Жаҳон | 08:40 / 22.07.2023
6391
2 дақиқада ўқилади

Жейк Салливан: «Вагнер» Украинадаги урушда қатнашмаяпти

«Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари ҳозирда Украина ҳудудида жанг қилмаяпти. Бу ҳақда 21 июль куни Аспен хавфсизлик форумида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди. 

Sky News канали веб-сайтида таъкидланганидек, Салливан ўз баёнотини ХҲК асосчиси Евгений Пригожин томонидан шу ҳафта эълон қилинган Беларусиядан олинган видео билан боғлиқ ҳолда айтди. 

Пригожиннинг айтишича, «Вагнер» жангарилари ҳозирча Украинадаги урушда қатнашмаяпти, бироқ «вагнерчилар» Беларус армияси билан қўшма машғулотлар ўтказаётгани ҳақидаги маълумотлар хавотир уйғотади, деб ёзади Sky News.

Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг мунтазам шарҳига кўра, яқин кунларда «Вагнер гуруҳи» маҳкумлар орасидан сўнгги ёлланма аскарларни хизматдан озод этади ва уларнинг катта қисми ушбу ХҲКда шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттириш таклифини қабул қилиши мумкин.

Идора томонидан келтирилган разведка маълумотларига кўра, қамоқхоналарда аскарларни ёллаш бўйича энг катта кўрсаткич 2023 йил бошида содир бўлган. Унинг натижаларига кўра, 40 мингга яқин маҳкум урушга жўнатилган. 

Британия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, маҳбусларни ёллаш Россия қўшинларига сўнгги ютуқларидан бирини - Бахмутни қўлга олиш ва «Вагнер» ХҲКни «ҳокимиятга тўғридан тўғри қаршилик кўрсатувчи» ташкилотга айлантириш имконини берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид