Жаҳон | 19:11 / 04.07.2023
39785
7 дақиқада ўқилади

«Аллоҳ кўриб турибди, виждоним тоза». Грознийда суд Зарема Мусаевага ҳукм чиқарди

Зарема Мусаева — чеченистонлик собиқ судянинг рафиқаси ва ҳуқуқ фаолларининг онаси — фирибгарлик айблови бўйича суд қилинди. Рамзан Қодиров унинг оиласини террорчилар деб атаган. Ҳуқуқ фаолларининг фикрича, бу ҳукм — сиёсий мотивга эга.

Фото: YELENA AFONINA/TASS

Қора курткали эркаклар енгил кийинган аёлни полдан кўтариб, лифтдан судраб, подъезддан совуқ ҳавога олиб чиқишади. Зарема Мусаеванинг 2022 йил 20 январида қўлга олиниши шундай рўй берганди.

Чеченистон ИИВ ходимлари унинг Нижний Новгороддаги квартирасига бостириб киришган ва куч билан Грознийга олиб кетишган. Мусаевага кийинишига ҳам, доимо қабул қилиб туриши керак бўлган инсулинни (аёл диабетга чалинган) олишга ҳам имкон берилмайди.

Кейинги бир ярим йилни Зарема тергов изоляторида ўтказди. 4 июл куни Грознийнинг Ахматов райони судида ҳукм ўқилди: у энди беш ярим йилни умумий тартибли колонияда ўтказиши керак.

Мусаеванинг турмуш ўртоғи — чеченистонлик собиқ федерал судя Сайди Янгулбаев. Уларнинг фарзандлари Абубакар ва Ибрагим — ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар. Зарема ва Сайди 2017 йилдаёқ Чеченистондан кетишга мажбур бўлишган. Чеченистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Қодировнинг танқидчиларини тутиш учун ўз назоратидан ташқарида бўлган ҳудудга келиши ўша вақт учун ноёб ва шокка туширадиган прецедент бўлганди.

«Бу оилани ё қамоқда, ёки ер остидаги жой кутмоқда»

Чеченистон ҳукумати Янгулбаевларни 1ADAT ҳаракати (мухолифатчи руҳдаги телеграм-канал номи билан аталган) билан алоқадор ҳисоблайди, бу ҳаракат аъзолари Қодировни очиқчасига танқид қилади ва ўзларини «Чеченистонни деоккупация қилиш тарафдорлари» сифатида намойиш этади. Ҳаракат Россияда тақиқланган, уларнинг сайти блокланган. Абубакар — ҳуқуқ фаоли, у «Қийноқларга қарши жамоа»нинг Кавказ бўлими ҳуқуқшуноси бўлиб ишлайди. У ҳам, отаси ҳам 1ADAT билан алоқаларга эга эмаслигини таъкидлайди: фақатгина Ибрагим ўзининг бу ҳаракатдаги иштирокини тасдиқлаган.

Чеченистон учун Рамзан Қодировнинг танқидчиларига уларнинг қариндошлари орқали босим ўтказиш одатий ҳолга айланган. Қодиров эса бу оиладан қаттиқ жаҳли чиққан. Зарема Мусаева ҳибсга олинишидан олдин Чеченистонда Янгулбаевларнинг 15 қариндоши йўқолиб қолганди.

Заремани Грознийга олиб келишгач, унинг иши шов-шувга айланиб кетганидан кейин Қодиров Янгулбаевларга очиқ таҳдид қила бошлади. «Бу оилани ё қамоқда, ёки ер остидаги жой кутмоқда. Ва бу энди менга боғлиқ эмас. Мен жамоатчилик кайфиятидан бохабарман, — деганди ўшанда у. — Ҳеч бўлмаганда биргина чечен тирик экан, бу оила аъзолари ҳаётдан бемалол баҳра ололмайди, чунки халқимизнинг ҳар бир вакилининг шаънига катта зарар етказилмоқда».

Қодировнинг маслаҳатчиси ва Давлат думаси депутати Адам Делимханов эса шунчаки оилани қатл этиш билан таҳдид қилганди.

Шундан кейин Сайди Янгулбаев ва ўғиллари Россияни тарк этишади.

Грознийда эса мухолифатчилар оиласига қарши митинг уюштирилади. Расмийлар буни «стихияли» (одамлар ўзи уюштирган) деб кўрсатишади, аммо ўз-ўзидан бошланадиган кўп минг кишилик митинглар Чеченистонга хос эмас. «Кавказский узел»нинг ёзишича, амалда уни республика расмийлари Москвага халқ Қодировнинг чиқишларини ёқлаётганини кўрсатиш учун уюштирган.

Абубакар Янгулбаев Чеченистондаги қариндошлари йўқолиб қолгани ҳақида хабар берганидан бир ярим ой ўтиб, уларни қўйиб юборишганини айтади. Ҳуқуқ фаоли уларни ортиқ хавф остида қолдирмаслик учун шундан кейин улар билан алоқага чиқмайди: чунки уларни Янгулбаевлар оиласидан воз кечишлари эвазига қўйиб юборишганига амин эди.

«Одамни қамоқда шунчаки ўлдиришмоқда»

Аввалига Зарема Мусаевага полициячини ҳақорат қилиш айби билан 15 кунга ҳибсга олиш бўйича маъмурий жазо қўлланганди. Нафақат Чеченистонда, балки Россияда ҳам шундай амалиёт мавжуд — кимнидир қамоққа ташлаш режалаштирилган бўлса, жиноий ишга материал йиғишга улгуриш учун. Мусаевага қарши ҳам жиноий иш қўзғатилади: гўёки 52 ёшли аёл протокол тузаётган участка нозирига ҳужум қилиб, Қодиров айтганидек, «кўзидан маҳрум қилишига бир бахя қолган». Кейинроқ Мусаеванинг ишига фирибгарлик бўйича айблов ҳам тиркалади.

«Улар даъво қилаётган бу [полициячига] ҳужум, уларнинг риторикасига кўра, қўлга олиш чоғида ёки йўлда содир бўлган. Аммо бу энди бу бошқа ҳудудий юрисдикция ва бошқа ҳудудий тергов иши. Чеченистонда уни ҳеч ким жавобгарликка тортиши мумкин эмас», деганди унинг ўғли Абубакар Янгулбаев «Настоящее время» билан суҳбатда.

Мусаеванинг соғлигида жиддий муаммолар бор: яқинлари унинг умуртқа чурраси ва иккинчи даражали диабети борлигини айтишган. У соғлиги туфайли уй қамоғига ўтказишларини сўраган, аммо суд бу илтимосни рад этган.

2022 йилда суд чоғида Мусаеванинг аҳволи ёмонлашади ва у полга йиқилади. Ўғли Абубакар Янгулбаевнинг сўзларига кўра, белидаги оғриқ кучаяётгани туфайли Мусаева амалда юра олмай қолган ва қамоқдаги сайрлардан фойдалана олмаган. «Одамни қамоқхонада шунчаки ўлдиришмоқда. Ва бу ҳеч қандай айби бўлмаган ҳолда», — дея ёзганди у.

Адвокатлар Мусаевага тиббий экспертиза тайинлашни сўрашган - уни шифохонага жойлаштириш зарурлигини исботлаш учун. Аммо суд уларга рад жавобини берган. 2023 йил июнида уни тергов изоляторидан шифохонага олиб кетишади, аммо кўп ўтмай қамоққа қайтаришади.

Мусаеванинг адвокатлари Чеченистонда ўзларини кузатишаётганини пайқашган.

Ўғилни онага алмаштириш

2023 йил январида Абубакар Янгулбаев Рамзан Қодировга ўзини онасига айлантиришни таклиф қилади.

«Мен ниманидир қурбон қилиш кераклигини тушунаман. Ўз онамни қурбон қилмоқчи эмасман. Мен унинг учун ўз ҳаётимни қурбон қилишга тайёрман. Энди мен қатъий чораларгача бораман», — деганди у «Холод»га берган интервюсида.

«Агар мени ёки укаларимни терроризмда айблаб, ўғирлашганида, амалда бунга деярли ҳеч ким эътибор қаратмаган бўларди — Россия медиаси ва ҳуқуқ тизими учун Чеченистондаги навбатдаги одам ўғирлиги одатий иш бўлиб кўринади. Онам билан бўлган иш эса, ахлоқдан ташқари иш».

Абубакар Чеченистон ҳукумати онасини қўйиб юбориш орқали жамоатчилик онгида обрўсига тушган доғни тозалаши мумкинлигига умид қилган. Шунинг учун улар ўзининг таклифига рози бўлиши мумкин деб ҳисоблаганди.

Лекин Чеченистон ҳукумати бундай алмашувга рози бўлмади.

Судда ўзига сўнгги сўз берилганида Зарема Мусаева кўзда ёш билан шундай деди: «Мен ҳеч қандай жиноят қилмадим. Одамлар мен қанчалик кўнгилчан одам эканимни билишади. Аллоҳ кўриб турибди, менинг виждоним пок».

Мавзуга оид