Ўзбекистон | 15:12 / 22.06.2023
12840
2 дақиқада ўқилади

Нодир Жонузоқ Давлат тили департаментига мудир этиб тайинланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Нодиржон Холбўтаев (Нодир Жонузоқ) Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz'нинг ҳукуматдаги манбалари хабар берди. Шоир бунгача Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритаётганди.

Нодир Жонузоқ

Шоир Нодир Жонузоқ 1976 йилда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. Кўп йиллар «Ёшлик» журналига бош муҳаррирлик қилган. 

У 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари, 2019 йил декабридан уюшма раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

2022 йилда бир муддат президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган Нодир Жонузоқ яна Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосарлигига қайтарилган. Тайинловга қадар у айни шу лавозимда ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти илк бор 2021 йил 21 октябрда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кунида ташкил этилган. 2022 йилда департамент Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментига айлантирилган.

Кейинчалик мазкур тузилма президентнинг маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармони билан бекор қилинган. Аммо фармондан 4 ой ўтиб, Давлат тилини ривожлантириш департаменти Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида қайта ташкил этилди.

Аввалроқ, Kun.uz'да Давлат тилини ривожлантириш департаменти олдига қўйилган кўплаб вазифалар бажарилмагани ёки охирига етмаганига оид таҳлилий мақола эълон қилинганди.

Унда жумладан, департаментнинг асосий вазифаларидан бўлган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш иши борасида сезиларли ўзгариш йўқлиги, «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг тақдири номаълумлигича қолгани ёки жамоат жойларида давлат тили меъёрларига амал қилиниши масаласи жуда ёмон аҳволда экани танқид остига олинган.

Мавзуга оид