Спорт | 15:06 / 28.06.2023
34900
14 дақиқада ўқилади

Ибраҳимович, Бэйл, Игуаин ва бу йил фаолиятини якунлаган бошқа юлдузлар

Бу йил ҳам ўндан ортиқ афсоналар бутсаларини михга илди.

Фото: «Спорт Экспресс»

Златан Ибраҳимович (41 ёш)

Бу содир бўлди — охир-оқибат Златан тугатди. Швециялик ҳужумчи «Малмё», «Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона», «Милан», «ПСЖ», «Манчестер Юнайтед» ва «Лос-Анжелес Гэлакси» клубларида ўйнади. У 32 та совринни қўлга киритди, 600 гол урди ва чиройли тарзда хайрлашди: мухлислар билан тўлиб-тошган «Сан-Сиро»га микрофон билан кириб, нутқ сўзлади, олқишларга сазовор бўлди ва ҳатто йиғлади. Златанни ҳеч қачон бундай кўрмаганмиз. Миланлик мухлислар афсонани кўзда ёш билан кузатишди.

Ўша оқшом «Милан» билан тўқнашган «Верона» мухлислари швед футболчиси нутқ сўзлаганида ҳуштак чалишди. Златан эса ўз услубида жавоб берди: «Давом этинг. Бу сиз учун мавсумдаги энг яхши лаҳза — сиз мени кўрдингиз». Бу гапдан кейин миланликлар Ибрани янада олқишлади.

Маросимдан сўнг Златан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хайрлашув мактубини ёзди: «Мен Малмёда туғилдим. Амстердамда ўсдим. Туринда ақлим кирди. Барселонада шерга айландим. Миланда ўсдим ва Парижда янги истиқболни топдим. Манчестерда кучимни жамладим, Лос-Анжелесда дам олдим. Ва ниҳоят, Миланда — янги ватанимда тугатдим.

Мени сизлар яратдингиз. Ортда қолдираётган меросим эса мен яратган барча янги Златанлардир. Шер юрагига эга бўлганларнинг ҳаммаси. Кўзларида олов борларнинг ҳаммаси. Ҳеч нарса имконсиз эмаслигини чин дилдан тушунадиганларнинг барчаси».

Calciomercato хабарига кўра, Ибраҳимович «Милан»да қолади. Aниқроғи, Златан раҳбарият ва жамоа ўртасида боғловчи бўлади.

Гарет Бэйл (33 ёш)

Бэйл фаолиятини 33 ёшда якунланишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Аммо сўнгги йилларда Гарет мотивациясини йўқотганга ўхшади ва Уэлс миллий жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳдаёқ иштирокини тўхтатганидан сўнг футболни тарк этиш қарорига келди.

У футболдан кетганидан атиги икки ҳафта ўтгач, профессионал голф турнирига йўл олди. Гарет голфни футболдан ҳам кўпроқ севарди.

Май ойида у фаолиятини тиклаши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди, аммо унинг агенти ҳаммасини инкор қилди: «У энди ўйнашни истамайди. Ҳозир у ажойиб ҳаёт кечирмоқда. У оиласи билан бирга, болалари билан кўп вақт ўтказади».

Бэйл «Саутҳэмптон», «Тоттенҳэм», «Реал» ва «Лос-Анжелес» клубларида ўйнади. У 665 ўйинда 227 та гол урди ва 22 совринни қўлга киритди, улардан асосийси Мадрид клуби билан 5 та Чемпионлар Лигаси кубоги.

Хоакин (41 ёш)

«Бетис» тимсоли Ла Лигадаги 622-ўйинидан сўнг мавсумни йиғлаб якунлади — бу лига рекорди! Хоакин «Бенито Вилямарин» стадионида собиқ жамоаларидан бири «Валенсия»га қарши сўнгги тур ўйинидан кейин мухлислар ва севимли клуби билан ҳайрлашди.

«Шу мухлислар туфайли Хоакинга айландим. Кўп ҳис-туйғулар, жуда кўп хотиралар ... Жуда таъсирли кун», — деди фахрий футболчи йиғлашдан тўхтамасдан.

Июн ойи бошида «Бетис» Хоакин билан хайрлашув ўйинини ўтказди. Унда яримҳимоячининг дўстлари — Серхио Рамос, Икер Касиляс, Хавиер Савиола, Санти Касорла, Гути, Пепе Рейна, Рууд ван Нистелрой ва бошқа машҳур футболчилар иштирок этишди.

Месут Ўзил (34 ёш)

Германиялик яримҳимоячи баҳорда фаолиятини якунлаганини эълон қилганди: у Туркиянинг «Истанбул» клубида ўтган мавсумда бор-йўғи 4 ўйинда майдонга тушди, кўпинча жароҳатлар туфайли таркибга киритилмади. Шунинг учун Ўзил тўхташга қарор қилди.

«Деярли 17 йил давомида профессионал футболчи деган шарафга муяссар бўлдим ва бу имконият учун жуда миннатдорман. Аммо сўнгги ҳафталар ва ойлар давомидаги бир неча жароҳатлар катта футбол майдонини тарк этиш вақти келганидан дарак берди», — деди Месут ижтимоий тармоқларда.

«Шалке», «Вердер», «Арсенал», «Фенербаҳче», «Истанбул» ва, албатта, «Реал» — футболчи клублар миқёсида 10 та совринни қўлга киритди. Унга фақат Чемпионлар Лигаси ғолиблиги насиб этмади. Аммо Ўзилда 2014 йилда қўлга киритилган жаҳон чемпионатининг олтин медали бор.

Гонсало Ҳигуаин (35 ёш)

Аргентиналик ҳужумчи МЛСда «Интер Майами»да фаолиятини тугатди, аммо Гонсало «Реал», «Ювентус», «Наполи», «Милан» ва «Челси»даги ўйинлари билан ёдда қолади.

Испания ва Италиядаги олтин, кубоклар ҳамда «Челси» билан Европа Лигасидаги ғалаба — Игуаин муносиб совринлар тўплами билан кетди.

Гонсало кетишини эълон қилаётганда кўз ёшларини тия олмади.

Жерар Пике (36 ёш)

Ноябр ойида Пике «Барселона»даги сўнгги ўйинини «Алмерия»га қарши ўтказди ва фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

«Бобом мени туғилишим билан шу клубнинг аъзоси қилиб қўйган. Шу ерда туғилганман ва шу ерда ўламан. Бу хайрлашув эмас ва мен бу клубга қайтишимга мутлақо аминман. Яшасин, «Барса!» — деди испаниялик «Камп Ноу»даги хайрлашув нутқида.

Ҳозирда Жерар собиқ футболчилар ўйнайдиган «Қироллар лигаси»ни (Медиалига) ривожлантириш билан фаол шуғулланмоқда.

Фернандо Лиоренте (38 ёш)

Испаниялик ҳужумчи ўтган мавсумда «Эйбар» сафида тўп тепди ва шартномаси муддати тугагач, клубсиз қолди. Шу йилнинг феврал ойида у бутсаларини михга илганини ва падел-теннис ўйнашини маълум қилганди.

Баҳорда жаҳон ва Европа чемпиони ҳали ҳам футболни соғинаётганини айтди ҳамда Пикенинг Медиалигасига қўшилиш истагини билдирди.

Эммануэл Адебайор (39 ёш)

«Арсенал», «Манчестер Сити», «Реал» ва «Тоттенҳэм» клубларида ўйнаган тоголик ҳужумчи бир неча йил аввал Европа футболини тарк этиб, дастлаб Парагвайнинг «Олимпия Асунсон», кейин эса Тогонинг «Семасси» жамоасида ўйнади. Феврал ойида Адебайор «Афсоналар кубоги-2023» тадбири учун Москвага келди ва Африка юлдузлар жамоасида ўйнади. Ўшанда у фаолиятини тугатаётгани маълум бўлганди. Март ойида Эммануэл буни расман эълон қилди.

Марек Ҳамшик (35 ёш)

«Наполи» ва Словакия миллий жамоаси афсонаси сўнгги мавсумларни «Трабзонспор»да ўтказиб, бир йил аввал Туркия чемпиони бўлди. Бу — унинг фаолиятидаги ягона чемпионлик унвони.

2022/23 йилги мавсум у учун сўнггиси бўлди — июн ойида Ҳамшик ёрқин фаолиятини якунлаётганини эълон қилди.

Лукас Лейва (36 ёш)

Бразилиялик футболчини «Ливерпул» ва «Лацио»даги ўйинлари билан кўпчилик эслайди. Шу йилнинг март ойида яримҳимоячи юраги билан боғлиқ муаммолар туфайли футболни тарк этишга мажбур бўлди. Шифокорлар унга миокард фибрози ташхисини қўйишди. Бразилиялик футболчининг сўнгги жамоаси «Гремио» бўлгани рамзий маънога эга, бу — унинг фаолиятидаги биринчи клуби.

Мартен Стекеленбург (40 ёш)

Нидерландиялик афсонавий дарвозабон бу мавсумда «Аякс» таркибида бирорта ҳам расмий ўйин ўтказмади. Май ойида клуб Стекеленбург фаолиятини якунлашини маълум қилганди.

Мавсум сўнгида клуб медиаси Амстердам жамоасида 300 га яқин ўйин ўтказган машҳур дарвозабон билан хайрлашув видеосини улашди.

Кевин-Принс Боатенг (36 ёш)

«Милан», «Барса» ва «Тоттенҳэм»нинг собиқ футболчиси бир йил аввал «Ҳерта» билан шартномасини узайтирганини нишонлаганди — у мухлислар учун 2023 дона кабоб буюртма қилганди. Аммо ганалик яримҳимоячи бу унинг охирги мавсуми эканини маълум қилди ва якун муваффақиятсиз бўлди — Берлин клуби иккинчи лигага тушиб кетди ва энди Боатенгсиз қайтишга ҳаракат қилади.

Боян Кркич (32 ёш)

Испаниялик 32 ёшли футболчи фаолиятини якунлашини баҳорда «Камп Ноу»да бўлиб ўтган тадбирда эълон қилди: «8 ёшимдан «Барса» тизимида ўйнадим, ҳозир эса кўп йиллардан сўнг профессионал футболчи сифатидаги фаолиятим ниҳоясига етаётганини фахр билан эълон қилмоқчиман. Бошдан кечирганларимнинг ҳаммаси учун жуда миннатдорман. Вақт келганини ҳис қиляпман. Фаолиятимни якунлаяпман», — деди ҳужумчи маросимда.

Бояннинг сўнгги клуби Япониянинг «Виссел Кобе»си эди.

Доменико Кришито (36 ёш)

Ўтган йил ноябр ойида Кришито фаолиятини якунлаганини эълон қилганди, бироқ Б Серияда ўйнаётган қадрдон клуби «Женоа»дан таклиф тушганда, «йўқ» дея олмади. Италиялик футболчи клубга А Серияга чиқишга ёрдам бериш учун 6 ойга футболга қайтди.

Натижада Доменико чиройли финал билан кетди: сўнгги ўйинида у тўғридан тўғри рақиб «Бари»га қарши майдонга тушди ва 90+5-дақиқада пеналтидан гол уриб, генуяликлар ғалаба қозонишига ёрдам берди (4:3).

Кристиан Родригес (37 ёш)

Уругвайлик яримҳимоячи «ПСЖ», «Бенфика», «Атлетико», «Порту» ва «Парма» клубларида ўйнаган, сўнгги бир неча йилни ватанида ўтказди.

Родригес январ ойида фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У Уругвай миллий жамоаси сафида 100 дан ортиқ ўйин ўтказган ва Россияда бўлиб ўтган ЖЧ-2018 унинг учун сўнгги йирик турнир бўлган.

Матиас Фернандес (37 ёш)

Чилилик афсонавий футболчи «Вильярреал», «Спортинг», «Фиорентина» ва «Милан» клубларида тўп тепган, охирги 3 йил давомида юртида «Ла Серена» учун ўйнади.

Феврал ойида Матиас футболчилик фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Миллий жамоада Фернандес 70 дан ортиқ ўйин ўтказган ва 2015 йилда Америка Кубогида ғолиб чиққан.

Элжеро Элиа (36 ёш)

Нидерландиялик Элиа катта истеъдод эгаси ҳисобланган — 17 ёшида у «АДО Ден Ҳааг»да дебют қилган, миллий жамоадаги илк ўйинида гол урган, ЖЧ-2010 финалида ўйнаган жамоанинг қайдномасида бор эди. Аммо Элжеронинг фаолияти муваффақиятсиз кечди: «Ҳамбург»дан кейин унга «Ювентус»дан таклиф тушди. Туринда эса вингернинг ишлари юришмади — бутун мавсумни захира ўриндиғида ўтказди, шундан сўнг жамоани тарк этди.

Икки йил олдин у юртига — қадрдон жамоасига қайтди ва ўтган қишда фаолиятини якунлаётганини эълон қилди. ESPN'нинг хабар беришича, Элиа футболдан кейин мусиқага қизиқиб қолган, ҳозир рэпер ҳисобланади.

Бурак Йилмаз (37 ёш)

Туркиялик ҳужумчи деярли бутун фаолиятини ватанида ўтказди ва у ерда мунтазам равишда «Галатасарой», «Трабзонспор», «Бешиктош» жамоаларида майдонга тушди. 2020 йилда Йилмазни «Лилл» сотиб олди ва у жамоа билан Франция чемпионлигини қўлга киритди. Буракнинг сўнгги клуби Нидерландиянинг «Фортуна Ситтард»и бўлган. Йилмаз 26 ўйинда 9 та гол урди ва қолган бир йиллик шартномасини бекор қилиб, фаолиятини якунлади. Ҳужумчи аллақачон мураббий бўлмоқчи эканини маълум қилган.

Шиме Врсалко (31 ёш)

Хорватиялик футболчи «Динамо Загреб», «Атлетико», «Женоа», «Интер», «Сассуоло», «Олимпиакос» клубларида тўп тепган. Тўғри, унинг Грецияда ишлари юришмади: Врсалко камдан кам ўйинларда майдонга тушди, жароҳатлар олди ва кузда шартномасини бекор қилди. Шу йил баҳорида Шиме футболга қайтмаслиги ва асосий эътиборини агентлик ишларига қаратишини айтди.

Жоао Миранда (38 ёш)

Бразилиялик ҳимоячи «Атлетико» ва «Интер»даги фаолияти билан ёдда қолган. Диего Симеоне жамоаси таркибида Миранда Ла Лига, Европа Лигаси, Европа Суперкубогида ғолиб бўлган ва Чемпионлар Лигаси финалида ўйнаган. Жоау Италияни тарк этиб, Хитойга йўл олганди ва у ерда «Цзянсу Сунин» жамоасида ўйнади. Унинг сўнгги клуби эса «Сан-Паулу» эди.

«Вақти келди. Мени қўллаб-қувватлаган барчадан миннатдорман. Футбол, сенга катта раҳмат!» — деб ёзди Миранда шу йилнинг январ ойида.

Йонас Ҳектор (33 ёш)

Германия миллий жамоасининг энг камтар футболчиси бутун профессионал фаолиятини бир клуб – «Кёлн»да ўтказди. Ҳимоячи катта юлдузга айланмади, лекин немис мухлислари уни бир жамоага содиқлиги учун доимо қадрлашди (Йонас ўз вақтида «Бавария» таклифини рад этган).

Ҳектор 2017 йилда акаси вафотидан кейин оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш мақсадида миллий жамоани тарк этганди. У клубдаги фаолиятини ҳам шунга ўхшаш сабаб билан — доимий стресс ва ОАВ эътиборидан чарчагани учун якунлади.

Мавзуга оид