Спорт | 18:29 / 03.07.2023
30875
9 дақиқада ўқилади

«Венгер офсайди». Футбол қоидаларида жиддий ўзгариш бўладими?

ФИФАдагилар голлар кўпроқ бўлишини исташмоқда.

Фото: RICHARD HEATHCOTE/GETTY IMAGES

Сўнгги кунларда футбол олами гўёки «оламшумул хабар» билан «озуқаланди». ФИФА футбол қоидаларида, хусусан офсайдни аниқлаш борасида катта ислоҳотни амалга ошириши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳатто Италия ва Швеция каби мамлакатларда қуйи лигаларда, кичик мусобақаларда бу қоида синов тариқасида қўллана бошланиши айтилди. Қизиғи, аслида у қадар янгилик бўлмаган таклиф ва бу маълумотлар бирданига «вирус»га айланди, жиддий манбалар ва аниқ хулосаларсиз, ҳатто анча машҳур спорт порталларида ҳам тарқала бошлади.

Истилоҳда «Венгер офсайди» сифатида қўлланаётган бу янгиликка кўра, энди ҳужумчи офсайд ҳолатида деб топилиши учун бутун танаси ҳимоячидан кўра рақиб дарвоза чизиғига яқинроқ бўлиши лозим. Бунинг Арсен Венгер номи билан боғланишига келсак, мураббий 2019 йилдан ФИФА директорларидан бирига айланиб, дунё бўйлаб футболни ривожлантириш масалалари билан шуғулланиб келмоқда ва 2020 йилда у бир қатор, жумладан, аутни оёқда ўйинга киритиш, жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда ўтказиш, эркин зарбани бир футболчи бир неча тегиниш орқали ўйинга кирита олиши ва ҳоказо таклифлар билан бирга «офсайд чизиғи» борасида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашган. Бошқа таклифлари ичида мантиқийроқ туюлган «офсайд қоидаси» табиийки, ўз тарафдорларини топди, кўпроқ мунозараларга сабаб бўлди.  

Қуйидаги расмда фарқни англаб олиш мумкин. Чап томондаги тасвирда бугунги қоидалар бўйича ҳужумчининг (кўк либосда) офсайд ҳолати акс этган бўлса, ўнг томондаги тасвирга қаранг: янги қоида бўйича, мана шу ҳолатдагина ҳужумчи ўйиндан ташқари ҳолатда ҳисобланади.

Пайқаш қийин эмаски, бу шунчаки голларни кўпайтирадиган кичик ўзгариш эмас, умуман футболни, тактика-схемаларни, шу пайтгача тўпланган таҳлилларни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган ислоҳот. Футбол атрофида, форматида доим ўзгаришлар қилиб турадиган ФИФА айнан ўйиннинг ўзидаги янгиликларга анча эҳтиёткор ёндашиши, бу борада футбол консервативликни сақлаб қолиши сир эмаслигини инобатга олсак, наҳотки, осонлик билан янги қоида амал қилиб кетаверади? Агар бевосита ўйин билан боғлиқ ўзгаришларни эслайдиган бўлсак, охиргиси 30 йил аввалга тўғри келади – ўшанда ҳимоячи дарвозабонга оёқлари билан тўпни оширса, қўл билан ўйнаш мумкин эмаслиги қайд этилган.

Аслини олганда, ўзгариш ҳақидаги гаплар янгилик эмас. Венгернинг таклифи ҳам, бу қоида тариқасида бир қатор давлатларда синовдан ўтаётгани ҳам бор гап, аммо бу босқичдан хабарларда тилга олинаётган, росмана қоидаларга ўзгартириш киритилиши орасида жуда катта масофа бўлиб, бу ҳатто бир неча ўн йилларга чўзилиши мумкин. Бу даражадаги ислоҳотлар Халқаро кенгашнинг барча даражаларида муҳокамага қўйилиши лозим, Венгернинг таклифи ҳатто бу босқичга ҳам етиб келмаган.

Италия ва Швециядаги синовларга келсак, ҳа, масалан, Швецияда 19 ёшгача бўлган аёллар турнирлари, шунингдек, ёшлар мусобақаларида, Италияда эса, А ва Б сериянинг ўсмирлар миқёсидаги турнирларидаги ўйинларда синаб кўрилди. Феврал ойида алоҳида махсус турнир ҳам ташкил қилинди ва худди шундай синовлар Нидерландияда ҳам ўтказилаётгани маълум қилинди. Ушбу ўйинлар асосида икки йўналишда маълумотлар тўпланди: футболчи ва мураббийларнинг фикрлари, шунингдек, голлар, офсайдлар ва хавфли вазиятлар борасида статистик маълумотлар таҳлил қилинди.

Шу холос. Мавзу ҳали IFAB’нинг йиллик мажлислари даражасигача ҳам чиққани йўқ. Ҳеч қандай аниқ хулосалар мавжуд эмас. Юқорида айтилганидек, ўйин қоидалари билан боғлиқ масалалар бир неча ўн йиллаб давом этади, мисол учун, ҳоккейдаги каби вақтинча майдондан четлатишни футболга олиб кириш ҳақида 90-йиллардан мунозаралар бошланган, ҳозиргача баъзи мусобақаларда синалиб келинади, аммо ҳамон профессионал футбол қоидалари яқинига ҳам келгани йўқ.

Нуқтани эса, IFA бош секретари Лукас Бруд қўйган: «Ушбу масала мажлисда футбол қоидалари билан боғлиқ бошқа аниқ таклифлар сингари қабул қилиш ё рад қилиш миқёсида кўриб ҳам чиқилмайди. Бу имконсиз. Офсайд борасида ҳеч қандай ўзгариш амалга оширилмайди».

Айтиш мумкинки, бу масала ушбу баёнот берилган уч йил олдинги вазиятдан бир қадам ҳам олдинга силжигани йўқ.

Энди эса, «Венгер офсайди» тарафдорлари келтираётган асосий важларни келтириб ўтамиз.

Биринчиси, бу ўзгариш голларни кўпайтиради ва ўйинларни қизиқарлироқ қилади.

Биласизми, ҳаммаси бу қадар аниқ эмас. Бу тарздаги ислоҳотлар кўпинча, ишлаб кетадиган бошқа факторлар эвазига бутунлай бошқа оқибатлар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Мисол учун, бир пайтлар қўшимча бўлимларда жамоаларни ҳужумкорликка чорлаш мақсадида «Олтин гол» қоидаси жорий қилинганди. Яъни қўшимча вақтда урилган гол ўйин тақдирини ҳал қилади, голдан сўнг, ўйин ҳам тугайди. Натижа нима бўлди? Табиийки, ҳужум қилувчи томон гол ўтказишдан ҳам қўрқа бошлайди ва янада эҳтиёткор бўлишга тўғри келади. Қоида тескари эффект берди, энди жамоалар гол ўтказиб юбормаслик ҳақида кўпроқ ўйлай бошладилар, қўшимча бўлимлардаги голлар камайиб кетди.

Бу ерда ҳам шунга ўхшаш. Янги офсайд қоидаси гўёки ҳужумчи томоннинг фойдасига ишлаётгандек кўринса-да, аслида, аксинча бўлиши мумкин. Айнан офсайд туфайли жамоалар ҳимоя чизиғини анча юқорига кўтариш, кўпроқ футболчилар билан ҳужумда иштирок этиш имкониятига эга бўлишмоқда. Агар янги қоида ишга тушса, қарши ҳужумларга имконият кенг очилади, Мбаппе, Рэшфорд каби тезкор футболчилар ҳимоячига нисбатан «бир қадамлик» устунликдан бемалол фойдалана бошлайдилар. У ҳолда жамоалар янада эҳтиёткор бўлишни бошлайди, ҳужумкорлик камайиб кетиши мумкин.

Бундан ташқари, голлар кўпайиши ҳам аниқ эмас. Қаранг, биз ҳозир ҳисобга олинмаётган кўп голлар янги қоидада офсайд ҳисобланмаслигидан келиб чиқиб, голлар кўпайишини тан оляпмиз. Гўёки, бугунги кунда офсайд деб баҳоланаётган тўқсон фоиз голлар энди қоида бўйича гол ҳисобланади. Тўғри, лекин биз вазиятдан кейин баҳо беряпмиз, аслида, янги қоида ишлай бошласа, ўша вазиятлар, ўша голлар юзага келмаслиги ҳам мумкин. Ҳимояланувчи томон ҳозирда бу вазиятнинг қоидадан ташқарида бўлгани учун ҳам содир бўлишига йўл қўймоқда, шундай эмасми?

Иккинчиси, миллиметрли баҳсларга чек қўйилади.

Айниқса, VAR ишлай бошлагач, арзимаган миллиметрлар, кимнингдир бутсасининг учи, бошқасининг соч турмаги голлар ҳисобланмаслигига олиб келавергач, кўп томошабинларда эътирозлар пайдо бўла бошлади: Наҳотки арзимаган миллиметрлар ўйин тақдирини ҳал қилса? Бунчалик эмасда энди? Шу сантиметрга индамай қўяверса бўларди, ҳужумчига ҳеч қандай устунлик бермаяпти-ку? Ва ҳоказо...

Табиийки, авваламбор, бу нопрофессионал фикрлар. Маълум бир қоида бор экан, аниқ ишлаши лозим. Энг муҳими, офсайд чизиғи ўзгариши бундай муаммони ҳал қилмайди.

Офсайд чизиғи қаерда бўлишидан қатъи назар миллиметрлик фарқлар барибир мавжуд бўлаверади. Ҳозир ҳужумчи танасининг дарвоза томонга энг яқин қисми билан ҳимоячи танаси ўлчанаётган бўлса, энди ҳужумчининг энг узоқ қисми билан яна ўша ҳимоячи танаси ўша миллиметрларда ўлчанаверади. Фарқи нимада?

Айтиш мумкинки, «Венгер офсайди» борасидаги ҳар қандай аргументлар баҳсли, футбол томошабоплигига ижобий таъсир қилиши ҳам, қандайдир муаммони ҳал қилиши борасида ҳам аниқ хулосалар мавжуд эмас. Бундай ҳолатларда тажриба шуни кўрсатади-ки, футбол доим ўз консервативлигини сақлаб қолади. Бу соҳада ишлаётган функционерлар ҳам, футбол ўйинига илмий ёндашиб, уни том маънода ривожлантираётган мураббийлар ҳам, асосий иштирокчилар бўлмиш футболчилар ҳам бу тарздаги ўзгаришларга қарши бўлишлари табиий.

Шундай экан, бу таклифларнинг синов мақомидан, нари борса, қайсидир даражадаги мунозаралар босқичидан уёғига ўта олишига ишониш қийин.

Қ.Асланов

Қаҳрамон Асланов
Муаллиф Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид