Варикоз касаллигининг хавфли асоратлари санаб ўтилди
Хасталикнинг келиб чиқишига ирсият, узоқ вақт оёқда тик туриш, ҳомиладорлик, семириш, бириктирувчи тўқиманинг туғма заифлиги, камҳаракатлик, юқори веноз босим, сурункали касалликларнинг ривожланиши каби бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Қон-томир муаммолари бутун дунёда кенг тарқалган сурункали касалликлар сирасига киради. Айниқса, кейинги пайтларда кўпчилик инсонларда варикоз хасталиги учрамоқда. Хасталикнинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлиши ҳақида академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Фазлиддин Баҳриддинов маълумот берди.
— Айрим кишилар варикозни фақат эстетик муаммо, деб ўйлайди. Бироқ бу касалликка ўз вақтида эътибор берилмаса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин, деди мутахассис. — Айтиш лозимки, мазкур хасталикка кўпроқ аёллар мойил бўлади. Бунинг асосий сабаби эса ҳомиладорликдир. Яъни уларда 25-45 ёшлар оралиғида варикоз кўп кузатилади. Қолаверса, эркаклар ҳам 45-50 ёшларда ушбу касалликка чалинишга мойил бўлади.
Шифокор сўзларига кўра, вена қон томирлари организмда қон айланишини таъминлайди. Бироқ юза веналарининг кенгайиши, клапанларнинг яроқсизлиги ва веноз қон оқишининг бузилиши сабабли веналарнинг варикоз кенгайиши кузатилади.
Хасталикнинг келиб чиқишига ирсият, узоқ вақт оёқда тик туриш, ҳомиладорлик, семириш, бириктирувчи тўқиманинг туғма заифлиги, камҳаракатлик, гормонал дориларни қабул қилиш, гормонал ўзгаришлар, эндокрин касалликлар, юқори веноз босим, сурункали касалликларнинг ривожланиши каби бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Веналарнинг варикоз кенгайишида бир неча босқич фарқланади. Илк босқичда иш кунидан сўнг оёқларда оғирлик ва чарчоқ, кеч тушдан кейин тўпиқ, оёқ ва пастки оёқнинг шиши кузатилади. Бундай ҳолда барча аломатлар тунги дам олишдан сўнг ёки фаол юришдан кейин йўқолади.
Шунингдек, оёқларнинг тез толиқиши, болдир соҳасида веноз тугунчалар пайдо бўлиши, тик турганда веналарнинг бўртиб чиқиши, тери қичишиши ва экземасимон дерматит ҳамда бошқа қатор белгилар ривожланади.
«Агар уларга ўз вақтида эътибор берилмаса, болдир соҳасида трофик яралар пайдо бўлиши, ўткир тромбофлебит, варикоз тугунининг ёрилиб қон кетиши, ҳатто, ўлим ҳолати кузатилиши мумкин. Шу боис касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга (қон томир жарроҳига) мурожаат қилиш керак», деди шифокор.
Хасталикка чалинмаслик учун вазнни меъёрда сақлаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, сурункали равишда жисмоний зўриқишдан ва узоқ вақт тик оёқда туришдан ҳимояланиш, тор кийим ва баланд пошнали пойабзал киймаслик тавсия этилади.
Мавзуга оид
15:46 / 14.11.2024
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:19 / 13.11.2024
Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда
12:53 / 10.11.2024
Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
22:16 / 08.11.2024