Жамият | 20:58 / 24.07.2023
17818
2 дақиқада ўқилади

Андижонда болани калтаклаган тарбиячи иши судга оширилди

Иш бўйича суд жарёнлари давом этмоқда. 

Андижон вилояти, Избоскан туманидаги мактабгача таълим муассасасида бола калтакланиши билан боғлиқ иш судга оширилди. 

Ҳодиса Лўғумбек қишлоғидаги «Адибахон онам» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида юз бергани айтилмоқда. Бу ҳақдаги хабар ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалган. 

Қайд қилинишича, 14 июнь куни боланинг онаси ИИБ ҳудудий профилактика инспекторига ариза билан мурожаат қилган. Шундан сўнг, бола тан жароҳати олган (куйиш, калтакланган, ноўрин хатти-ҳаракатлар содир қилинган) деган гумон билан экспертиза тайинланган. Экспертиза ҳулосаси фуқаролик суди Избоскан тумани бўлимига юборилгани айтилмоқда. Хабарда боланинг калтакланиши билан боғлиқ тафсилотлар ва экспертиза хулосаси келтирилмаган. 

Шу билан бирга, аниқланишича, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ҳали 2 ёшга ҳам тўлмаган болани тарбияланувчилар сафига қабул қилган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, оилавий мактабгача таълим ташкилотларига 3-7 ёшли болалар қабул қилиниши керак. 

Ҳолат бўйича тарбиячи М.Х. ҳамда ёрдамчи тарбиячи Д.Х. лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармагани сабабли иш берувчи томонидан 15 июнь куни вазифасидан озод этилган. Тадбиркорга ҳам қонун доирасида тегишли чора кўрилган ҳамда кейинги иш фаолиятида бундай ноқонуний ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича огоҳлантирилган. 

Хабарга кўра, боланинг калтакланиши билан боғлиқ иш бўйича суд жараёнлари давом этмоқда. 

Мавзуга оид