Жаҳон | 22:59 / 30.06.2023
11344
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ аспартамни канцерогенлар рўйхатига киритишни режалаштирмоқда

Аспартам озиқ-овқат саноатида шакарнинг ўрнини босувчи, кенг миқёсда ишлатиладиган модда ҳисобланади. 

Фото: Reuters

Озиқ-овқат саноатида ширинлаштиргич сифатида кенг миқёсда ишлатиладиган аспартам моддаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан канцероген (саратон келтириб чиқарувчи) деб эълон қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Reuters ёзди. 

Аспартам турли маҳсулотларда, жумладан, Coca-Cola Diet ичимлиги, Mars Extra сақичи ва Snapple ичимликларида шакарнинг ўрнига ишлатилади. 

Июль ойидан бошлаб ушбу ширинлаштиргич Халқаро Саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) томонидан тузилган канцерогенлар (саратонни қўзғатиши мумкин бўлган моддалар) рўйхатига киритилади. Аспартам «канцероген бўлиши мумкин» деб тамғаланади. Қоидага кўра, IARC моддаларни 4 даражада таснифлайди: канцероген, эҳтимол канцероген, канцероген бўлиши мумкин ва таснифлаш имкони йўқ. 

Қайд қилиш жоиз, аспартамни қанча миқдорда истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун зарарсиз экани номаълум. Бундай хулоса бошқа ташкилот - ЖССТ билан Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг озиқ-овқат қўшимчалари бўйича қўшма экспертлар қўмитаси (JECFA) томонидан берилади. JECFA 1981 йилдан бери ўртача 60 кг вазнга эга инсон кунига 12-36 банка диетик газланган ичимлик истеъмол қилса, хавфли гуруҳга тушиб қолишини таъкидлаб келаётган эди. Энди ташкилот бу хулосасини ўзгартириши кутилмоқда. 

Нашр хабарига кўра, кўп йиллик тадқиқотлар давомида сунъий ширинлаштиргич истеъмол қиладиган одамларда табиий шакарни истеъмол қиладиганларга қараганда кўпроқ саратон касаллиги ташхиси қўйилгани тасдиқланган. Сичқонлар ва каламушларда ўтказилган синовлар бу фаразни тасдиқлаган. 

Мавзуга оид