Ўзбекистон | 09:11 / 12.07.2023
2528
2 дақиқада ўқилади

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилади

1 июлдан бошлаб туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади.

Президентнинг “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Фармонда аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш, хавф гуруҳларига тушиб қолган оилаларни аниқлаш ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали уларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратишга эътибор қаратилган.

Эндиликда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ва 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади.

Ушбу марказлар ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш ишларини амалга оширади.

Эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш марказнинг асосий вазифаларидан бири саналади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид