Ўзбекистон | 21:47 / 02.08.2023
12650
2 дақиқада ўқилади

Солиқчилар тадбиркорларга бириктирилади

1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобот топширмайди. 1 январдан бошлаб кичик бизнес ва фермерларнинг собиқ ҳисоботлари электрон шаклда юритилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент видеоселекторида ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилишга алоҳида солиқчи масъул бўлиши белгиланди.

Бунда, йиллик айланмаси:

  • 1 миллиард сўмгача бўлган микро бизнес вакиллари билан маҳалладаги солиқ ходимлари;
  • 10 миллиард сўмгача бўлган кичик тадбиркорлар билан туман солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
  • 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта бизнес корхоналари билан вилоят солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
  • 100 миллиард сўмдан юқори бўлган йирик корхоналар билан эса Солиқ қўмитаси ўринбосарлари шахсан ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб боради.

1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобот топширмайди. Бу ишлар билан маҳаллага бириктирилган солиқчилар шуғулланади.

Келгуси йил 1 январдан эса кичик бизнес субъектлари ва фермерларнинг ҳисоботини солиқ идоралари электрон шаклда юритадиган тизим бўлади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитасига солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини яхшилаш бўйича тизим яратиш топширилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид