Жаҳон | 21:44 / 25.07.2023
11435
2 дақиқада ўқилади

«Энди «твит» эмас, «икс» - Маск нега Twitter номини ўзгартирганини айтди 

Ребрендингдан сўнг Twitter платформасидаги хабарлар «твит» ўрнига «икс» деб номланди. 

Фото: Getty Images

Илон Маск сўзларига кўра, бундан буён X платформасидаги (собиқ Twitter) постлар «твит» эмас, балки «икс» деб номланади. Ижтимоий тармоқ номи янги концепция туфайли ўзгартирилди: илгари бу 140 белгидан иборат қисқа хабарлар эди, энди эса исталган ҳажмдаги хабар ва видеони юклаш мумкин. Бу эса қушча логотипи, Twitter номи ва «твит» атамасини мантиқсиз қилади. 

Маск тез орада ижтимоий тармоққа мураккаб коммуникациялар ва «барча молиявий операциялардан фойдаланиш имкониятини» жорий қилишни ваъда этмоқда. Шунингдек, у келажакда ҳамма нарса учун мўлжалланган Х деб номланувчи қандайдир иловани ҳам тақдим қилмоқчи. 

Twitter ребрендинги ҳақида 24 июль куни хабар берилди. Ижтимоий тармоқ Х деб номлана бошлади. Платформа логотипи ҳам ўзгарди: унда кўк қушча ўрнига Х ҳарфи тасвирланган. 

Маск Twitter платформасини 2022 йил октябрь ойида сотиб олди. Битим 44 миллиард долларни ташкил этди. Маск кўп ўтмай раҳбариятни ўзгартирди ва ходимларнинг деярли ярмини ишдан бўшатди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқдаги контентни монетизация қилиш бошланганини эълон қилди. 

Мавзуга оид