Спорт | 18:06 / 14.07.2023
20963
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимияти «Пахтакор» клубига 7 миллиард сўм ажратди

Фото: Пахтакор ФК

Суперлига давралар оралиғида ўз таркибини кучайтираётган «Пахтакор» клуби Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан молиявий қўллаб-қувватланди.

«E-qaror» ягона электрон тизимга жойлаштирилган ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов қарори билан «Пахтакор» футбол клубига Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳисобидан 7 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган.

Қарорда қайд этилишича, маблағ «Пахтакор» ФК МЧЖнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал хизматлар ва ўйин ўтказиш харажатларини қоплаб бериш учун сарфланади.

Маълумот ўрнида, «Akfa» компанияси ҳомийлигидаги «Пахтакор» клубининг раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев саналади. Тошкент шаҳар собиқ ҳокими ўтган ойда «Пахтакор»нинг Қибрайдаги қароргоҳида футболчилар билан учрашиб, «клубга яхши шароитлар яратиб беришда давом этилишини» маълум қилганди.

«Пахтакор» Ўзбекистон чемпионати 1-даврасидан кейин 28 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди ва пешқадам «Навбаҳор»дан 1 очкога ортда қолмоқда, аммо «шерлар» захирасида бир ўйин бор.

Аввалроқ, Тошкент клуби Россиянинг «Торпедо» жамоасидан Ҳожимат Эркинов «Пахтакор»га қайтарилгани ҳамда жамоа сафига польшалик 32 ёшли легионер Михал Кухарчик келиб қўшилгани ҳақида эълон қилганди.

Мавзуга оид