Жаҳон | 13:10 / 28.06.2023
8779
2 дақиқада ўқилади

Германияда рекорд даражада иммиграция кўрсаткичлари қайд этилди

Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, 2022 йилда Германияга 2,6 миллиондан ортиқ муҳожирлар келган. Германияга яшаш учун келганлар сонининг кўпайишини экспертлар Украинадаги уруш билан боғлаяпти.

Фото: Jens Schicke/IMAGO

Германия иммиграция бўйича рекорд кўрсаткични қайд этди. 27 июнь, сешанба куни Висбадендаги Федерал статистика идораси хабар беришича, 2022 йилда 2 миллион 666 минг киши яшаш учун мамлакатга келган. Худди шу даврда Германияни 1 204 000 киши тарк этди.

Шу тариқа, ҳисобот даврида мамлакатда келганлар ва кетганлар орасидаги фарқ деярли 1,5 миллион кишини ташкил этди. Бу 2021 йилга нисбатан тўрт баравар кўпдир, ўшанда муҳожирлар сони Германиядаги эмигрантлар сонидан 329 минг кишига ошган ва бундай статистика 1950 йилда юритила бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

2021 йилда, Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, 1 миллион 323 минг киши яшаш учун Германияга келган ва 994 минг киши мамлакатни тарк этган.

Таъкидланишича, иммиграция соҳасидаги кўрсаткичларнинг юқорилаши биринчи навбатда украиналиклар оқими билан боғлиқ. 2022 йилда Германияга ушбу мамлакатдан 1,1 миллион фуқаро келгани қайд этилган ва 138 минг украиналик Германияни тарк этган. Украиналиклар оқимининг энг юқори чўққиси 2022 йилнинг мартидан майигача бўлган даврга тўғри келди. Шу билан бирга, август ойидан бери Украинадан Германияга кирганлар сони доимий равишда камайиб бормоқда.

Худди шу даврда Германияга келган ва ГФРни тарк этган сурияликлар сони ўртасидаги фарқни акс эттирувчи рақамлар ошди: 2021 йилдаги 41 000 га нисбатан 2022 йилда 68 000 киши. Худди шу кўрсаткич Афғонистон (2022: плюс 55 000, 2021: 31 000) ва Туркияда (2022: плюс 49 000, 2021:19 000) ҳам қайд этилди. Мутахассислар бу ҳодисани қочқинлар ва бошпана изловчилар сонининг кўпайиши билан изоҳламоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид