Жаҳон | 19:01 / 11.07.2023
14514
4 дақиқада ўқилади

НАТО саммити: иттифоқчилар бир-биридан нима кутмоқда?

11 июл куни Литва пойтахти Вилнюсда бошланган НАТО саммитининг асосий масаласи, албатта, алянснинг Украина билан муносабатлари, бироқ НАТО давлатларининг Украинани қўллаб-қувватлаш ва ҳарбий блокнинг умумий ҳолати бўйича бир-бирига саволлари ҳам бор.

Фото: Reuters

Саммитнинг асосий «тўқнашув нуқтаси» ҳаммага маълум: Украина ва НАТО шарқий қанотига кирувчи мамлакатлар Украинанинг алянсга кириши учун аниқ режа-жадвални хоҳлайди, шартли «эски Ғарб» мамлакатлари эса маълум бир манёвр эркинлигини сақлаб қолишни истайди.

Байден ва сайлов муаммоси

АҚШ президенти Жо Байден учун параллел вазифа ҳам бор: президентлик сайлови бир йил-у тўрт ойдан кейин ўтказилса-да, Америка иттифоқдошларига Украинага ёрдам беришдан тўхтамаслигини исботлаши керак.

BBC’нинг Шимолий Америка бўйича мухбири Энтони Зуркернинг сўзларига кўра, республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлганлар Украина масаласида турлича фикрда. Байден улардан бири билан якуний босқичда кураш олиб боришига тўғри келади.

Республикачилар партиясидан асосий номзод бўлишга даъвогар Доналд Трамп Украина масаласида ноаниқ ва тушунарсиз баёнотлар бермоқда. Жумладан, урушни 24 соат ичида тўхтатишини айтди, аммо бунга қандай эришмоқчи эканини тушунтирмади.

Бошқа республикачилар, хусусан, собиқ вице-президент Майк Пенс ва Қўшма Штатларнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейли Украинани тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

Фото: Reuters

BBC мухбирининг таъкидлашича, Байден маъмурияти расмийлари сайловолди кампанияси Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш жараёнини муқаррар равишда, ҳеч бўлмаганда вақтинчалик мураккаблаштиришини тан олишади.

«Байденнинг вазифаси — буни тан олиш. Лекин шу билан бирга ўз лавозимида қолар экан (18 ой ёки яна 4 йил давомида) демократик йўл билан сайланган бошқа раҳбарларни ишончли ҳамкори бўлишига ишонтириш», деб хулоса қилди мухбир.

Британия ҳарбий маблағлар бўйича

Буюк Британия Украинанинг НАТО ташкилотидаги энг фаол иттифоқчиларидан бири ва бош вазир Риши Сунакнинг Украинани алянсга қабул қилиш борасидаги позицияси «эски» иттифоқдошлардан кўра Киевнинг ўзи ва шарқий қанотдаги давлатларникига яқинроқ.

Вилнюсга йўл олар экан, Сунак журналистларга Украинанинг ўрни НАТОда эканини ва саммит иштирокчилари бу масала бўйича қандайдир «аниқ ютуқлар»га эришиши кераклигини айтди.

Бундан ташқари, Сунак Вилнюсда яна бир бор иттифоқчиларни ўз мажбуриятларини бажариш ва ҳарбий эҳтиёжлар учун ЯИМнинг камида 2 фоизини сарфлашни бошлашга чақирмоқчи.

2014 йилда Қрим Россия томонидан босиб олинганидан сўнг, НАТО давлатлари Уэлсдаги саммитда ўн йил ичида ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 2 фоизигача ва ундан ҳам кўпроққа оширишга ваъда беришган эди. Бу муддат бир йилдан кейин тугайди.

Фото: Reuters

Ҳозир НАТОнинг 31 давлатидан фақат 9 таси ушбу талабни бажармоқда. Келгуси йилга қадар яна 11 давлат бунга эришмоқчи. Аммо Риши Сунак саммитда алянснинг барча аъзолари ҳарбий харажатларни керакли миқдорга ошириш бўйича аниқ режани тақдим этишига эришмоқчи. Шунингдек, иттифоқчиларни Россия босқинининг сабоқларини ҳисобга олишга ва ҳарбий кучларининг самарадорлиги ва ҳаракатчанлигини оширишга даъват қилмоқчи.

Бундан ташқари, Сунак саммитда BAE systems компанияси билан ҳукумат шартномаси бўйича снарядлар ишлаб чиқаришни 200 миллион фунт стерлингга (тахминан 260 миллион АҚШ долларига) кескин ошириш режаларини расман эълон қилмоқчи.

Путинни ишонтириш

BBC дипломатик мухбири Жеймс Ландейл қайд этганидек, ушбу саммитнинг умумий стратегик мақсади Путинга НАТО Украинага узоқ муддатли ҳарбий ёрдам кўрсатишга содиқлигини кўрсатишдир.

Ландейл сўзларига кўра, ғарб сиёсатчилари шу йўл билан Путинга агар у Ғарб Украинага ёрдам беришдан чарчамагунча кутишни умид қилса, умидлари пуч эканини кўрсатишга уринмоқда.

«Шу нуқтайи назардан, баъзилар бу саммит Путинни стратегияни ўзгартиришга мажбур қилишда худди жанг майдонидаги муваффақиятлар каби муҳим деб ҳисоблайди», деб хабар берди мухбир.

Мавзуга оид