Ўзбекистон | 15:30 / 22.07.2023
42174
8 дақиқада ўқилади

Тошкентда аскар комага тушиб қолганидан бир кун ўтиб вафот этди

Марказий ҳарбий госпиталда даволанаётган аскар йигитнинг ўлимига қатор касалликлар натижасида юзага келган полиорган етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Бироқ аскарнинг яқинлари бунга ишонмаяпти.

Икки ўғил ва бир қиздан кейин 1999 йил 29 апрел куни туғилган Шеҳрозиддин Баҳриддинов Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Мингтепа маҳалласида яшаган. У Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган эди. 14 март куни армияга кетган йигит 2023 йилнинг 27 июн куни, 24 ёшида вафот этди.

Шеҳрозиддин Баҳриддинов Фото: Kun.uz

Воқеа хронологияси

Расмий ҳужжатда қайд этилишича, ФВВга қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Шеҳрозиддин Баҳридддинов 20 июн куни томоқ оғриғи шикояти билан ҳарбий қисм тиббиёт пунктига мурожаат қилган. Унга амбулатор даво (сўрғичли таблетка ва томоқни фурациллинда чайиш) тавсия қилинган. Орадан икки кун ўтгач, аскар томоқ ва бош оғриғи шикоятлари билан тиббиёт пунктига келган, унга яна амбулатор даво тавсия этилган.

У 25 ва 26 июн кунлари ҳам ҳарбий қисм тиббиёт пунктига мурожаат қилиб, бош ва бел оғриги, терлаш, тез-тез нафас олишдан қийналаётганини айтган. Аскарнинг шикоятлари кундан кунга кўпайиб бораётган бўлса-да, ҳарбий қисм шифокорлари унга яна амбулатор муолажани тавсия қилган.

26 июн куни аҳволи оғирлашган аскар ЎСВ аппаратига ниқобли СПАП режимида уланган ҳолда Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник ҳоспиталига олиб келинган ва дарҳол реанимация бўлимига ётқизилган. Ҳужжатларда у 11:30 да ҳоспиталга кўкрак қафаси ва қорин эпигастрал соҳасидаги кучли оғриқ, тез-тез нафас олиш, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан олиб келингани қайд этилган.

Беморда икки томонлама плевра бўшлиқларида эркин суюқлик аниқлангани сабабли ўпка паренхимиясини ёйиш, плеврит этиологиясини аниқлаш учун “Торакоцентиз, чап ва ўнг плевра бўшлиқларини дренажлаш” жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Операция давомида ўнг ўпка плевра бўшлиғидан 1700 мл йирингли геморрагик ажралма, чап томонидан эса 1200 мл лизирланган геморрагик ажралма (суюқлик) олинган. Бироқ жарроҳлик амалиётидан бемор омон чиқмаган. 27 июн 13:30 да беморда биологик ўлим қайд этилган.

Ўлим ҳақидаги маълумотномада Шеҳрозиддин Баҳриддиновнинг ўлимига қўзғатувчиси аниқланмаган пневмония сабаб бўлгани келтирилган.

Экспертиза хулосаси Фото: Kun.uz

Қуролли Кучлар Суд-тиббий экспертиза маркази томонидан 13 июлда тугалланган экспертиза хулосасида аскарнинг ўлимига оғир кечган икки томонлама вирусли-бактериал этиологияли пневмония, инфекцион-токсик шок, икки томонлама фибринозли йирингли-геморрагик плеврит, плевра эмпиэмаси, цепсиз, цеплицемия, талоқнинг ўткир цептик гиперплазияси, ўткир респитатор дистресс синдром, ДВС синдром (тананинг тери қопламалари, ички аъзоларни сероз ва шиллиқ пардаларига қон қуйилишлар), бифуркацион лимфа тугунларининг ўткир гиперплазияси, токсик-септик миокардит, гепатит, нефрит, сероз мининггит, ички аъзоларнинг ўткир умумий веноз тўлақонлиги ва паренхиматоз дистрофияси, бош мия шиши ва бўкиши, ўткир ичак динамик (паралитик) тутилиши, ўткир стериоид индустирланган қандли диабет ва ушбу касалликлар асорати оқибатида юзага келган полиорган етишмовчилиги сабаб бўлгани келтирилади.

Марҳумнинг яқинлари далиллар тақдим этилишини сўрамоқда

Kun.uz билан суҳбатда марҳум аскарнинг акаси Эркин Қодировнинг айтишича, 26 июн куни кечқурун ҳарбий қисмдагилар унга қўнғироқ қилиб, укасининг тоби йўқлиги, ҳозир ҳоспиталда эканини айтишган.

“Тошкентга етиб келмасангиз бўлмайди деб айтишди. Борганимизда у комага тушиб қолган экан. Ҳоспиталдагилар ўпкасига сув йиғилган экан, ўпкаси йиринглаб кетган деб айтишяпти. Аниқланмаган пневмония деб ташхис қўйишмоқда.

Нимадан ўлгани сир бўлиб қоляпти. Бел соҳасида, буйрагининг устидаги териси шилиниб кетганди. Сабабини сўраганимизда марҳум укам калтакланмаган, дўхтирлар нотўғри дори берган, шунинг таъсирида пуфакча ҳосил бўлиб бўлган, беморни кўтариб бошқа жойга олинганда ана шу пуфакчалар ёрилиб териси шилиниб кетган деб айтишди. Бундан ташқари, оғзининг ички қисмида ҳам йиртилиш бор эди”, дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Эркин Қодиров.

Таъкидлаш керакки, Қуролли Кучлар Суд-тиббий экспертиза марказининг экспертиза хулосасига кўра, марҳумнинг юқори ва пастки лаб ташқи бурчагидаги жароҳат қаттиқ тўмтоқ жисм таъсирида етказилган бўлиб, ҳосил бўлиш вақти ҳамда ҳолатига кўра беморнинг ўлимидан бир сутка олдин, яъни тиббий ёрдам кўрсатишда юзага келган бўлиши мумкин. Баҳриддиновнинг жасади суд-тиббий экспертизасида жараёнида кўздан кечирилганда марҳумнинг танасида ўзаро курашиш ва қаршилик кўрсатишга хос тан-жароҳат белгилари аниқланмаган.

Шеҳрозиддин Баҳриддинов Фото: Kun.uz

“Ўғлим хизмат қилган гуруҳ ва баталон командирлари билан гаплашдик. Уларнинг айтишича, Шеҳрозиддин даставвал томоқ оғриғидан шикоят қилган ва унга томоқ оғриғига қарши дори беришган. Кейин бошим оғрияпти деган, бош оғриғини қолдирувчи дори беришган. Кейин у сафда турган вақтда ўзидан кетиб йиқилиб тушибди.

Лекин биз бунга ишонгимиз келмаяпти. Чунки ўғлим жуда соғлом йигит эди. Ҳарбий хизматга кетгунча бирор марта жиддий касал бўлмаган, қайсидир оғир касаллик бўйича ҳисобда турмаган. Шунинг учун ҳам армияга кетаётганда тиббий кўриклардан осон ўтди. Кўриклардан ўтиш учун пул бермаган ёки бошқа ноқонуний йўллардан фойдаланмаган. Ўзи ҳаракат қилиб, ўзи кетди, барча синовлардан ўтиб бўлгачгина ҳарбий хизматга кетаётганини бизга айтганди.

24 июн куни пешиндан кейин иккинчи акасига қўнғироқ қилиб гаплашишган. Суҳбат давомида овозида касаллик аломати, масалан, хириллаш, қийналиб нафас олиш сезилмаган. Ҳар доимгидай гаплашган. Бироз тобим йўқ, бошим ёки томоғим оғрияпти деб ҳам айтмаган. Ўпкасидан 2,5 литрдан кўпроқ суюқлик олдик дейишяпти. Ўпкасида шунча миқдорда сув, йиринг бўлган одам ҳансирамайдими, зўрға гапирмайдими, гапиролмаслиги керак бемор бундай ҳолатда. Экспертиза хулосасидан ҳам қониқмадик, ҳолат қайтадан холис тергов қилиниши керак”, дейди марҳумнинг отаси Низомиддин Қодиров.

Шеҳрозиддин Баҳриддинов Фото: Kun.uz

Марҳумнинг яқинларининг сўзларига кўра, батальон командири уларга якшанба куни (25 июн) Шеҳрозиддиннинг тоби қочганини айтган, у комага тушиб қолгач, 26 июн куни кечқурун бу ҳақда оиласига хабар беришган. Нима учун сафда ҳушдан кетиб қолгунча аскар йигит ҳарбий қисмда ушлаб турилгани, нега вақтлироқ ҳоспиталга олиб борилмагани ҳақидаги саволлар очиқ қолдирилган.

“Биз воқеалар укамнинг командирлари айтганидай бўлганига ишонч ҳосил қилишимиз учун Шеҳрозиддин сафда чиндан ҳам йиқилиб тушгани, шундан сўнг уни кўтариб ҳарбий қисм тиббиёт пунктига олиб боришгани, йиқилишдан олдин ҳарбий қисм шифокорларидан дори сўрагани акс этган видеотасвирларни кўрсатишни сўрадик.

Шу тасвирларни кўрсак, барчамизнинг юрагимиздаги оташ ҳовури бироз бўлса-да пасаярди. Бироқ бу жараёнлар ҳеч бир камера томонидан ёзиб олинмаганмиш. Фақатгина аскарларнинг ошхонага кириб-чиққани акс этган камера ёзувлари бор, аммо уни катталарнинг рухсати билан сизларга тақдим этишимиз мумкин деб айтишди.

Командирларининг айтишича, укам чўмилиб чиқиб кондиционернинг тагида ухлаган экан. Жойи кондиционернинг тагида бўлган экан. Хўп, аскарлар ётоқхонасидаги камера ёзувларини кўрсатинглар, кондиционернинг тагида ётганини кўрайлик деяпмиз. Айтишларича, бу жойга камера ўрнатилмаганмиш. Ҳеч бўлмаса ҳоспиталга кириб бораётгани кўринган тасвирларни кўрсатишсин. Озгина бўлса-да таскин топишимиз учун командирларнинг сўзларини тасдиқлайдиган бирор бир далил тақдим этилмаяпти”, дейди Эркин Қодиров.

Мавзуга оид