Жамият | 17:24 / 20.07.2023
34917
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда қутуриш касаллигига гумон қилинган фуқаро вафот этди

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида эпидемиологик вазият назоратга олинган.

Иллюстратив фото

Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 2023 йил 18 июл куни соат 19:20 да қутуриш касаллигига гумон қилиниб, бир нафар фуқаро ётқизилган.

Санэпидқўмита ахборот хизмати хабарига кўра, фуқарони 2023 йил феврал ойида ўзининг 3 ёшли, қора рангли ити чап оёқ болдир соҳасини тишлаган. Июл ойигача бўлган вақт давомида бемор тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаган. 

Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонаси томонидан беморда ўтказилган даво муолажасига қарамасдан, у 19 июл куни соат 21:35 да вафот этган. Бемордан намуна олиш учун патологик анатомия текширувига жўнатилган.

Марҳумга жароҳат етказган итни бошқа фуқароларга жароҳат етказганлигини ўрганиш ва касаллик олдини олиш мақсадида марҳум яшаш манзилида штаб ташкил этилган. Тиббиёт ходимларидан иборат 10 та гуруҳ тузилиб, 32 нафар тиббиёт ходимлари хонадон айланиш тадбирларига жалб этилган. Санэпидқўмитанинг Боёвут тумани бўлими 10 нафар ходими эпидемиологик суриштирув ишларини олиб бормоқда. 

Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқарма масъуллари ҳамда туман мутахассислари томонидан маҳалладаги барча хонадонлардаги итларни, мушукларни қутуриш касаллигига қарши эмлаш тадбирлар олиб борилаётгани билдирилган.

Мавзуга оид