Жамият | 18:54 / 10.07.2023
22276
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда Spark ва Matiz чуқурга тушиб кетди. Бунга нима сабаб бўлди?

Қурилиш майдонида ер кўчиш ҳодисаси кузатилган. Натижада ўпирилган ҳудуд устида турган автомобиллар янги бинонинг пойдевори учун қазилган хандаққа тушиб кетган.

8 июль куни тахминан соат 12:00 ларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани Ниёзбек йўли кўчасида қурилаётган янги бинонинг пойдевори учун қазилган ҳандақнинг бир четида ер ўпирилиш ҳодисаси содир бўлди. Натижада ҳандақ четидаги йўлда турган Matiz ва Spark русумли автомобиллар ҳандақ ичига тушиб кетган.

Ҳодиса тўғрисида ФВВга хабар келиб тушмаган. Тарқалган хабар юзасидан воқеа жойига шаҳар ва туман ФВБ ходимлари чиқиб, ўрганиш ишларини олиб боришган. Автомобиллар махсус техника ёрдамида ҳандақдан чиқариб олинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Аниқланишича, хандақнинг ён қисмидан, яъни маҳалла йўлидан ичимлик суви қувурлари ўтган бўлиб, уларда ёриқлар юзага келган. Оқибатда сув сизиб чиқиб, тупроқнинг намлиги ошган. Шу сабабли ҳандақда тупроқ зичловчи техника ишлаган вақти ер қатламининг юмшаган қисмида ер кўчиш ҳолати юзага келган.

Фото: Kun.uz

Маълум бўлишича, ҳудудга масъул инспектор томонидан буюртмачи ва лойиҳачи ташкилоти вакиллари лойиҳасини ишлаб чиқмагунга қадар хандақда қурилиш ишларини тўхтатиб туриш тўғрисида кўрсатма берилган. Тупроқ ўпирилиши содир бўлган йўл ҳар томондан ҳимоя тўсиқлари билан ёпиб қўйилган.

Мавзуга оид