Фан-техника | 22:52 / 15.06.2023
78828
3 дақиқада ўқилади

АҚШ дунёдаги биринчи космик заводни ишга туширди

У Ер орбитасида ўта ноёб ва қиммат дори-дармонларни ишлаб чиқаради. 

Фото: Varda

Калифорниянинг Varda стартапи дунёдаги биринчи космик фармацевтика заводининг муваффақиятли ишга туширилганини эълон қилди. Унинг ўлчами йога тўпидек (75 см) бўлиб, ҳозир Ер юзасидан 1 минг км баландликда учмоқда. Парвоз 12 июнь куни Falcon 9 ракетасида амалга оширилган. 

Ҳафта давомида мини-завод функционаллигини текшириш учун синовдан ўтказилади. Агар ҳаммаси режадагидек бўлса, машина 1960 йиллардан бери қўлланилаётган ОИВ/ОИТС касаллигига қарши ритонавир дориси билан тажриба ўтказишни бошлайди. Мини-завод синов намуналарини ишлаб чиқаради ва фазода ўстирилган кристаллар таркибини таҳлил қилади. 

Varda фикрига кўра, микрогравитация шароитида Ерда имконсиз бўлган кристалланишга эришиш ва ҳатто унинг янги турларни яратиш мумкин. Бу дори воситаларининг биологик имкониятларини яхшилайди, сақлаш муддатини оширади, шунингдек, янги дори воситалари ва қўллаш усулларини ишлаб чиқади. 

Бундай дориларга мисол қилиб Блинатумомаб (Blincyto номи билан сотувга чиққан) келтирилмоқда. Бу ўткир лимфобластик лейкемияни даволаш учун мўлжалланган препарат бўлиб, 1 килограмми 114,3 миллиард доллар туради. Бундан ташқари, мРНК-ванцин мисоли ҳам ўринли. Pfizer томонидан коронавирус вакцинаси ишлаб чиқариш учун тахминан 7,6 литр мРНК керак бўлди. Унинг қиймати 75 миллиард долларга тенг эди. 

Шунинг учун коинотдаги лабораториялар янги дори воситаларини ишлаб чиқиш ва мавжуд бўлган баъзиларини ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш учун қизиқиш уйғотади. Космик юк ташиш арзонлашиб бораётганлиги сабабли (асосан хусусий космик компаниялар туфайли), Varda орбитал заводи узоқ вақт давомида ягона бўлиб қолиши даргумон. 

Биринчи Varda лабораторияси орбитада августгача қолади, кейин пасаяди. Атмосферанинг қуйи қисмида у парашютларини очиб, Юта (АҚШ) шаҳридаги полигонга юмшоқ қўнишни амалга оширади. Олимларнинг фикрича, қўниш жараёни ускуна ва дори воситаларига зарар етказмайди. Агар биринчи уриниш муваффақиятли бўлса, Varda йил охиригача иккинчи сунъий йўлдошни учиради ва келажакда дори билан материалларни ракеталарда етказиб беришни ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид