Жаҳон | 11:03 / 12.06.2023
5501
2 дақиқада ўқилади

Руминия Кениядаги элчисини африкаликлар ҳақидаги гапи учун чақириб оляпти

Руминия ҳукумати Кениядаги элчисининг африкаликлар ҳақидаги баёноти учун узр сўради ва дипломатни чақириб олиш жараёнини бошлаганини маълум қилди.

Найробидаги БМТ конференция зали. Фото: SCANPIX / EPA / DANIEL IRUNGU

Руминия Кениядаги элчиси Драгош Тигауни чақириб олаётганини эълон қилди ва дипломат ирқчилик кайфиятидаги гаплари учун айбланганидан кейин узр сўради. 26 апрел куни Найробидаги БМТ биносида бўлиб ўтган йиғилиш чоғида Тигау деразадан ташқарида маймунни кўриб: “Африкалик гуруҳ бизга қўшилди”, деб айтди, дея ёзади AFP ахборот агентлиги.

Ҳодиса ҳақида Кения Ташқи ишлар вазирлиги вакили Камау Мачариа маълум қилди. 8 июн куни у Руминия элчисининг баёнотидан ҳайратда экани ва ғазаблангани тўғрисида Twitter'да ёзди. Кения Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, Тигаунинг хатти-ҳаракатларини яширишга уринишган.

Руминия расмийлари воқеага фақат 10 июн, шанба куни муносабат билдиришди ва бу ҳақда яқинда хабар топилганини айтишди. “Биз бу вазиятдан чуқур афсусдамиз ва жабрланганларнинг барчасидан узр сўраймиз”, — дейилади Руминия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Улар ирқчилик характеридаги ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ёки изоҳлар "мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас"лигини таъкидлади. ТИВ қўшимча қилишича, воқеадан сўнг Тигау узр сўраган, жумладан ёзма равишда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид