Ўзбекистон | 18:55 / 12.07.2023
13662
6 дақиқада ўқилади

«Оломон» халққа айландими? — файласуф, ёзувчи ва сиёсатшунос баҳси

Шоир шеърида қаламга олган бу масала ҳозир қанчалик долзарб?

Шоир, таржимон ва давлат арбоби Абдулла Орипов 1980 йилда ёзилган «Оломон» шеърида жамиятга қарата шундай хитоб қилган эди:

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?!

Хўш, ўша 80-йилларда ўзбек жамияти учун оломончиликдан қутулиб, халқ бўлиш мавзуси долзарб бўлган, зиёлиларга оғриқ берган экан, ўтган ўн йилликлар бизга бир миллат, бир халқ бўлиш учун етарли бўлдими? Ҳа бўлса, буни қандай биламиз-у, йўқ бўлса, нега, нималар тўсиқ бўляпти?

Ўзи умуман, халқ, миллат, оломон нима дегани? Уларнинг белгилари, параметрлари қандай? 

Kun.uz мухбири айни саволлар атрофида бир гуруҳ зиёлилар билан интервю ўтказди. Интервю меҳмонлари ёзувчи Улуғбек Ҳамдам, файласуф Виктор Алимасов ва сиёсатшунос Ҳамид Содиқ бўлди.

— Интервюга кириш сўзимда бугун оломон, миллат ва халқ ҳақида гаплашамиз, дедим. Келинг, дастлаб мана шу тушунчаларга бирма-бир таъриф берсак, яъни улар нима ўзи, белгилари, параметрлари қандай? 

Наздингизда биз, ўзбекистонликлар бугун уларнинг қай бирига мансубмиз?

Виктор Алимасов:

— Биринчидан, шоирларнинг ҳамма гапига ҳам қўшилиб бўлмайди. Чунки улар оний кайфият билан ҳам ёзади, Орипов ҳам шундай қилгандир балки.

Этнографик нуқтайи назардан қарасак, ўзбеклар Бақтрия, Сўғд давлатлари мавжуд бўлган даврдан бери бор дейилади. Миллат сифатида 16-17 асрда шаклланган дейилади. Тарихий факт булар. Оломон эса мудом бўлган. Мақсадлари, истаклари оний бўлган, ҳаракатлари айни ҳис-туйғуларидан кўчган одамлар жамланмаси оломон бўлади. Уларнинг мақсади жуда тез ўзгаради, идора қилиб бўлмайди. Ижтимоий давлат яратишда бизга миллат, халқ ва оломондан қай бири керак, деган саволлар ҳам уйғонади, ўринли масала бу.

Улуғбек Ҳамдам:

— Шоирнинг ўзига ишонмасак ҳам, сўзига ишонса бўлади. Орипов кўтарган мавзу бугун ҳам яшаяпти, мана Kun.uz студияси муҳокамасида эпиграф қилиб оляпмиз бу мисраларни. Демак, ҳали ҳам оломончилик кайфияти бор, миллат зиёлилари эса халқ бўлишни ҳали ҳам орзу қиляпти.

Этимологияси айтилди юқорида. Иерархик жараёнда қабилалар элатга, элатлар миллатга айланади. Халқ тушунчаси эса миллат тушунчасига қай бир маънода синоним.

Шундай бир даврлар бўладики, бошқарув, умумғоя кўмагида элатларнинг миллатга айланиши тезлашади. Абдулла Орипов ўша шеърни ёзган 80-йилларда миллатлик хусусиятлари бор эди бизда. Баъзи омиллар, хусусан, бошқарув омили билан миллатлар элат, оломон даражасига тушиб қолиши ҳам мумкин экан. Ўз ҳаётий кузатишларимда бунга гувоҳ бўлдим кўп бор.

Миллат тарихий тараққиёт даврида тили, иқтисодий доираси, ҳудуди бир бўлиши ва муайян муштарак дунёқарашга эга бўлиши керак. Мана шундай омиллар ичида ривожланувчи одамларга миллат дейилади. Ҳали миллат бўлиш орзу. Бугунги Ўзбекистон халқи ҳали миллат бўлиб, халқ бўлиб шаклланганича йўқ. Лекин жараёндамиз, шунга қараб бориляпти. Миллат сифатида шаклланишни тезлаштириш ёки терслаштириш бошқарувга боғлиқ. Ҳатто маҳаллийчилик, уруғлаштириш даражасига ҳам тушиб қолиш мумкин.

Мен Туркияда ўқиганман. У ерда қаерда туғилгансан, деб сўралиши мумкин эди, холос. Қолгани умумий ғоялар, дунёқарашга боғлиқ эди. Уруғ суриш, маҳаллийчилик йўқ эди. Миллат мана шундай даражада бўлади. Бизда ҳам яхши тадбирлар бўлса, миллатлик сари тез силжиймиз, акси бўлса, тубанлаймиз.

Ҳамид Содиқ:

— Миллат, халқ, оломон тушунчалари охир-оқибатда сиёсий тушунча. Чунки давлатчилик билан белгиланади. Аристотел фикрига кўра, этнослар қачонки полития бўлса (сиёсийлашса), ўшанда миллатга айланади. Бир этнос давлат қура олса, у халқ бўлган бўлади.

Тарихий жиҳатдан Ўзбекистоннинг ўз давлатчилиги бор. Ҳозир юридик нуқтайи назардан, халқаро доирада ҳам бизнинг давлатчилик бор ва халқ ҳисобланамиз. Лекин бошқа масала бор: биз сиёсий халқмизми? Шунчаки халқ бошқа, сиёсий халқ бошқа. Демак, шу масалада баҳс бўлиши керак.

Сиёсий халқ шундайки, улар сиёсий элитага берган ҳуқуқларни назорат қила оладиган, президентини, Олий Мажлисини, Вазирлар Маҳкамасини баланслай олиб, назорат қилолади. Элита ноқонуний ҳаракатлар қилса, ҳокимиятдан ҳайдай оладиган ва чуқур тушунадиган, сиёсий томондан бирлашиш нуқталарни топа оладиган бўлади. Бирлашиш нуқта қандай: дейлик, Андижонда бир кишининг ички ишлар идорасидан жасади чиқса, Хоразмдаги миллат вакили ўзида оғриқ сезади ва бу умумий Ўзбекистонда содир бўлади. Натижада ҳукуматга босим ўтказади.

Бизда бир чалкашлик бор. Тушуниб олиш керак. Платон, Аристотел ва бошқа файласуфлар айтадики, жамиятнинг массасини омма ташкил қилади. Мана шу оммадан элита етишиб чиқади. Биздаги омма элитани генерация қилолмаяпти. Ўрта асрларда массадан етишиб чиққан элита ўша ернинг ўзида бўларди, четлашиб кетиши қийин эди. Бугун эса бемалол массадан йироқлашади элита. Ҳокимиятни тийиб туришга ўргатадиган элита йўқ, узилиб қоляпти.

Бугун бизда давлатчилик борми, демак, халқ ҳам бор. Ҳозирги муҳокама, кўтарилаётган масала ҳокимиятни тийиб тура оладиган сиёсий халқ, миллатга айланиш йўлида бўляпти.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид