Жаҳон | 09:11 / 15.07.2023
4907
2 дақиқада ўқилади

Эстония Россия «ФСБ» ходимини АҚШга экстрадиция қилди

Вадим Коношченок Эстонияда бўлганида Россияга АҚШда ишлаб чиқарилган электроника ва экспортга мўлжалланган ўқ-дориларни жўнатган, деб ҳисоблайди АҚШ расмийлари. 

Фото: AP

Эстония расмийлари томонидан ҳибсга олинган Россия фуқароси Вадим Коношченко АҚШга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда 14 июль, жума куни АҚШ Адлия вазирлиги маълумот берди

АҚШ расмийларига кўра, Коношенок Россия Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») ходими. У Эстониядан Россияга Америка компанияларининг маҳсулотларини, жумладан, Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар туфайли экспорт назорати остидаги электроника ва ўқ-дориларни контрабанда йўли билан олиб ўтишда гумон қилинмоқда. 

14 июль куни Бруклин федерал судида бўлиб ўтган суд мажлисида Коношенко ўз айбига иқрор бўлишдан бош тортди. Суд уни 31 июлга белгиланган навбатдаги суд мажлисигача ҳибсда қолдирди.

2022 йилнинг декабрида Вадим Коношенко АҚШ талабига биноан Эстонияда ҳибсга олинган эди. Ўша ойда АҚШ расмийлари беш россиялик ва икки америкалик фуқарони Россия мудофаа саноати учун электрон компонентлар ва ўқ-дорилар контрабандасида айблади.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, айбланувчилар Москванинг «Серния Инжиниринг» ва «Сертал» компаниялари манфаатларини кўзлаб иш тутган. Бу фирмалар, Вашингтонга кўра, «Россия разведка идоралари раҳбарлигида Россия ҳарбий-саноат комплекси ва илмий тадқиқот сектори учун илғор электроника ва мураккаб синов ускуналарини сотиб олади».

Айбланувчиларнинг ҳар бири 30 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид