ЕИ ва Тунис ноқонуний миграция бўйича муросага келди
Европа Иттифоқи Тунисга ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун 900 миллион евро молиявий ёрдам беради. 100 миллион евро денгизда муҳожирлар қайиқларини қидириш ва уларни уйига жўнатиш учун мўлжалланган.
Ўрта Ер денгизи орқали Европа Иттифоқига ўтиш учун хавфли уринишлар қилаётган муҳожирлар сони ортиб бораётган бир пайтда, Брюссел ва Тунис ноқонуний миграцияга қарши биргаликда курашни кучайтиришга қарор қилди. Тегишли ҳужжат имзолангани ҳақида 16 июль, якшанба куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Италия ва Нидерландия бош вазирлари Марк Рютте ва Жоржа Мелони ҳамда Тунис президенти Кайс Саид маълум қилди.
Ушбу келишувга кўра, Европа Иттифоқи оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган Шимолий Африка давлатига 900 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатади. Европа сиёсатчилари иштирокида ушбу келишув бўйича музокаралар тахминан бир ой олдин Тунисда бўлиб ўтган. Ўз навбатида, Тунис ноқонуний миграцияга фаол қаршилик кўрсатиш ва контрабандачиларнинг ўз қирғоқларидан Европага боришга уринишини тўхтатиш мажбуриятини олди.
«Биз яхши келишувлар пакетини туздик. Энди уларни амалда қўллашимиз керак», - деди Урсула фон дер Ляйен. Ўз навбатида, Саид келишувларни «имкон қадар тезроқ» амалга оширишга ваъда берди. У ноқонуний миграция атрофидаги вазиятни «ғайриинсоний» деб атади ва бу муаммони биргаликда ҳал қилиш мумкин, деган фикрни билдирди.
ЕИ маблағларидан 100 миллион евро денгизда муҳожирларни қидириш ва қутқариш, шунингдек, уларни ўз ватанига қайтариш учун йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Бу шу пайтгача Тунисга Европа бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган ўртача йиллик маблағдан уч баробар кўпдир.
Қайд этилишича, жорий йилда Европа Иттифоқига Ўрта Ер денгизи орқали келган ноқонуний муҳожирлар сони кескин ошган. Кўпчилик учун Тунис транзит нуқтасидир. Муаммо айниқса Италия учун кескин. Йил бошидан буён у ерда денгиз орқали мамлакатга келган 75 минг муҳожир рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 31,9 минг эди.
Италия бош вазири Жоржа Мелони сўзларига кўра, у Европа Иттифоқи Шимолий Африканинг бошқа давлатлари билан Тунис келишувига ўхшаш шартномалар туза олишига умид қилмоқда.
Қайд этилишича, Туниснинг пул олиши учун эса бошқа масала бўйича ижобий қарор қабул қилиниши керак. Мамлакат ҳалигача ХВЖ ваъда қилган 1,9 миллиард долларлик кредитни қабул қилмади, чунки президент Саид зарур ислоҳотларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олмаяпти, дея эслатади dpa агентлиги.
Мавзуга оид
11:29 / 06.11.2024
Украинага ёрдам: ЕИ АҚШ сайловлари натижаларини кутмоқда
10:08 / 06.11.2024
ЕИдаги ёнувчи посилкалар: Литвада гумондорлар ушланди
12:30 / 05.11.2024
Жанубий Корея ва ЕИ КХДР аскарлари Россияга юборилганини қоралади
10:30 / 05.11.2024