Жаҳон | 18:46 / 21.06.2023
38904
12 дақиқада ўқилади

«Титан» батискафини қидириш: қутқарувчилар «сув остидаги шовқинлар»ни пайқашган

Шимолий Атлантикада йўқолиб қолган «Титан» сувости аппаратини қидириш ишлари давом этмоқда, у билан алоқа якшанба куни узилиб қолганди.

Фото: OceanGate

Polar Prince тадқиқотчи кемаси батискаф экипажи билан алоқани «Титаник» қолдиқлари томон шўнғиш бошланганидан 45 дақиқа ўтиб йўқотган. Мутахассисларнинг баҳоларига кўра, бортдаги беш киши учун қолган кислород захираси тахминан 30 соатга етади - бу эса, кислород пайшанба куни Гринвич бўйича соат 10:00 да тугайди, деганидир.

АҚШ соҳил хизмати Канаданинг P-3 самолёти «сув остидаги шовқинлар»ни пайқагани ҳақида хабар берди. Бу ҳар ярим соатда эшитилган тақиллатишга ўхшаш овоз.

Ҳукумат хабарларидан бирида айтилишича, қидирув ҳудудига тўрт соатдан кейин қўшимча гидролокация ускуналари ўрнатилганда (сигналлар аниқланганидан кейин) овоз эшитилган ва «бу омон қолганларнинг умидвор эканлигидан далолат беради».

Чоршанба кунги вазият қуйидагича:

Чоршанба куни тонгда АҚШ соҳил хизмати «шовқинларнинг келиб чиқиш манбайини аниқлаш учун масофадан бошқариладиган аппаратлар бошқа жойга кўчирилгани, дастлабки қидирувлар ижобий натижа бермагани, аммо иш давом эттирилаётгани» ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Американинг икки нашри АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг маълумоти сиздирилгани, унда Канаданинг сув остини ўрганишга мўлжалланган воситалар билан жиҳозланган бошқа бир P-8 русумли самолёти ҳам сув остидаги шовқинларни эшитгани ҳақида хабар берди.

АҚШ соҳил хизмати капитани Жейми Фредерик, сешанба кунининг иккинчи ярми ҳолатига кўра, Америка ва Канада соҳил хизмати кемалари ва бошқа хусусий кемалар 7600 квадрат мил майдонни текшириб чиқишгани ҳақида хабар берган.

Экспедиция раҳбари Дэвид Мирнснинг сўзларига кўра қидирув ишлари олиб борилаётган ҳудудга трубалар ётқизиш учун тижорий кема ҳам келган.

«Биз умид қиламизки, у сув ости аппаратини қидириш ва уни юқорига кўтариш учун шундай чуқурликка - 3800 метрга тушиш имкониятига эга. Бу рўй беришига қанчадир умид бор», деган у BBC мухбирига.

Polar Prince кемаси якшанбага ўтар кечаси Атлантика океанида 110 йил муқаддам «Титаник» кемаси ҳалокатга учраган жойга етиб борган. «Титан» батискафи якшанба куни тонгда шўнғишни бошлаган, аммо маҳаллий вақт билан соат 09:45 да, шўнғиш бошланганидан бир соат-у 45 дақиқа ўтиб сув юзасидагилар билан алоқани йўқотган.

Polar Prince экипажи «Титан» билан алоқа узилгани ҳақида АҚШ соҳил хизматига дарҳол хабар бермаган: улар бу ҳақда тахминан соат 17:45 да - саккиз соат ўтганидан кейин хабардор қилинган. Шундан сўнг хизматнинг Бостондаги қўмондонлик маркази қидирув ишларини мувофиқлаштиришга киришган.

Тахминларга кўра, батискаф Ньюфаундленд оролининг энг шарқий шаҳри бўлмиш Сент-Жонсондан тахминан 1450 км шарқда ва 650 км жанубда ғойиб бўлган.

АҚШ соҳил хизмати контр-адмирали Жон Могер душанба куни қидирув ишлари икки йўналиш бўйича олиб борилаётганини маълум қилди: «Титан» сув юзасига чиққан, аммо қандайдир сабабга кўра алоқани йўқотгани эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда сув юзасида ҳамда сув остида гидролокация қидируви.

Polar Prince экспедиция кемаси. Фото: PA MEDIA/ACTION AVIATION

Аввалига батискафни эхолотлар (денгиз чуқурлигини электр акустик усул билан ўлчайдиган асбоб) билан қидира бошлашган, кейин, сешанба куни воқеа ж ойига бошқарувчисиз тушириладиган аппаратни олиб келишган ва қидириш ишларига жалб этишган.

Соҳил қўриқлаш хизмати сувости кемасини сув юзасида қидириш ишлари учун иккита C-130 Hercules самолётини юборган, уларга Канаданинг сувости сонарлари билан жиҳозланган C-130 ва P8 самолётлари қўшилган.

Ҳудудга гидроакустик буйлар (сувости кемалари сигналларини ушловчи сузгичлар) жойлаштирилди.

Жон Могер, агар батискаф сув остидан топилса, уни қутқариш учун қўшимча мутахассислар талаб қилинишини айтди.

АҚШ мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Майк Малрой BBC учун интервюсида айтишича, «Титан»ни фақатгина АҚШ денгиз флотининг масофадан бошқариладиган махсус сувости кемаларигина сув юзасига кўтариши мумкин.

Кема бортида кимлар бор эди?

Бортда бўлган беш кишидан тўрт нафарининг шахси маълум: булар британиялик 58 ёшли бизнесмен ва тадқиқотчи Ҳэмиш Ҳардинг, покистонлик 48 ёшли бизнесмен Шаҳзода Довуд ва унинг 19 ёшли ўғли Сулаймон, шунингдек франциялик 77 ёшли тадқиқотчи Пол-Анри Наржоле.

Ҳардинг Дубайда жойлашган, бизнес-жетлар савдоси ва операциялари билан шуғулланувчи Action Aviation компанияси раҳбари.

18 июн куни унинг фирмаси твиттерда «Титан» шўнғишни муваффақиятли бошлагани ҳақида хабар берди.

Сешанба куни Довуднинг оиласи у ва унинг ўғли Сулаймон Атлантика океанида ҳалокатга учраган «Титаник» кемасини кўриш учун саёҳатга отлангани, айни пайтда уларнинг сувости кемаси билан алоқа узилгани ва маълумотлар чеклангани ҳақида баёнот берди.

«Биз ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрлик учун жуда миннатдормиз ва барчадан уларнинг хавфсизлиги учун ибодат қилишни сўраймиз. Шу билан бирга, оилага махфийликни сақлаб қолишга имкон беришни ҳам сўраб қоламиз», дейилади оила баёнотида.

Довуд Покистондаги энг бой оилалардан бирининг аъзоси ва ерости цивилизацияларини излаш бўйича SETI институтининг ишончли вакили.

Ҳардингнинг Facebook’даги постига кўра, шўнғиш бошланишидан олдин француз тадқиқотчиси Пол-Анри Наржоле ҳам батискаф бортида бўлган. ОАВ маълумотига кўра, жамоада сувости саёҳатини ташкил қилган OceanGate бош директори Стоктон Руш ҳам бор эди.

«Титан» у ерда нима қилаётганди?

 

Шўнғиш учун сувости кемалари ишлаб чиқувчи OceanGate компанияси сайтида 2021 ва 2022 йилларда «Титаник» қолдиқларига уюштирилган муваффақиятли экспедициялардан сўнг компания ҳар йили шу каби саёҳатларни ташкил қилишни режалаштираётгани айтилган.

12 шўнғишдан иборат экспедициялардан бири 2023 йилнинг ёзига мўлжалланган эди.

Компаниянинг твиттер саҳифасида дастлабки бир неча тур қандай ўтгани ҳақида постлар бор.

Компания хусусий мижозлардан чўкиб кетган афсонавий лайнерни кўриш ва саккиз кунлик экспедицияда қатнашиш учун 250 минг доллар олади.

OceanGate бундай саёҳатни «кундалик ҳаётдан ташқарига чиқиш ва ўзинг учун ҳақиқатан ҳам ғайриоддий бўлган қандайдир нарсани кашф қилиш имконияти» деб атайди.

Хабарга кўра, «Титаник»ка бир марта бориш ва сув юзасига қайтиб чиқиш учун тахминан саккиз соат вақт кетади.

«Титаник» Канада шимоли-шарқидаги Нюфаундленд оролидан 600 км узоқликда, Атлантика океанининг 3800 метрлик тубида жойлашган.

Нима рўй берган бўлиши мумкин?

Чуқур денгиз транспорти бўйича эксперт, Лондондаги Университет коллежи профессори Алистер Грейг BBC нашри билан суҳбатда воқеалар ривожининг бир неча вариантларини санаб ўтган.

Улардан бирига кўра, «Титан»да авария юз берган ва кема балластни (кеманинг тўғри сузиши ва барқарорлигини таъминловчи махсус юк) ташлаб, сув юзасига кўтарилган.

«Агар таъминот қуввати ёки алоқа узилиши содир бўлган бўлса (бу юз бериши мумкин) сувости кемаси сув юзасида уни топишларини кутиб сузиб юради», дейди у.

Унинг айтишича, яна бир сценарийга кўра, сувости кемасининг корпуси шикастланган ва сув билан тўла бошлаган. «Бу ҳолда прогноз унчалик ёқимли эмас», деган Грейг.

Профессор Грейгнинг сўзларига кўра, агар кема денгиз тубига тушган бўлса ва ўз кучи билан сув юзасига кўтарила олмаса, унда вариантлар жуда кам қолади.

«Гарчи сувости кемаси ҳали бутун бўлса ҳам, агар у 200 метрдан ортиқ чуқурликда бўлса, бундай чуқурликка туша оладиган кемалар жуда кам ва ғаввослар бундай тубга умуман туша олмайди. Ҳарбий-денгиз кучларининг сувости кемаларини қутқаришга мўлжалланган аппаратлари, шубҳасиз, «Титаник»ка яқин чуқурликка туша олмайди», дейди профессор.

Чўкиб кетган «Титаник» нафақат олимларни, балки сайёҳларни ҳам ўзига жалб қилади

2022 йили «Титаник» ҳужжатли филмини суратга олган BBC Travel Show директори Саймон Платтснинг сўзларига кўра, OceanGate компаниясининг бош директори ва асосчиси Стоктон Руш йўловчилар денгиз саёҳати давомида «Титаник» қолдиқларини кўра олишига ҳеч қандай кафолат бермайди ва бу жуда хавфли иш экани ҳақида огоҳлантиради.

Платтснинг айтишича, сувости кемаси баъзан ишламай қолиши мумкин бўлган инновацион технологиялар ёрдамида бошқарилади.

«Менда баъзида ишлар нотўғри кетиши мумкин деган таассурот пайдо бўлди. Аммо мен сувости кемасида бўлганимда, фалокат юз бериши мумкинлигига ҳеч қандай белгилар йўқ эди», дейди Платтс.

Австралиянинг сувости кемаларини қутқариш лойиҳаси собиқ директори Френк Оуэннинг BBC нашрига айтишича, батискафдаги одамларнинг вазифаси хотиржамликни сақлаш ва кислородни ортиқча сарфламасликдир.

«Агар улар ваҳимага тушса ёки жуда кўп ҳаракат қилса, кислород захираси тугаши тезлашади», дея эслатди у.

Унинг сўзларига кўра, иккинчи муаммо «Титан»ни қидиришдир. Уни сув юзасида аниқлаш нисбатан осон, бироқ сув остида анча қийин.

«Титан» ҳақида нималар маълум?

«Титан» беш ўринли сувости кемаси бўлиб, 4000 метргача чуқурликка тушиш ва уч узел, тахминан 5,5 км/соат тезликда ҳаракатланиш учун мўлжалланган.

Ғаввосларни чўкиб кетган «Титаник»ка етказишдан ташқари, қурилма сув ости релйефини ўрганиш ва текшириш, тадқиқот ўтказиш ва филмларни суратга олишда маълумотларни йиғиш учун ишлатилади. Шунингдек, улар учун ускуналар ва дастурий таъминотнинг янги намуналарини синовдан ўтказади.

OceanGate компанияси вакиллари сўзларига кўра, «Титан» энг замонавий ёритиш ва сув ости навигация тизимлари, шунингдек, ички ва ташқи 4К видео ва суратга олиш ускуналари билан жиҳозланган.

OceanGate сайтида айтилишича, беш кишилик сувости кемаси реал вақт режимида ишловчи корпус мониторинги тизими билан жиҳозланган.

Сув ости саёҳати пайтида махсус датчиклар корпусдаги босим ўзгаришини кузатиб боради ва унинг яхлитлигини баҳолайди.

«Ушбу борт мониторинг тизими пилотга шўнғишни тўхтатиш ва ер юзасига хавфсиз қайтиш учун етарли захира билан эрта огоҳлантириш беради», дейилади компания хабарида.

CBS нашри 2022 йили ўз мухбири Девид Погни OceanGate батискафида чўкиб кетган «Титаник»ни кўришга жўнатган эди.

Погнинг сўзларига кўра, шўнғишдан олдин у юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олувчи ҳужжатга имзо чеккан. Ҳужжатда, хусусан, «Титан» давлат сертификатига эга бўлмаган экспериментал кема бўлиб, унда шўнғиш жароҳат ёки ўлимга олиб келиши мумкинлиги айтилган.

Кейин OceanGate бош директори Стоктон Руш Пог учун кема бўйлаб экскурсия уюштирган. Бу экскурсия давомида кемада фақат битта тугма борлиги ва бошқарув видеоўйин контроллери томонидан амалга оширилиши аён бўлган.

Мавзуга оид