Жаҳон | 11:22 / 06.07.2023
8560
2 дақиқада ўқилади

Уриб туширилган «Боинг»: БМТ Халқаро судига Эронга қарши даъво киритилди

Буюк Британия, Украина, Швеция ва Канада Эрон билан «Боинг» ҳалокати қурбонларига товон пули тўлаш борасида келиша олмади ва халқаро судга мурожаат қилди. Украина лайнери 2020 йилда Эрон қуролли кучлари томонидан уриб туширилган. 

Фото: Reuters

Британия, Украина, Швеция ва Канада 4 июль, сешанба куни БМТ Халқаро судига Эронга қарши иш қўзғатиш учун қўшма ариза топширди, дейилади суднинг чоршанба куни эълон қилган пресс-релизида. Ариза 8 январь куни Теҳрон яқинида рўй берган Украина лайнерининг ҳалокати муносабати билан берилган.

Бортда 167 йўловчи ва 9 экипаж аъзоси бўлган, ҳеч ким омон қолмаган. Ҳалок бўлганлар рўйхатида Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 ва Швециянинг 10 фуқароси, шунингдек, бошқа давлатлардан бўлган бир неча йўловчи (жумладан, Германиянинг 3 фуқароси) бор эди. 

Баёнотда таъкидланишича, Эрон «халқаро стандартларга мувофиқ тўлиқ, шаффоф ва холис судгача бўлган тергов ва суд жараёнини ўтказмаган», шунингдек, «Монреал конвенциясининг 1-моддасида айтилган, жиноятнинг ноқонуний ва қасддан содир этилишининг олдини олиш учун барча амалий чораларни кўрмаган». 

2022 йил 6 январда Канада, Буюк Британия, Швеция ва Украина ҳукуматлари вакиллари Эронни 2020 йилда уриб туширилган Украина «Боинг» учун товон тўлаш бўйича музокараларга жалб қилиш уринишдан воз кечгани ва муаммони халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал қилишга ҳаракат қилиши ҳақида баёнот берди. 

«Охирги икки йил давомидаги саъй-ҳаракатларимиз ва ушбу муаммони музокаралар йўли билан ҳал қилиш бўйича кўплаб уринишларимизга қарамай, халқаро комиссия PS 752 рейси уриб туширилгани учун товон пули тўлашга оид музокаралар олиб бориш бўйича кейинги уринишлар ҳозирча фойдасиз деган хулосага келди», — дейилади ҳужжатда. 

2020 йил февраль ойида Украина президенти Володимир Зеленский Теҳрон томонидан қурбонлар оилаларига 80 минг доллар (70 900 евро) тўлаш таклифини рад этиб, бу маблағларни етарли эмас деб ҳисоблади. 

Мавзуга оид