Жаҳон | 12:12 / 17.07.2023
22074
5 дақиқада ўқилади

«Денгизлар рамзи» улкан лайнери саёҳатга тайёр. У нимаси билан ҳайратланарли?

“Денгизлар рамзи” деб номланган “Титаник”дан 5 баробар катта лайнер 2024 йилдан саёҳатни бошлайди. Маямидан то Шарқий ва Ғарбий Кариб денгизини 7 кун айланиш нархи 3000 доллардан 15 000 долларгача етади. Сузиб юрувчи улкан меҳмонхонада ҳатто голф ўйнаш, театр томоша қилиш мумкинлиги айтиляпти.

Фото: Getty Images

“Cruise ship” ўзбек тилида “саёҳат кемаси” маъносини беради. Бундай кемаларнинг юк ташувчи лайнерлардан фарқи фақат саёҳат учун мўлжалланганида. Шундай лайнерлардан бири “Icon of the Seas”(Денгизлар рамзи) ўз саёҳатини бошлаш арафасида.

Icon of the Seas

“Денгизлар рамзи” нимаси билан ҳайратланарли?

Финландиядаги Meyer Turku заводида ишлаб чиқарилган “Денгизлар рамзи” 22 июн куни ўзининг очиқ денгизга илк синов сузишини якунлади. Маълум бўлишича, синовлар давомида “Icon of the Seas” юзлаб километр йўл босиб ўтган. Унинг двигателлари, корпус, тормоз тизимлари, рул бошқаруви, шовқин ва тебраниш даражалари текширувдан ўтказилган. Октябрда саёҳатини бошлаши керак бўлган кема шамол туфайли 2024 йилнинг январида сафар қиладиган бўлган.

Royal Caribbean International компаниясига тегишли бўлган бу лайнер саёҳатчилар орасида яхшигина шов-шувларга сабаб бўляпти. Чунки у айни вақтда дунёдаги энг катта “сузувчи меҳмонхона” деб эътироф этиляпти.

Узунлиги 365 метр, оғирлиги 250 тонна 800 килограмм. Улкан лайнер 5610 йўловчи ва 2350 нафар экипажни ўз ичига олади. Кема 20та палубадан иборат, 8та маҳаллага эга.

Турар жой қисми денгиздаги энг катта сув парки бўлиши кутиляпти. Кема ичида “Category 6” деб номланган 6та сувли аттракцион бор.

Royal Caribbean International компанияси бундай кемалар қуриш тажрибаларини 50 йилдан бери амалга ошириб келади. “Денгизлар рамзи” лайнеридан олдин компаниянинг “Wonder of the Seas” лайнери дунёнинг энг катта саёҳат кемаси сифатида танилганди.

Лайнер ичида нималар бўлади?

Кема 1 йил давомида Маямидан бошлаб Шарқий ва Ғарбий Кариб денгизига 7 кунлик таътилга чиқади. Лайнерда саёҳат қилиш нархи жойига қараб 3,408 доллардан бошланиб, 15386 долларгача боради. Қанчалик яқин саналарда чипта олсангиз, шунча қимматроқ тўлайсиз. Компаниянинг маълум қилишича, чипталар кунлик рекорд даражада тез сотиляпти. 

Саёҳат давомида овқатланиш, турли ичимликлар ишиш ва 40дан ортиқ кўнгилочар усулларда ҳордиқ чиқариш, голф ўйнаш ҳам мумкин. Кемада 28 хил турдаги турар жойлар бор. Кўпроқ жой оилавий саёҳатга чиққанлар учун ажратилган.

Айни дамда 2600га яқин ишчи кемани сузиш учун тайёрламоқда. Иккинчи синов саёҳати 2023 йилнинг охирида бўлиши кутиляпти.

Кема дизайни ҳақида одамлар фикри

Компания кема дизайнини эълон қилганда, бу Twitter фойдаланувчилари орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар лайнернинг ташқи кўринишини қўпол ва бесўнақай деб ҳисоблаган.

“У худди даҳшатли тушга ўхшайди”, – деган бир фойдаланувчи. Бошқаси эса уни кўрганида қўрққанини ёзган.

Яна бошқалар бу расм Pixar компанияси мултфилмларини эслатиб юборишини ёзган бўлса, кимдир кемани Титаникка ўхшатган.

“Менимча бу филмни олдин кўрганман. Якун Жекка ёқмаган”, – деб ёзган бошқаси. 

“Денгизлар рамзи” ягона эмас

Бундай улкан кемаларнинг денгиз саёҳатига чиқиши 1990 йиллардан бошланган. 2000 йиллардан бошлаб ҳар йили 9-10та круиз денгиз саёҳатига кириб келади. Улар худди сузувчи меҳмонхонага ўхшайди. Меҳмонхона тақдим қиладиган барча қулайликларга эга. Мега кемаларда верандали палубалардан тортиб, театрлар, мазали таомларга эга ресторанлар тармоғи, курорт зоналар, фитнес марказлари, казинолар, спорт иншоотлари ва ҳаттоки аттракционларни ҳам учратиш мумкин.

“Icon of the Seas” лайнеригача энг катта саёҳат лайнери “Wonder of the Seas” деб аталиб, у ҳам Royal Caribbean International компаниясига тегишли бўлган. 2022 йилда денгизга кириб борган бу кема узунлиги 362 метр, оғирлиги 236 857 тоннани ташкил қилган. 18 палубадан иборат. Энг кўпи билан 6988 йўловчини сиғдира олади.

Унда меҳмонлар учун 16 та палуба, 20та ресторан, 4та бассейн ва 2867та кабина, болалар майдончаси, баскетбол майдони бор. Бу лайнерда конкида ҳам учса бўлади. Унинг 1400 ўринли театри, 30 ўринли очиқ сув театри ва 10 мингдан ортиқ ўсимлик ва гулларга эга бўлган парклари бор.

Бундан ташқари, Royal Caribbean International’нинг “Symhony of the Sea” (2018), “Hormony of the Sea ”(2016), “Allure of the Sea” (2009) каби лойиҳалари денгиздаги энг катта меҳмонхоналар ўрнини бўшатмай келяпти.  

Мавзуга оид