учта оператив йўналишда ҳужум қилишга уринмоқда. Юриш бошланган фронтнинг энг ғарбий чеккаси, Днипро соҳилларидан энг шарқий чеккаси, Вуҳледар шаҳри атрофигача масофа 115 километрни ташкил этади. Агар бунга Украина қуролли кучлари Бахмут фронтининг қанотларида ҳам май ойида бошланган ҳужумларни давом эттираётгани қўшилса, қўмондонлик бешта оператив йўналишни танлагани маълум бўлади.

Кучлар айнан шундай ёйиб юборилгани тактик муаммоларга олиб келиши мумкин:

  • Украина қуролли кучлари ҳеч бир йўналишда Россия мудофаасига беш километрдан ошиқ масофада чуқур кириб бора олмаяпти;
  • ўнлаб техникалар, жумладан шу қарши ҳужум учун махсус етказиб берилган немисларнинг «Леопард» танклари ва Американинг «Брэдли» русумли жанговар пиёдалар машиналари йўқотилган.

Юриш муваффақиятли чиқиши учун Украина тактик муаммоларни ҳам (РФ қуролли кучларининг олдинги позициялари қаршисидаги кулранг ҳудуддан катта йўқотишларсиз ўта олмаслик муаммоси), оператив муаммоларни ҳам ҳал қилиши — Россия мудофаасидаги нисбатан заиф жойни танлаб, шу йўналишга катта куч тўплаган ҳолда зарба бериши керак бўлади.

Донецк области ғарби. Велика Новосилкадаги бўртиқ

Россия қўшинлари 2022 йилдаги жанглар вақтида Запорижжя ва Донецк областлари чегарасидаги Велика Новосилка шаҳри чеккасига етиб борувчи бўртиқни ҳосил қилишганди. Шаҳарни эгаллаб олишнинг имкони бўлмаганди, шундан сўнг унинг атрофида позицион жанглар бошланган.

Эндиликда Украина қуролли кучлари ғарбдан (Сторожевега) ва шарқдан (Новодонецкка) зарбалар бериш орқали бу бўртиқни кесиб ташлашга қарор қилган. Бу ҳужумда Украина қуролли кучларининг камида иккита янги бригадаси иштирок этмоқда. Муваффақиятга эришилган тақдирда, истиқболда Мариуполга ва Таганрог томондан (Ростов области) келувчи таъминотни тўсиб қўйиш учун юриш қилишга йўл очилади. Аммо ҳозирча украин бўлинмалари қийинчиликларга дуч келишмоқда.

  • Қарши ҳужум учун ташкил этилган янги, 37-денгиз пиёдалари бригадаси Новодонецкни эгаллашга муваффақ бўлди, аммо бу ерда (ва фронт чизиғидан ўтишда) у катта йўқотишларга учраб, чекинишга мажбур бўлди (Украина қуролли кучлари қишлоқни бутунлай тарк этгани визуал манбалар билан тасдиқланмаган). Қишлоқ ҳудудида французлар томонидан ишлаб чиқарилган иккита АМХ-10 русумли ғилдиракли енгил танклар қолдириб кетилган. Бригада ҳарбий хизматчилари йўллаган видеомурожаатда қўмондонликка разведка ва режалаштирув йўқлигидан шикоят қилинади: гўёки уларга Новодонецкда Россия қўшинлари йўқлигини айтишган.
  • Украина қуролли кучларининг бошқа гуруҳи бўртиққа ғарб томондан ҳужум қилган. Ҳужумдан олдин РФ қуролли кучларининг олдинги ва орқа чизиқларига кучли артиллерия зарбалари йўлланган. Видеоларга кўра, украин қўшини миналанган майдонлар ва артиллерия зарбалари туфайли қатор техникаларидан айрилган бўлса-да, Сторожеве томон уч ярим километр олдинга силжиб, россияликларнинг бир қанча позицияларини эгаллаган. Ва бу ҳозирча Украина қуролли кучларининг бу йўналишдаги энг жиддий ютуғи бўлиб қолмоқда.

Орихив йўналиши

Юришда украинларнинг «Леопард» танклари ва «Брэдли» машиналари билан қуролланган бригадалари иштирок этди (Пентагоннинг баҳорда сиздирилган ҳужжатларига кўра, бу янги шакллантирилган 33-механизациялашган бригадаси ва 47-механизациялашган бригадаси; аммо ўтган икки ой ичида техникалар бирлашмаларга қайтадан тақсимланган бўлиши мумкин).

Биринчи ҳужум йирик муваффақиятсизлик билан якунлангандек кўринмоқда. Қўшин россияликлар позициясига етиб келмасданоқ, оралиқ зонада йўқотишларга учрай бошлайди. Техникалар миналанган майдонга тушиб қолган, шунингдек уларга Россия артиллерияси, ердан танкка қарши ракеталар ва ҳаводан вертолётлар билан ҳужум қилинган.

Бир неча ҳужум давомида ўнлаб зирҳли машиналар бой берилган, жумладан бир неча «Леопард» танклари ва «Брэдли» машиналари зарбага учраган. Ўз навбатида, РФ қуролли кучлари мудофааси ичкарисига чуқур кириб бориш кузатилмаган (ёки видеолар билан тасдиқланмаган).

Запорижжя области ғарби

Украина қуролли кучлари бўлинмалари Днипро чап соҳилидан тахминан 10 километр шарқда ва Запорижжя шаҳридан 35 километр жанубда жойлашган Лобковое қишлоғига ҳужум қилди. Назарий жиҳатдан, Днипро бўйлаб жанубга бериладиган зарба йирик операциядаги асосийси бўлиши мумкин: бундай юришнинг нишони катта эҳтимол билан Запорижжя АЭС ва истиқболда Қрим бўйни бўлади. Украина қуролли кучларининг илғор бўлинмалари қулай позицияга эга бўлади — уларнинг ўнг қаноти доимо Днипро дарёси билан ҳимояланади, дарё ортида Украина артиллерияси позициялари жойлашади. Украина қуролли кучлари Днипро ёқасидаги фронт чизиғи бўйлаб ҳужум қилиш орқали, амалда Россия қўшинларини дарёдан узоқлаштиради.

Аммо айнан шу йўналишда нисбатан камроқ кучлар билан зарба берилган. Украин ҳарбийлари Лобковоега киришган (бунинг видео тасдиғи бор), аммо фронт чизиғига етмай туриб, Россия артиллерияси зарбалари туфайли бир неча техникани бой беришган. Россия манбалари РФ қуролли кучлари қишлоқни яна қайтариб олганини айтишган, аммо бунга далил келтирилмаган.

Украина қуролли кучларининг тактик муаммолари бутун операцияга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида айтишга ҳали эрта. Катта эҳтимол билан, украин армияси аввалига украин қўшинларининг миналанган майдонлар орқали ҳаракатланишига халал бераётган ва уларга катта зарар етказаётган Россия артиллериясини бостиришга асосий эътиборни қаратиши талаб этилади. Бунинг учун Украина қуролли кучлари ўз артиллериясини фронт чизиғини ёриб ўтиш режалаштирилган нуқтада кўпроқ жамлаши керак бўлади.

Ҳозирча кучлар мувозанатида туб ўзгаришлар йўқ. Украина захирасида ҳамон катта кучлар сақлаб турилибди: янги бригадаларнинг аксар қисми ҳали жанг майдонида пайдо бўлмади. Шу билан бирга, Россия қўшинлари ҳам катта йўқотишларга учрамоқда ва буни Россиядаги манбалар ҳам тан олмоқда.

Мавзуга оид