Гипертовушли ракета яратган 4-давлат. Эроннинг геосиёсий ўрни ҳақида суҳбат
Ўтган ҳафта Эрон ўзининг гипертовушли ракетасини синовдан ўтказди ва бундай қуролга эга бўлган тўртинчи давлатга айланди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури навбатдаги мавзуси – Эрон Ислом Республикаси ва унинг глобал сиёсатдаги ўрни.
Мавзу бўйича суҳбатдошларимиз – шарқшунослар Суҳроб Бўронов ва Ҳабибулло Азимов.
— Нега Эрон Ислом инкилобидан буён мазҳабга асосланган ташқи сиёсат олиб бормоқда? Бунинг тарихий ва сиёсий сабаблари қандай?
Ҳабибулло Азимов: Эрон ҳақида тўхталадиган бўлсак, аввало, “Эрон ҳудудларида аҳоли қачон Ислом динини қабул қилди?” деган саволга жавоб бериш керак. Ислом дини 650 йилларда Эрон ҳудудига етиб борган; 642 йилда араблар ва Эрон сосонийлари ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтади ва унда араблар ғалаба қозонади, шундан кейин, Эрон исломни қабул қилади. 1979 йилда юз берган Ислом инқилоби Эроннинг шиа мазҳабига таяниб сиёсат юритишига сабаб бўлади.
Ҳозирда Эрон Сурия, Ливан, Яман ва Ироқ каби мамлакатлардаги кўп сонли шиалар ҳамда уларнинг партияларини қўллаб-қувватлайди, бу эса ўз навбатида унга мазкур ҳудудларда геосиёсий таъсини кучайтиришга ёрдам беради.
Суҳроб Бўронов: 1979 йилги инқилобдан кейин, Эрон ўзининг ташқи сиёсатини иккита фазага ажратиб олди, улардан бири – ислом давлатларига ислом инқилобини экспорт қилиш ғоясини илгари сурган эди, у бунда турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватлаш сиёсатидан фойдаланди, бироқ бу араб давлатларида амалга ошмади.
Шундан кейин Эрон ўз атрофидаги шиа мазҳабига мансуб сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватлаш сиёсатига ўтди ва у буни маълум бир концепциялар, “Шиа ҳилоли” концепцияси айнан шулар жумласидан, орқали амалга оширди. Концепция кўрфазда яшовчи шиа мазҳабидаги одамларни Эрон манфаатлари доирасида ҳимоя қилиш сиёсатини кўзда тутган.
— Шунча вақт ўтса ҳамки, Эрон қандай қилиб санкцияларга қарши кураша оляпти?
Суҳроб Бўронов: Эроннинг санкцияларга қарши тура олишида энг катта факторлардан бири – бу унинг географик ва стратегик жойлашувидир. Харитага қарасак, Эрон Кавказ, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё каби стратегик аҳамиятга эга ҳудудларга чегарадош ҳисобланади ва айнан шу минтақаларда Эрон ўз сўзига эга давлатдир.
Иккинчи фактор иқтисодий масала билан боғлиқ, яъни Эрон бой энергетик ресурсларга эга, газ ва нефт захиралари бўйича юқори ўринларда туради.
Учинчи омил эса ташқи ёрдам фактори, Эрон Россия каби катта қудратга эга мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Масалан, Россия билан ҳарбий соҳада, Хитой билан савдо соҳасида ҳамкорлик қилади. Шунингдек, БАА ҳам Эроннинг иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.
Ҳабибулло Азимов: Кўрфаздаги араб давлатлари ва Эрон муносабатларига қарайдиган бўлсак, уларнинг инқилобдан кейинги қарама-қаршиликлари асосан ҳудуд масаласида бўлган. Эронга нисбатан қўлланган санкцияларга келсак, ислом инқилобидан кейин, “Маҳдий аскарлари” АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасини эгаллаб олади, у ердаги дипломатларни озод қилиш борасидаги музокаралар 444 кун давом этади ва бу даврда АҚШнинг ўша даврдаги президенти Жимми Картер Эронга илк санкцияларни қўллашни бошлайди. Эронда саноат техникларининг етишмаслиги, авиация компаниялари ҳали ҳам эски самолётлардан фойдаланиши ва бошқалар Эронга мазкур иқтисодий санкцияларни енгиб ўтиш осон бўлмаётганини кўрсатади.
— Баъзи манбалар Эрон уранни бойитишни 90 фоизга етказди дейишса, баъзилар Эронда аллақачон ядро қуроли бор дейишади. Шунингдек яқинда Эрон гипертовушли қуролни ҳам синовдан õтказди. Эроннинг ҳарбий қудратини қандай баҳолайсиз?
Суҳроб Бўронов: Эроннинг бугунги кундаги ҳарбий салоҳиятини ўз минтақасидаги энг яхши деб баҳолашимиз мумкин. Эрон ҳарбий қудратининг шаклланиши ҳарбий доктринасининг қабул қилиниши билан боғлиқ. Унда дўст ва душман мамлакатлар тушунчалари мавжуд ва душман давлатлар сирасига АҚШ ва Исроил киритилган. Шунинг учун ҳам АҚШ Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига тўсқинлик қилмоқда, чунки уларда Эрон ядро қуролига эга бўлса, уни Исроилга қарши қўллайди, деган фикр бор.
Эронннинг диний раҳнамоси: “Биз ядровий қуролга эга бўлишни истаганимизда, унга аллақачон эришган бўлардик, бироқ бу ислом таълимотларига зид”, деб баёнот берган, бироқ улар барибир ўзларининг ядровий дастурини ривожлантириб келяпти.
Бундан ташқари, Эрон ҳарбий салоҳияти ҳақида гапирилганда, Эрон ислом инқилоби посбонларини ҳам эътироф этиш керак, албатта. Улар давлатнинг ички ва ташқи операцияларини ўтказишда асосий роль ўйнайдиган тузилмадир. Шунингдек, бу тузилма Эроннинг нефть-газ қувурларини назорат қилиш, жанговар операциялар ўтказиш ва минтақадаги шиаларни ҳимоя қилиш билан шуғулланади.
Ҳабибулло Азимов: Эроннинг ядровий дастури 1979 йилдан кейин пайдо бўлган эмас. Ризо Паҳлавий даврида, яъни 1960 йилларда АҚШ кўмагида тинч мақсадда ядровий дастурлар устида иш олиб борилган. 1971 йилда АҚШ ва Германия ёрдами билан мамлакатда илк АЭС қурилиши бошланган. Бироқ инқилобдан кейин, Ғарб дунёси Эрондаги режимни нафақат минтақавий, балки глобал хавф сифатида баҳолади. 2011 йилга келибгина Эрон Россиянинг кўмаги билан илк бор қиймати 1 млрд долларга тенг АЭСга эга бўлди.
Суҳроб Бўронов: Эроннинг нуфузини ушлаб турган бир қанча факторлар бор. Булардан бири – унинг АҚШ ва Исроилга қарши кураши, ҳаттоки улар доим “Америкага ўлим” шиорига амал қилиб ҳам келишган, бироқ ҳозирда бу нарса Эроннинг ички ва ташқи оламида ўз аҳамиятини қисман йўқотгандек. Шунинг учун Эронни бирлаштириб турган энг катта омил бу шиа омили дейиш мумкин.
Ҳабибулло Азимов: 2007 йилда ЕИ Эрондаги ядровий тадқилотларнинг ҳолатини ўрганиш учун мамлакатга комиссия юборади. Комиссия аъзоларидан бири Эроннинг технологиялари ядро қуролини ярата олмаслиги тўғрисида хулоса берган ва у билан тинчлик йўлида ҳамкорлик қилиш тавсиясини берган.
— Яқинда Ҳиндистонда ШҲТ саммити бшлиб ўтади ва унда Эрон тўлақонли аъзо сифатида иштирок этади. Эроннинг ШҲТга қўшилишидан ташкилот қандай манфаат топиши мумкин ва аксинча қандай муаммолар пайдо бўлиши мумкин?
Суҳроб Бўронов: Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиши ташкилотнинг нуфузига ижобий таъсир қилади. Масалан, Эрон ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлаганидан кейин Саудия, Қатар ва Миср каби давлатлар ташкилотнинг мулоқот бўйича шериги мақомига эга бўлишди, Қувайт ва Баҳрайн эса мулоқот бўйича шерик мақомига эга бўлиш процедурасини бошлади.
Бундан ташқари, 4 та ядровий қуролга эга ташкилотга ядровий дастурга эга яна бир давлатнинг қўшилиши унинг дунёдаги ҳарбий обрўсини оширади. Ташкилот Афғонистонда терроризм ва наркотикка қарши кураш масаласида Эрон тажрибасиддан фойдаланиши мумкин.
Айрим мутахассислар бунинг салбий томонлари ҳам борлигини айтган, яъни Ғарб томонидан эълон қилинган санкциялар туфайли ташкилотга ҳам чекловлар жорий қилиниши мумкин. Шунингдек, Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиши қарорлар қабул қилиш жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
— Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё ташқи сиёсатида Эроннинг ўрни қандай?
Суҳроб Бўронов: Эроннинг ташқи сиёсатида “Катта Эрон” консепсия бор ва бу Марказий Осиёни ҳам қамраб олади, айниқса, Тожикистон тил ва мазҳаб нуқтайи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Эроннинг Марказий Осиёга дастлабки таъсири асосан диний омиллар билан боғлиқ бўлди. Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида икки томонлама муносабатлар анча совуқлашиб қолди. Шу сабабли маълум муддат давомида Тожикистон Эроннинг ШҲТга аъзо бўлишига қарши бўлган. Бироқ Эрон кейинчалик ташқи сиёсат борасидаги қарашларини ўзгартирди ва ҳозир кўпроқ геоиқтисодий масалаларга эътибор беряпти, ҳар икки томонга манфаатли бўлган таклифларни илгари суряпти.
Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларида Эрон орқали денгиз йўлларига чиқиш мақсади мавжуд. Бу айниқса, Ўзбекистон учун муҳим, чунки Ўзбекистон икки томонлама денгизга чиқиши чекланган давлат ва Эроннинг Чобаҳор бандаргоҳига чиқишни истайди. Агар Ўзбекистон бу бандаргоҳга чиқа олса, маҳсулотларни денгизга олиб чиқиш ва бир қатор лойиҳаларда қатнашиш имкониятлари кенгаяди.
Ҳабибулло Азимов: Шу ўринда Эрон Ўзбекистон муносабатларига алоҳида тўхталиш жоиз. 1992 йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ўша йили Тошкентда Эрон, 1995 йилда эса Теҳронда Ўзбекистон элчихоналари очилади.
Шундан кейин, бир нечта давлат ташрифлари ҳам амалга оширилади. Жумладан, 1992 йилда ва 2000 йиларнинг бошларида Ислом Каримов Теҳронга давлат ташрифи билан боради, шунингдек, 2002 йилда Эроннинг ўша пайтдаги президенти Ҳотамий Тошкентга келади. Эрон-Ўзбекистон муносабатлари асосан иқтисодий, фан, техника ва маданият соҳаларига қаратилган. Эроннинг жуғрофий жойлашуви биз учун жуда аҳамиятли ва бизнинг денгизга чиқишимиз учун асосий йўл Эрон орқали ўтиши икки давлат алоқаларининг муҳимлик даражасини оширади.
- Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилинг.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:15 / 06.11.2024
Эрон: Агар Исроил сулҳга рози бўлса, Теҳроннинг жавоби ўзгариши мумкин
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
19:40 / 05.11.2024
Эрон иккита сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
08:50 / 05.11.2024