Қрим кўпригида яна портлаш. Асосий маълумотлар
Кўприкка сувусти дронлари ҳужум қилган. Россия расмийларига кўра, портлаш оқибатида Белгород областида яшовчи эр-хотин ҳалок бўлган, бир бола яраланган.
17 июлга ўтар кечаси Қрим кўпригида портлаш рўй берди. «ВКонтакте»даги Россия пабликлари, шунингдек Украинага босқинни қўлловчи блогерлар кўприкда икки бор - тунги соат 3:04 ва 3:20 да портлашлар рўй берганини хабар қилишган. Аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов соат 4:21 да Краснодар ўлкаси томондан келишдаги 145-таянч устун ҳудудида рўй берган «фавқулодда ҳолат» туфайли кўприкда ҳаракатланиш тўхтатилганини хабар қилди. Кўприкда аввалига поездлар ҳаракати ҳам тўхтатилганди, соат 8:40 дан поездлар қатнови тикланди. Рўй берган ҳодиса юзасидан барча хизматларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун оператив штаб тузилган.
Кремл таъсиридаги Readovka нашри кўприкка ракета урилгани, бунинг натижасида 145-таянч устуни ағдарилгани, икки оралиқ ёпмаси қулаб тушгани ҳақида ёзди. Гувоҳлар олган видеоларда устун бутун турганини кўриш мумкин. РФ транспорт вазирлиги кўприкда Қрим томон келувчи йўл қопламаси шикастлангани, аммо «оралиқ ёпмалари конструкцияси ўз устунларида тургани»ни маълум қилди. Қрим парламенти раҳбари Владимир Константинов кўприкка украин кучлари ҳужум қилганини айтди. ТИВ вакили Мария Захарова ҳам шундай деб ҳисоблашини билдирган. РФ мудофаа вазирлиги ҳозирча портлаш сабаби юзасидан изоҳ бермади.
Россия расмийларига кўра, икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Белгород области губернатори Вячеслав Гладков маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Белгород областидан бўлган жуфтлик ҳалок бўлган, уларнинг вояга етмаган қизи эса ўрта оғирликда жароҳат олган. Россия нашрлари маълумотига кўра, Новое Осколдан бўлган Алексей ва Наталья Кулик ҳалок бўлган, улар мос равишда 40 ва 36 ёшда эди. Расмийларга кўра, 14 ёшли қизга ёпиқ мия жароҳати ташхиси қўйилган, унинг ҳаётига хавф йўқ, у ҳушида ва мустақил нафас олмоқда.
Қрим кўпригига автомобиллар ўтказилмаяпти. Автомобил ҳайдовчиларига аннексия қилинган ҳудудлар орқали ўтувчи «муқобил йўналиш» таклиф қилинмоқда. Ҳукуматпараст «Главный мост» телеграм-канали ҳайдовчилар Қримга қандай бориши мумкинлиги кўрсатилган харитани эълон қилган: йўл Мариупол, Бердянск ва Мелитопол орқали ўтади. РФ транспорт вазирлиги ҳам аннексия қилинган ҳудудлар орқали ҳаракатланишни тавсия қилган. Керч паром кечуви вақтинча ишламади, портлашдан кейин Қримга илк паром соат 10 да йўл олди.
Қрим шарқида сайёҳлар учун вақтинчалик жойлаштириш маркази очилади, бу ҳақда аннексия қилинган Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючковга таяниб «Интерфакс» хабар берган. Мулозимнинг сўзларига кўра, бу пунктларда сайёҳлар «муқобил йўналиш, темирйўл алоқаси ва паром қатнови бўйича исталган маълумот ва ёрдамни олиши» мумкин бўлади. Крючковнинг қайд этишича, Қримдан чиқишда аннексия қилинган ҳудудлар йўналиши бўйлаб учта ўтказиш пункти фаолият кўрсатади: Армянск, Жанкой, Перекоп. Кун аввалида Қрим раҳбари яриморолга дам олишга келганларни имкон қадар меҳмонхоналар ва санаторияларда қолишга чақирганди.
Қрим кўпригига ҳужум Украина хавфсизлик хизмати ва Украина Ҳаво-денгиз кучларининг махсус амалиёти бўлган, деб хабар қилди «Украинская правда» ва «РБК-Украина» нашрлари Украина хавфсизлик хизматидаги манбаларга таянган ҳолда. Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, кўприкка сувусти дронлари орқали ҳужум қилинган. «Кўприккача етиб бориш қийин бўлди, аммо охир-оқибат биз бунга эришдик», — деган «РБК-Украина» манбаси.
Кўприкдаги портлашдан бир неча соат олдин Украина қуролли кучлари Қуруқлик қўшинлари бошлиғи Олександр Сирский россияликлар учун «алла айтиш»га тайёргарлик кўрилаётганини ёзганди. Бундай пост унинг телеграмида 16 июл куни кечқурун пайдо бўлган, унга украин ва рус нашрлари эътибор қаратганди. ОАВ портлашда Украина хавфсизлик хизматининг қўли борлиги ҳақида хабар берилганидан сўнг, УХХ телеграмдаги саҳифасида украин алласи ҳақидаги қўшиқдан парчани кўприк «яна „ухлаш“га кетгани» ҳақидаги сатр қилиб ёзди.
РФ Тергов қўмитаси «Теракт» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Тергов маълумотларига кўра, 17 июлга ўтар кечаси «Украина махсус хизматлари томонидан содир этилган террорчилик ҳужуми» туфайли Қрим кўпригининг бир қисмига шикаст етган, тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлган, ёш бола яраланган. РФ Миллий аксилтеррор қўмитаси (НАК) ҳужумда украинларнинг иккита пилотсиз сувусти аппарати иштирок этганини хабар қилди.
Украина ҳарбий разведкаси Қрим кўпригидаги ҳодиса сабабини изоҳлашдан бош тортиб, кўприкнинг ўзини «ортиқча конструкция» деб атади. Бу ҳақда «Суспильне»га Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси расмий вакили Андрий Юсов айтган. «Фақат Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Будановнинг „Қрим кўприги — бу ердаги ортиқча конструкция“ экани ҳақидаги сўзларини келтиришим мумкин», — деган Юсов. Унинг сўзларига кўра, кўприкнинг бир қисми вайрон қилингани туфайли Россия кучларида логистика билан боғлиқ муаммолар юзага келади, чунки Қримдан «Куч ва воситаларни Украина ичкарисига олиб кириб жойлаштириш учун йирик логистик ҳаб» сифатида фойдаланилади. Украина ҚК «Жануб» оператив қўмондонлиги спикери Наталя Гуменюк эса кўприкдаги портлаш Россия томони провокацияси бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Гуменюк 17 июл куни ғалла келишуви муҳлати якунлангани ва узайтирилмагани ҳақида эслатиб ўтган.
Портлашдан бир ҳафта олдин РФ мудофаа вазирлиги Украина армияси Қрим кўпригига ҳужум қилишга урингани ҳақида хабар берганди. Россия ҳарбий идораси украин ҳарбийлари 9 июл куни Қрим, Ростов ва Калугадаги нишонлар бўйлаб «зарбдор версияга айлантирилган С-200 зенит ракеталари»ни отганини маълум қилганди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари тўрт ракетани уриб туширгани айтилган.
2022 йил октябрида рўй берган портлаш туфайли 2022–2023 йилларда Қрим кўприги бўйлаб ҳаракат чекланганди. Россия расмийлари ўтган йил кузидаги портлашда украин ҳарбий разведкасини айблаган, Киевдагилар буни рад этганди, аммо июл ойида Украина мудофаа вазирлиги Қрим кўпригидаги портлашни мамлакат қуролли кучларининг урушнинг 500 кунлигида эришган ютуқлари қаторида санаб ўтди. Сўнгги ҳафталарда Қрим кўприги олдида кўприк бўйлаб ҳаракатланувчи барча енгил автомобиллар мажбурий кўрикдан ўтказилиши туфайли кўплаб километрларга чўзилган тирбандликлар кузатилаётганди.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024