Ўзбекистон | 17:56 / 19.06.2023
20554
4 дақиқада ўқилади

Қабул-2023: квоталар тасдиқланган, лекин ҳали тўлиқ эмас

Қабул бошланишига 3 кун қолганда ОТМларнинг бакалавриат ва магистратурасига грант асосида қабул параметрлари тасдиқланди. Лекин контракт квоталари ва умумий квотанинг тиллар кесимида тақсимоти ҳамда мақсадли қабул квоталарини тасдиқлаш ҳали кутиб турибди. Қабул эса эртадан бошланиши керак.

Фото: Kun.uz

2023/2024 йилги қабулда бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 34 860 нафар талаба давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Таққослаш учун, ўтган йили грант квоталар сони 31 748 та бўлганди.

Магистрлар тайёрлаш бўйича эса 8 923 та грант ўрин ажратилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 8852 тани ташкил этган.

Ҳали нималар тасдиқланмади?

Умумий грант квоталар доирасида мақсадли қабул квоталарини туман (шаҳар) кесимида ҳамда таълим тиллари бўйича тақсимотини Давлат қабул комиссияси 20 июнгача тасдиқлаши керак.

Давлат олийгоҳларига тўлов-контракт асосидаги квоталар ҳам 20 июнгача тасдиқланиши керак.

Тўлов-контракт квоталарини тизимида ОТМлар бўлган вазирлик ва идоралар Иқтисодиёт ва Олий таълим вазирликлари билан келишган ҳолда, молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМлар эса Кузатув кенгашлари қарори асосида тасдиқлайди.

Лекин бугун, 19 июн ҳам тугаяпти, ҳали квоталар тўлиқ эълон қилинмади.

Фақат тахминий бир нарса аниқ: грант ўринлари 60 минг, умумий қабул квотаси 381 минг бўлиши кутиляпти.

Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, президент фармойиши билан фақат умумий грант квотаси эълон қилинган. Имтиёзли грант ўринлари қўшиб ҳисобланса, жами грант ўринлари 60 мингтани ташкил қилади.

Булар:

·       Ногиронлиги бўлган шахслар учун умумий қабулдан 2% ли квота (тахминан 5 мингга яқин грант);

·       Ҳарбий тавсияномалилар учун қўшимча квота (тахминан 2,5 минг грант);

·       Хотин-қизлар учун 2 мингта квота;

·       Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун умумий қабулдан 1% ли квота (тахминан 2 мингдан ортиқ грант);

·       Сўхликлар учун 500 та квота;

·       Ҳарбийларнинг фарзандлари учун давлат грантидан 2% ли квота (тахминан 680 та);

·       ИИО ходимлари фарзандлари учун давлат грантидан 5% ли квота (тахминан 1700 та);

·       Божхона ходимлари фарзандлари учун давлат грантидан 2% ли квота (тахминан 680 та).

Қабул эртага бошланадими?

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги аввалдан бу йилги қабул 20 июндан бошланиши ҳақида маълумот бериб келяпти. Ҳужжат топшириш қандай амалга оширилиши ҳақида қўлланма ҳам эълон қилинди. Лекин бугун куннинг шу қисмигача агентлик каналида “Эртага, 20 июн қабул бошланади” деган хабар берилмади.

Яна нималар аҳамиятли?

·       Нодавлат ОТМлар учун грант ўринлари ажратилади

Квоталарга оид президент фармойишида нодавлат университет ва институтлар учун 1000 та грант ўрни ажратилиши белгиланган.

Бу ўринлар хусусий ва хорижий ОТМ йўналишлари бўйича тақсимланиб, қабул комиссияси томонидан тасдиқланиши ва 1 июлгача Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги сайтида эълон қилиниши керак.

Хусусий ОТМ имтиҳонлари тугагач, энг юқори балл тўплаб талаба бўлганлар ва грант олишни истаганлар ОТМ ва вазирлик билан биргаликда 3 томонлама шартнома имзолайди. Бу шартнома асосида улар ўқишни тугатиб, ўз йўналиши бўйича ишлаб бериш мажбуриятини олади. Ишлаш муддати йўналиш хусусиятига қараб турлича белгиланади.

·       Хотин-қизларнинг магистратурада ўқиш пуллари қопланади

Бу йил ҳам магистратурага контракт асосида қабул қилинадиган хотин-қизларнинг контракт пуллари давлат томонидан ҳеч қандай шартларсиз тўлаб берилади.

Маълумот учун: магистратурага ўқишга кириш учун чет тили сертификати мажбурий. Филологияга оид йўналишлар учун сертификат даражаси камида C1, бошқа йўналишлар учун B2 бўлса етарли. 

Мавзуга оид