Жамият | 18:57 / 08.07.2023
20896
3 дақиқада ўқилади

Кучли магнит бўронларидан ҳимояланиш усуллари айтилди

Магнит бўронлари туфайли артериал гипертония хасталиги бор одамларда қон босими кўтарилиб, аксинча гипотензив беморларнинг қон босими пасаяди. Қандли диабет билан оғриётган кишиларнинг қонида қанд миқдори ортади.

Фото: Getty Images

8 июлдан Ер сайёрасида ўн тўрт кун давом этадиган магнит бўронлари кутилмоқда. Бундан об-ҳавога сезгир инсонлар эҳтиёт бўлиши лозим, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Олий тоифали шифокор Раъно Носирова магнит бўрони ва унинг салбий таъсиридан қандай ҳимояланиш лозимлиги ҳақида маълумот берди.

— Ернинг магнит майдони таъсири одатда инсонларга сезилмайди, —деди мутахассис. — Бироқ баъзан ушбу майдонда айрим одамлар ҳис этиши мумкин бўлган тебранишлар кузатилади. Бунинг асосий сабабчиси қуёшдир. Қуёш фаоллиги кузатилганда сайёрамизни магнит бўронлари қоплайди. Бу эса сурункали хасталикларга чалинган инсонлар саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Айниқса, юрак-қон томир, асаб тизими касалликлари, қандли диабет ва бронхиал астма билан оғриётган беморлар бу ўзгаришларни кўпроқ ҳис этади.

Шифокор сўзларига кўра, магнит бўронлари туфайли артериал гипертония хасталиги бор одамларда қон босими кўтарилиб, аксинча гипотензив беморларнинг қон босими пасаяди. Қандли диабет билан оғриётган кишиларнинг қонида қанд миқдори ортади.

«Қолаверса, тананинг стрессларга чидамлилиги пасаяди. Оқибатда асаб тизими билан боғлиқ муаммоси бор инсонларда гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайиб, асабийлик, ҳолсизлик, реакция сусайиши ёки кучайиши белгилари юзага келади», деди Носирова.

Қайд қилинишича, магнит бўронлари пайти баъзи одамларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча, уйқучанлик пайдо бўлади. Шу сабабли магнит бўронининг салбий таъсирларидан инсонлар ҳимояланиши лозим.

«Бунинг учун, аввало, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш зарур. Яъни ҳазми оғир таомлардан тийилиш, енгил егуликлар, хусусан, қайнатилган овқатлар, хўл мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади», деб тавсия қилди шифокор.

Шу билан бирга, кунлик таомномада туз миқдорини камайтириш (чунки у қон босимини оширади), жисмоний меҳнатни чеклаш, ақлий зўриқишлардан тийилиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Қолаверса, шу кунлари спиртли ва энергетик ичимликлардан мутлақо воз кечган маъқул. Тез-тез илиқ душ қабул қилиш ҳам магнит бўронининг салбий таъсирини енгишга ёрдам беради.

Сурункали касалликларга чалинганлар керакли дори-дармонларни ўзи билан олиб юриши, ҳар бир препаратни шифокор назоратида қабул қилиши ва қон босимини тез-тез назорат қилиб туриши лозим.

Мавзуга оид