Спорт | 13:29 / 02.08.2023
65221
6 дақиқада ўқилади

«Чиққунча ўйнайсан». Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026 саралашидаги имкониятлари ҳақида

Ўзбекистон 2026 йилги жаҳон чемпионати учун юришини ноябр ойида Туркманистонга қарши ўйин билан бошлайди. Йўлланма учун роппа-роса уч имконият бўлади.

27 июл куни ЖЧ-2026 саралаш ўйинлари 2-босқичига қуръа ташланди ва Ўзбекистон ҳам дастлабки рақибларини билиб олди. Эрон, Туркманистон, ҳамда Ҳонгконг – Бутан жуфтлиги ғолиби ўзбекистонликлар билан бирга Е гуруҳини ташкил этади. Жами мана шундай 9 та гуруҳ бўлиб, ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа 3-босқичга йўл олади. Иккинчи босқичда сараланган 18 жамоа 2027 йилда ўтадиган Осиё кубогига ҳам йўлланма олади.

Шу ергача ҳаммаси тушунарли. Аммо жаҳон чемпионати иштирокчилари сони қўшимча 16 ўринга ошгани, жумладан ОФК учун 8 тадан ортиқ ўрин ажратилгани кейинги босқичлар форматига таъсир қилгани табиий. Ҳожибой Тожибоевнинг машҳур «ўргангунингча чаласан» деб тугайдиган латифасидек, бу сафар «жаҳон чемпионатига чиққунимизча ўйнайверамиз». Бунинг учун бизда нақ уч имконият бўлади.

Биринчи имконият. 3-босқич

Учинчи босқич аввалгидек, 2 эмас, 3 гуруҳдан иборат бўлади. Бу дегани, табиийки, Осиёнинг кучли жамоалари иккига эмас, учга тақсимланади. Биз йўлланмани қўлга киритишимиз учун Осиё грандларининг ярми билан эмас, учдан бири билан тўқнаш келамиз. Албатта, бу вазифани осонлаштиради.

2-босқичдан чиққан жами 18 жамоа ҳар бири 6 жамоадан иборат бўлган уч гуруҳга бўлинади. Қуръага рейтинг ҳам таъсир қилишини инобатга олсак, айтайлик, ҳозир Осиёда рейтингда юқори ўринларда турган Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия, Саудия Арабистони ва Қатар каби жамоалардан фақат 2 таси билан бир гуруҳда бўлишимиз мумкин.

Гуруҳлардаги жамоалар уй-сафар давравий тизимида бир-бири билан икки мартадан ўйнаб чиқади. Ҳаммаси бўлиб 10 ўйин.

Уч гуруҳдаги 1 ва 2-ўринларни қўлга киритган 6 жамоа мундиалга тўғридан тўғри йўл олади. Демак, йўлланмани қўлга киритиш учун биринчи имконият 3-босқичда бўлади – 6 жамоадан иборат гуруҳда камида 2-ўринни олиш.

Иккинчи имконият. 4-босқич

Аввалги форматда гуруҳларда йўлланмага илинмаган, 3-ўринни олган жамоалар плей-офф орқали узоқ йўлни босиб ўтиши лозим бўларди. Энди имконият қарийб икки баробар ортган. 4-босқичга аввалги босқичда ҳар бир гуруҳда 3-4 ўринларни олган жамоалар ўтади.

Яъни 3-босқичдаги учта гуруҳдаги дастлабки иккитадан жамоа мундиалга, кейинги иккитадан жамоа эса 4-босқичга ўтади.

Жами 6 жамоа ҳар бири учтадан 2 гуруҳга бўлинади. Гуруҳ ғолиблари жаҳон чемпионатига навбатдаги йўлланмаларнинг эгасига айланади.

Аввалига, ФИФА тавсиясига кўра, жамоалар нейтрал майдонда ўзаро биттадан ўйин ўтказиши кўзда тутилганди, аммо 5-босқич (бу ҳам бор ҳали) тақвими 2025 ноябридан 2026 йил мартига кўчирилгани туфайли, ОФКда қўшимча тур ўйнаш имконияти пайдо бўлди. Натижада, ОФК 4-босқични ҳам уй-сафар тизимида ташкил этади. Фақат ҳар бир жамоа билан бир мартадан ўйналади. Гуруҳдаги бир жамоа билан сафарда, бошқаси билан уйда ўйнашга тўғри келади.

Хуллас, тасаввур қилинг, 3-босқичда кучли иккиликка кира олмасдан, 4-босқичдамиз. Бизни доим ортда қолдирадиган Осиёнинг олти гранди аллақачон жаҳон чемпионатига чиқиб кетиб бўлган. Кейинги эшелонда, мисол учун, БАА, Ироқ, Хитой, Сурия, Иордания, Баҳрайн каби жамоалардан иккитаси бизга рақиб бўлади. Уларни ортда қолдириб, гуруҳда 1-ўринни олиш талаб этилади – ана шунда биз мундиалдамиз.

Учинчи имконият. 5-босқич

 4-босқични муваффақиятсиз ўтказган тақдиримизда ҳам ҳали ҳаммаси йўқотилмайди. Биз энди, 2026 йилнинг март ойида қитъалараро плей-офф ўйинларида иштирок этишимизга тўғри келади. Бунинг учун, 4-босқичдаги гуруҳда 1-ўринни олмаганимизга яраша, ҳеч бўлмаса, 2-ўринни олишимиз талаб этилади.

Шунда ҳар икки гуруҳдаги 2-жамоалар ўзаро плей-офф ўйнашади ва ғолиб 5-босқичда – 6 жамоадан иборат бўлган қитъалараро плей-оффда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

6 жамоа Шимолия Америкадан 2 та, Осиё, Африка, Жанубий Америка ва Океания минтақаси вакилларидан иборат бўлади. Бу жамоалар ўзаро яна икки охирги йўлланма учун кураш олиб боради.

6 жамоа ичида энг рейтинги юқори бўлган икки жамоа ўз рақибини кутиб туради. Қолган тўрт жамоа икки жуфтлик ташкил қилиб, ғолиблар аниқланади. Икки ғолиб ўша кутиб турган рейтинги юқори икки жамоага тақсимланади. Финал жуфтликларида ғолиб бўлган икки жамоа ҳам мундиал йўлланмасини қўлга киритади.

Ўйинлар уй-сафар эмас, нейтрал майдонда, катта эҳтимол билан ЖЧ-2026 мезбон давлатларидан бирида ташкил қилинади.

Хулоса

Юқоридаги жумлалар бироз сизни чарчатган бўлса, қисқароқ қилиб тушунтирамиз. Хуллас, Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиши учун дастлаб, Эрон, Туркманистон ва Ҳонгконг/Бутан жамоаларидан тузилган гуруҳда камида 2-ўринни олиши лозим.

Ундан кейин, 6 жамоадан иборат гуруҳга чиқамиз. У ерда дастлабки 2 ўриндан бирини олишимиз керак бўлади. Агар бу вазифа уддаланмаса, ҳеч бўлмаса, 3 ёки 4-ўринлардан бирини олиш шарт.

Ана ундан сўнг, 3 жамоадан иборат яна битта гуруҳда имконият бўлади. Бир жамоа билан уйда, иккинчиси билан сафарда ўйин ўтказилади ва агар гуруҳ ғолиби бўлинса, жаҳон чемпионати йўлланмаси нақд. Бу вазифа уддаланмаса ҳам имконият йўқолмайди, бунинг учун гуруҳда ҳеч бўлмаса 2-ўринни олиш керак.

Шунда қитъалараро плей-оффда қатнашиш имконияти бўлади. У ерда аввал катта эҳтимол билан Океания ёки Африка вакилини ютиш талаб этилади. Агар бу синовдан ўтилса, катта эҳтимол билан Шимолий ёки Жанубий Американинг бирор жамоаси билан битта ўйин бўлади. Ўша ўйинни ютиб ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш, яъни ЖЧ-2026нинг энг охирги, 48-йўлланмасини қўлга киритиш мумкин. Қани, кетдик.

Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид