Жаҳон | 13:50 / 19.06.2023
38240
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украинанинг қарши ҳужуми билан нима бўлмоқда?

Украинанинг қарши ҳужуми секин кечмоқда. Бу эса икки саволни туғдиради: 1) бу режанинг бир қисмими? 2) Украина қуролли кучлари яқин вақтлар ичида ҳақиқатан ҳам кучли зарба беришни режалаштирганми?

Фото: CEPA

Украинанинг мамлакат жанубидаги юриши жуда суст ривожланмоқда. Икки йўналишдаги (учтадан) дастлабки муваффақиятларидан кейин Украина қуролли кучлари ҳали ҳам Россия мудофаасининг асосий чизиғига етиб кела олмади. Учинчи йўналишда эса (Орихив шаҳридан жануби-ғарбда) Украина кучлари умуман ҳеч қандай ютуққа эриша олмади. 

Бу украин қўшинлари Россия мудофаасининг ўзига хос хусусиятларига мослашаётгани билан боғлиқ. Украина қуролли кучлари дастлаб ўтказишни режалаштирган манёврлар ўрнига мамлакат жанубида ҳам бошқа йўналишлардаги каби режимга ўтди: камикадзе дронлар ва узоқ масофали артиллерия билан Россиянинг ичкаридаги позицияларига кўп сонли зарбалар йўллаш, кичик отрядлар билан РФ қуролли кучларининг ўрмонзорларидаги позицияларини штурм қилиш. Бундай уруш олиб бориш катта ютуқлар ва катта ҳудудларни озод этишни ваъда қилмайди, аммо бу орқали катта муваффақиятсизликлардан қочилади. Яхши разведка ва бошқарувчисиз авиациядаги устунлик (ва узоқ масофага зарба берувчи артиллерия аниқлиги) эвазига Украина қуролли кучлари техникадаги йўқотишларни мувозанатлаштириши мумкин.

Шу билан бирга, Украина қўмондонлиги ҳали ҳам юриш учун йиғилган асосий кучларини жангга ташламади. Ҳужумларда Украина ёзги кампания учун тузган ҳамда ғарб техникалари билан қуроллантирилган 20 бригададан фақат тўрттаси қатнашмоқда. Юришда шунингдек тўрт-бешта «эски» бригадалар (жумладан, ҳудудий мудофаа қисмлари), экси ва «янги» артиллерия бригадалари ва дронлар операторларининг кучайтирилган гуруҳлари ҳам иштирок этмоқда.

Икки савол ўртага чиқади:

  • Ҳужумнинг бундай ривожланиши Украинанинг дастлабки режасидан қанчалик фарқ қилади?
  • Украина қуролли кучлари яқин кунлар ёки ҳафталарда юзлаб танклар ва бошқа зирҳли техникалар билан қуролланган бригадалар билан асосий зарбани беришни режа қилганми?

Украинанинг ҳужум режаси, табиийки, номаълум. Фақат айтиш мумкинки, реаллик Ғарбдаги кўплаб экспертлар ва истеъфодаги ҳарбийларнинг кутилмаларидан жиддий фарқ қилмоқда. Масалан, Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Дэвид Петреус 3 июн куни — юриш бошланиши арафасида — Украина қуролли кучлари асосий зарбани дарҳол беришини башорат қилган, унга кўра дастлабки 72–96 соатликда максимал кучлар билан ҳаракатланиб, Россия мудофааси ёриб ўтилиши керак эди.

Прогнозлар ва реаллик ўртасидаги фарқни икки йўл билан  тушунтириш мумкин.

  • Биринчиси — Ғарбда кенг тарқалган версия — Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ҳужумни аста-секинлик билан бошлашга қарор қилди, шу орқали асосий зарбага тайёргарлик кўрилади ва бу зарба кейинроқ учта йўналишдан бирида ёки бошқа қаердадир берилади (бу назария бўйича вариантларни бу ерда, бу ерда ва бу ерда ўқиш ёки тинглаш мумкин). Бу вариантга кўра яқин вақтлар ичида фронтнинг қайсидир участкасида юзлаб танкларга эга етти-саккиз бригаданинг ёппасига ҳужумга ўтишини кутиш керак.
  • Иккинчиси: Украина қуролли кучлари юришнинг биринчи босқичида қўйилган мақсадларга эриша олмади (нисбатан кичик кучлар билан Россия мудофаасини ёриб ўтишга), шунинг учун иккинчи босқич бошланиши кечикади — жангга захира кучларни олиб келинади. Бу ҳолатда Украина қуролли кучлари қайта гуруҳланиши ва янги режа ишлаб чиқилиши керак бўлади, шунингдек, россияликларнинг фронт ортидаги нишонларни қўшимча разведка қилиш, Россия артиллериясини бостириш, миналанган майдонларни портлатиш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилиш ва зарбдор дронлар гуруҳини йўқ қилиш бўйича узоқ иш олиб боришга тўғри келади. Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги мудофаани ёриб ўтиш учун дарҳол йирик кучларни ташлаш керак бўлади деган хулосага келган, бу кучлар (агар шундай режа бўлган бўлса) мудофаа чизиғи ёриб ўтилганидан кейинги манёврлар учун мўлжалланганди.

Ҳозирча ҳарбий ҳаракатлар, бир ҳафта олдин бўлгани каби, ўша ҳудудларда катта шиддат билан давом этмоқда.

Велика Новосилка ҳудуди

  • Украина қуролли кучлари Велика Новосилкадан жанубда, Мокрие Яли дарёси водийсидаги қишлоқларни озод этгач (РФ мудофаа вазирлиги бу ҳудудни «Времевка бўртиғи» деб атайди), шунингдек унинг атрофидаги тепаликларни эгаллагач, юриш секинлашиб қолди. Украина қуролли кучлари шу водийдаги кейинги қишлоқларга ҳужум уюштирди — биринчи навбатда, шарқий соҳилдаги Урожайнега. Россияликлар тарқатган видеоларга кўра, ҳужумлар қайтарилган (дрон орқали Урожайне чеккасида олинган видеода украинларнинг зарбага учраган ва ташлаб кетилган зирҳли машиналари кўринади). 
  • Украина қуролли кучлари ҳудудда камикадзе дронлар операторларининг бир неча кучли отрядларини, шунингдек артиллерия қисмларини жамлаган. Улар россияликларнинг ички ҳудудига ҳужумлар уюштириб, ўнлаб нишонларга (асосан артиллерия қуроллари) зарбалар беришган. Юришни давом эттириш учун биринчи навбатда рақиб артиллериясини бостириш талаб этилади. РФ қуролли кучлари ҳам камикадзе дронлар ва артиллерия зарбалари билан жавоб қайтармоқда.
  • Россия қўмондонлиги украинларнинг қарши ҳужуми бошланганидан буён илк марта фронтга қўшимча кучлар ташлади — айнан Велика Новосилка жанубидаги участкага.
  • Жанглар ҳамон Россиянинг асосий мудофаа линиясидан 10 километр масофада олиб борилмоқда. Бу чизиқни ёриб ўтиш (ва ҳатто унгача етиб келиш) ҳозирча Украина қуролли кучлари учун мушкул ва узоқ муддатли вазифа.

Орихив йўналиши

Россия мудофаа вазирлиги украинлар ўз қарши ҳужуми давомида катта миқдордаги ҳарбий техникаларидан айрилганини маълум қилган. Айрим баҳоларга кўра, бу юриш учун тайёрланган техникаларнинг 10 фоизини ташкил этади.
  • Июн ойи бошида Украина қуролли кучлари 47-механизациялашган бригадасининг Leopard танклари ва Bradley зирҳли машиналаридан иборат икки колонна фронт томон ҳаракатланишда миналанган майдонга тушиб қолиб, катта йўқотишларга учраганидан кейин, украинларнинг бу ҳудуддаги юришлари тўхтаб қолди. Украина қуролли кучлари техникаларнинг бир қисмини эвакуация қилишга муваффақ бўлди, қолгани РФ қуролли кучлари томонидан ўлжа қилиб олинди. Рақиблар камикадзе дронлар ва артиллерия орқали фронт ортига ва олдинги позицияларга зарбалар беришга киришган (ҳеч қандай олдинга силжишлар кўзга ташланмаяпти).
  • РФ қуролли кучлари 17 июн куни танклар ва зирҳли машиналарнинг яна бир кичик колоннасини аниқлаган ва унга камикадзе дронлар билан (шу жумладан Leopard танкига) ҳужум уюштирган. Ҳужум натижаси номаълум.

Лобкове ва Пятихатки

  • Запорижжя шаҳридан жанубда (ва Орихивдан 30 километр ғарбда) катта бўлмаган кучлар билан (артиллерия ва дронлар операторлари отрядлари билан қўллаб-қувватланаётган битта тоғ ўқчилари бригадаси) россияликларнинг Лугове ва Пятихатки қишлоқлари орқали ўтувчи мудофаа чизиғига юриш қилиш давом эттирилмоқда. Бу юришдан мақсад Днипро дарёси бўйида, Василивка шаҳрида мудофааланаётган Россия қисмлари қанотига чиқиш. Бундан ташқари, бу ҳудудда мудофаа чизиғи ёриб ўтилиши орқали украин қўшинлари Орихивдан Токмак ва Мелитопол томонга юриш қилишга ҳаракат қилаётган гуруҳ билан биргаликда ҳаракатланиши мумкин бўлади.
  • Қарши ҳужумнинг илк кунларида бу йўналишдаги Лобкове қишлоғи озод этилгач, Лугове ва Пятихаткини эгаллаш учун қатор уринишлар амалга оширилганди: лекин бу ерда ҳам миналанган майдонлар, россияликларнинг дронлари ҳужумлари ва Пятихаткида жойлаштирилган танклардан ўт очилиши халақит қилаётганди. 17 июн куни Россиядаги манбалар Украина қуролли кучлари Пятихаткига киришга муваффақ бўлгани, аммо кейин ортга чекинтирилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. 18 июн куни эса украинлар бригадаси барибир Пятихатки қишлоғини озод этгани маълум бўлди – Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр сўнгги икки ҳафта ичида украиналик ҳарбийлар жанубга етти километр илгарилаб, 113 квадрат километр ҳудудни қайтариб олганини айтди: Новодаривка, Левадне, Сторожеве, Макаривка, Блаҳодатне, Лобкове, Нескучне ва Пятихатки.
Хаританинг юқори қисмида сиёҳрангда украинлар қарши ҳужум давомида озод этган ҳудуд кўрсатилган

 

Мавзуга оид