Ўзбекистон | 22:30 / 20.06.2023
12637
2 дақиқада ўқилади

Қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш таклиф қилинди

Президентликка номзод Улуғбек Иноятов миқдори қонун билан белгиланганидан юқори бўлган уй-жой, автотранспорт ёки бошқа мол-мулк мулкдорларидан қўшимча солиқ ундиришни таклиф қилди.

Фото: Халқ демократик партияси

Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Улуғбек Иноятов фарғоналик сайловчилар билан учрашди. Сиёсатчи ўз дастуридаги таклиф-ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Хусусан, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, бунда миқдори қонун билан белгилангандан юқори уй-жой, автотранспорт ёки бошқа мол-мулк мулкдорларидан ушбу солиқнинг ундирилишини назарда тутиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, Улуғбек Иноятов таълим ва илм-фан билан боғлиқ қатор ташаббусларни ҳам илгари сурмоқда:

  • мактаблар ўқув дастурларида чет тиллари ва IТ бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш;
  • мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортларидан фойдаланишда табақалашган тарифларни жорий қилиш;
  • талабаларнинг дарсни ўзлаштириши ва уларнинг инновацион фаолиятда иштирокига қараб, стипендиялар миқдорини белгилаш;
  • турар жой ижараси учун компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш;
  • олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини янада ривожлантириш.

Мавзуга оид