Жаҳон | 09:19 / 26.07.2023
4917
2 дақиқада ўқилади

«Лочин» ўтказиш пункти блокадаси: Ереван ва Степанакертда митинглар ўтказилди

Тоғли Қорабоғ аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ереванда ўтказилган митингда минглаб одамлар иштирок этди. Ереван ва Боку тинчлик келишуви лойиҳаси устида ишламоқда, деди Арманистон бош вазири. 

Фото: newsarmenia

25 июль, сешанба куни кечқурун Ереван ва Степанакертда бир вақтнинг ўзида Тоғли Қорабоғга инсонпарварлик юкларини етказиб бериш учун Лочин йўлаги блокадасини очиш талаби билан митинглар бошланди, деб ёзади рус тилидаги ОАВ ва арман ахборот порталлари. ТАСС агентлиги хабарига кўра, Арманистон пойтахти марказидаги митингга бир неча минг киши тўпланган. Улардан баъзилари қўлларида «ҳаётга йўл очиш» ва «сохта инсонпарварликдан воз кечиш» ҳақида ёзилган плакатларни ушлаб турган, дея хабар беради нашр. 

Аввалроқ, Арманистон бош вазири Никол Пашинян «муаммодан чиқишнинг энг яхши йўли» Тоғли Қорабоғ аҳолисининг Боку билан ўз ҳуқуқлари ва хавфсизлиги бўйича «халқаро механизм доирасида» мулоқот бошлашга тайёрлиги бўлади, деган фикрни билдирди. Шунингдек, у Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик келишуви лойиҳаси устида иш давом этаётганини, томонлар ҳужжатни имзолаш босқичига ҳали етиб бормаганини айтди, деб хабар беради «Интерфакс». 

Пашиняннинг сўзларига кўра, Арманистон Брюссел ва Прагада эришилган ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш бўйича келишувлар асосида Озарбойжон билан тинчлик шартномасини имзолашга тайёр. 

Бир кун аввал тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси вакили Арайик Арутюнян минтақа ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи учун курашни давом эттиришини айтган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид