Ўзбекистон | 18:59 / 20.07.2023
11544
2 дақиқада ўқилади

Жазирама иссиқдан сақланиш бўйича тавсиялар берилди

Зарурат бўлмаса, ҳарорат юқори соатларда кўчага чиқмаслик ва оғир жисмоний ишлар билан шуғулланмаслик лозим.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси жазирама иссиқдан сақланиш бўйича тавсияларини эълон қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда хабар берди.

Қайд қилинишича, аномал ҳарорат кузатилаётган даврда иссиқ ўлкаларга саёҳат қилишдан аввал об-ҳаво прогнозидан хабардор бўлиб, эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда йўлга чиқиш зарур.

Жазирамада доим сув олиб юришни унутмаслик керак. Зарурат бўлмаса, ҳарорат юқори соатларда кўчага чиқмаслик ва оғир жисмоний ишлар билан шуғулланмаслик лозим.

Иссиқда транспорт воситаси ичида болалар ва ҳайвонларни қолдириш тўғри эмас. Иложи бўлса, кундузи камида икки-уч соат давомида салқин жойда вақт ўтказган маъқул.

Тунда хона деразаларини очиш, кундузи офтоб нурини қайтариш учун деразаларга парда тутиш ва ўзидан иссиқ чиқарувчи электр мосламаларидан камроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Организмнинг сувсизланишига йўл қўймаслик учун кунига етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш жуда муҳим.

Мутахассислар, шунингдек, енгил, табиий матодан тикилган ва кенг либослар кийишни, имкон қадар тез-тез салқин душ ёки ванна қабул қилишни, шакарли, алкоголли ёки кофеинли ичимликлардан воз кечишни тавсия қилади.

Кўп вақтини ёлғиз ўтказадиган яқинлар, дўстлар ва қўшнилар ҳолидан мунтазам хабардор бўлишни ёддан чиқармаслик керак. Чунки иссиқ кунларда улар ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин.

Аномал ҳарорат таъсирида ўзингиз ёки яқинларингизда бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби аломатлар кузатилса, шифокорга учрашиш тавсия қилинади.

Агар атрофдаги инсонларда офтоб тиғи туфайли ғайриоддий белгилар, масалан, хушни йўқотиш, талваса, ақлдан озиш каби симптомлар юзага келса, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.

Мавзуга оид