Жаҳон | 21:14 / 02.08.2023
35412
11 дақиқада ўқилади

Украина нега Москвага тинмай дрон ҳужуми уюштирмоқда?

Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми авжига чиққан маҳалда Москвага учирилаётган дронлар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини фронтдаги позицияларни ҳимоялашдан чалғитиши кўзда тутилган. Бу орқали украинлар Россиянинг ўтган йилги тактикасини такрорламоқда.

Александр Казаков / Коммерсант / Sipa USA / Vida Press

Москва-ситига уч кун ичидаги иккинчи дрон ҳужуми — Россияга дрон зарбалари сериясидаги сўнгги ҳужум эмаслиги аниқ.

Бу амалиётларнинг барчаси битта вазифани бажаришга қаратилган: Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлиги Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини фронтдаги позициялардан чалғитишга ҳаракат қилмоқда. Украина бу стратегияни Россиядан «кўчирган» дейиш ҳам мумкин: россиялик ҳарбийлар украинларнинг ички ҳудудларига камикадзе дронлар билан ҳужум қилишни куздаёқ бошлаганди. Экспертлар ўшандаёқ дронлар (улар асосан электр нимстанцияларига ҳужум қилганди) Украина электр энергия таъминотини узоқ вақтга бузиш учун эмас, балки украинларнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларини ички ҳудудлардаги объектларни қўриқлаш учун жалб этиш ва танқис бўлган ўқ-дориларни учувчисиз учиш аппаратларига қарши қўллаш учун сарфлашга учирилаётганини айтишганди.

Украина дронлари эса Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини ўқ-дорилардан маҳрум қилиши даргумон, лекин бу орқали Украина ҚКнинг қарши ҳужуми вақтида фронтдаги ҳимоя қисмларини ўзига жалб қила олади.

Москвага қандай дронлар учиб келмоқда?

1 августга ўтар кечаси кичик миқдордаги портловчи модда ўрнатилган дрон Москва-Ситидаги бинонинг 21-қаватига келиб урилди. Шаҳар маъмурияти ва мудофаа вазирлиги бу дрон олдингилари каби ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан уриб туширилгани ва шундан кейин Москва-Ситига қулаганини билдирди. 30 июлга ўтар кечаси учиб келган дрон ҳам Ситидаги худди шу «ҳукумат» биносига қулаганди. Икки ҳолатда ҳам жабрланганлар бўлмаган.

Бунгача шундай хусусиятларга эга камикадзе дронлар Комсомолский проспекти ва Новая Москвадаги бинолардан бирига ҳужум қилганди. Май ойи охирида Москва шаҳри ва унинг чеккаларига камида бешта дрон ҳужум қилганди.

Ўша куни Москва ташқарисида олинган видеода катта эҳтимол билан «Бобер» дрони акс этган, бундай дронлар Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасига ҳам (дрон ҳужумлари айнан шу идора томонидан уюштирилмоқда деб ҳисобланади) етказиб берилади. Бу аппарат Украинанинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда, аммо бу иш билан айнан қайси компания шуғулланаётгани — номаълум). Бундай дронлар бир неча кун олдин Краснодар ўлкасидаги нефтни қайта ишлаш заводига уюштирилган ҳужумда ҳам қўлланганди. Ой бошида, 3 май куни эса Кремлга украинлар томонидан ишлаб чиқарилаётган бошқа дронлар — UKRJET UJ-22 Airborne ҳужум қилганди. Шунингдек, Украина қуролли кучлари Россиянинг чегарадаги областларига зарбалар учун хитойликларнинг Mugin-5 дронларини қўлламоқда (ишлаб чиқарувчи компания бу дронларни ҳарбий мақсадларда ишлатишни тақиқлаганига қарамай).

Бу аппаратларнинг барчасининг хусусиятлари ўхшаш — бир неча юз километр масофага уча олади, бензинли двигателда ишлайди, тезлиги соатига 100–140 километрни ташкил этади. Катта эҳтимол билан бу дронлар учирилганидан кейин оператор билан алоқа ўрнатмайди; учувчисиз учар қурилмалар икки тизим билан бошқарилади: бири GPS орқали йўналтирилади, бошқаси инерция бўйича ҳаракатланади. Масалан, РФ қуролли кучлари ўтган йилдан буён Украина бўйлаб зарбалар бериш учун фойдаланаётган Эроннинг Shahed русумли дронлари ҳам иккинчи тоифага мансуб. Инерциал тизим парвоз бошланганидан кейин дроннинг ҳаво кенглигидаги ҳолатини ҳисоблаб боради, катта масофага парвоз қилишда хатолар кўпайиши муқаррар ва шунинг учун бу тизим вақти-вақти билан сунъий йўлдош орқали координаталари тизимидан фойдаланган ҳолда тузатишлар киритиб боришни талаб этади.

Шу билан бирга, Россия GPS сигналига самарали тўсқинлик қиладиган ёки «алмаштириб» қўядиган кўп сонли тизимларга эга. Хусусан, Пентагоннинг апрел ойида сиздирилган махфий ҳужжатларида Американинг сунъий йўлдош тузатиш блоклари билан «ақлли» ўқ-дорига айлантирилган украин бомбалари россияликларнинг радиоэлектрон кураш тизимлари туфайли ҳамиша ҳам нишонга тўғри бормаслиги факти батафсил муҳокама қилинган. Эндиликда украин дронлари ҳужуми вақтида GPS билан муаммога учраётган москваликлар ҳам радиоэлектрон кураш тизимлари қандай ишлашидан воқиф бўлишмоқда.

Shahed дронларидан фарқли ўлароқ (РФ қуролли кучлари уни «Герань-2» деб атайди), Украина шу вақтгача қўллаган дронларнинг барчаси кичик ҳажмда ва катта эҳтимол билан мавжуд ўқ-дори зарядларидан қўлбола усулда ясалган. Турар жойларга урилган дронларнинг қолдиқларини ўрганган экспертлар фикрича, дрон зарядининг портловчи моддалари улар белгиланган маълум нуқтага етиб келганида автоматик равишда ишга тушиши мумкин (бунинг учун GPS сигналидан фойдаланиш имконияти бўлиши керак).

Россия ҳукумати деярли барча дронлар муваффақиятли уриб туширилаётганини айтмоқда. Бу чиндан ҳам шунчалик осонми?

Бундай учувчисиз учиш аппаратлари — чиндан ҳам маълум объектларни ҳимоя қилувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ҳам, радиоэлектрон кураш воситалари учун ҳам нисбатан оддий нишондир. Уларнинг асосий камчилиги — радар яхши пайқашидир. Бундан ташқари, аппарат моторидан чиқадиган шовқин (бу ички ёнув двигателидир, чунки узоқ масофага электр орқали парвоз қилиш оғир батареяларни талаб қилади, бу эса дрон ўлчамларини сезиларли даражада оширади) узоқдан ҳам эшитилиб туради.

Шу туфайли, масалан, Украина ғарб томонидан етказиб берилган яқин радиусда ҳаракатланувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали бир неча ой ичида «Геран-2»га қарши кураш самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Дронлар йўқ қилинаётгани ҳақидаги расмий баёнотлардан ташқари ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширган учувчисиз учар аппаратлар акс этган ўнлаб видеолар мавжуд.

Аммо дронлар ёппасига ҳужум қилганида дронларга қарши курашиш учун ихтисослашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда радиоэлектрон кураш комплексларининг ҳам заиф томонлари кўриниб қолиши мумкин. Уларнинг асосийси — қарши ҳужумларнинг кичик диапазони ва паст унумдорлик (яъни улар фақат кам сонли нишонларни кузатиши ва зарба бериши мумкин). Дронларни учираётган томон эса ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ёки радиоэлектрон кураш воситалари қамраб олган ҳудудда тешикларни топиши ва шу орқали унинг дрони нишонга ҳеч бўлмаганда яқин бора олиши мумкин. Ва бундай ҳолатда ҳеч қандай ҳимоя ҳақиқатан ҳам дронларнинг ёппасига ҳужумини (дронлар сони ўнлаб бўлганида) қайтара олмайди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ҳужумга ўтган кўп сонли аппаратлар билан «тўйинтириш» — бундай мудофаани енгиб ўтишнинг стандарт тактикасидир. 

Бундан ташқари, Россия ва Украинанинг бепоён ҳудудларини ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон кураш воситалари билан тўлиқ ҳимоялаш имконсиз. Урушаётган икки томонда ҳам барча дронларни узоқдан аниқлаш имконияти йўқ: радарлар пастлаб учаётган нишонларни аниқлай оладиган масофа жуда кичик. Шунинг учун, Украинанинг дронлар билан курашдаги муваффақиятларига қарамай, россияликларнинг узоқ радиусда ҳаракатланадиган камикадзе дронлари вақти-вақти билан самарали рейдлар ўтказиб турибди. Украинлар ҳам бир вақтнинг ўзида кўп сонли дронлар юборса, Россиядаги нишонлар бўйлаб зарба беришда натижалар яхшиланиши мумкин.

Аммо Украина ҚК томонидан фойдаланилаётган дронларнинг заряд кучи (бу дронлар кўтара оладиган фойдали умумий юк), афтидан, уларнинг Россияга мунтазам равишда жиддий зарар етказишига имкон бермайди. Хусусан, «Геран-2» 30–50 килограмм оғирликдаги зарядни олиб уча олади, Москвага ҳужум қилган украин дронлари эса 12,5 килограмм оғирликдаги КЗ-5 муҳандислик ўқ-дорилари асосида тайёрланган портловчи қурилмалар билан жиҳозланган.

Агар бу дронлар у қадар кучли бўлмаса, Украина ҚК нега улардан фойдаланмоқда?

Украина томонининг асосий мақсади — имкон қадар кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини фронтдан Россия ичкарисига «жалб қилиш».

Россия қўмондонлиги худди шундай тизимли зарбалар тактикасини қўллаган ҳолда амалда Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини зарарсизлантирганди — Американинг сиздирилган ҳужжатлари муаллифларига кўра, 2023 йил баҳорига келиб, Украина ҚК ихтиёридаги советлар даврига мансуб зенит тизимларида шунчаки ракеталар тугаб қолган. НАТО мамлакатлари ҳозирда бу тизимларни тўлиқ ғарбникига алмаштиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо россияликларнинг янги зарбалари хавфи туфайли етказиб берилган техникаларнинг катта қисмини фронтга эмас, Киев ва бошқа йирик шаҳарлар ҳимояси учун юборишга тўғри келмоқда. Шу билан бирга, РФ ҚК Киев бўйлаб зарбалар беришда давом этмоқда — ҳамда шаҳарни мудофаа қилаётган тизимларни нишонга олмоқда.

Россия томонининг мақсади — Россия авиацияси жанг майдонига қайтишини таъминлаш учун украинларнинг фронтда ва ичкари ҳудудлардаги қўшинларини ҳимоя қилувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг тинкасини қуритишдир. Ҳозирда рус авиацияси туташув чизиғидан бир неча ўн километр масофадан туриб бошқариладиган ракеталар билан ёки бир неча километр масофада паст баландликдан туриб бошқарилмайдиган ракеталар билан зарба бера олмоқда, холос.

Украина ҚК ҳам шундай йўл тутиб, фронтда Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа зичлигини камайтиришга ҳаракат қилиши мумкин, чунки РФ ҳукумати Москва ва бошқа йирик шаҳарларни ҳимоясиз қолдира олмайди. РФ пойтахтида ва унинг атрофларида кичик радиусда ҳаракатланувчи илк ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари январ ойида пайдо бўлганди — бу катта эҳтимол билан украинларнинг Россия ичкарисига йўлланган илк зарбаларига реакция бўлганди (декабр ойида советларнинг «Стриж» учувчисиз учар қурилмаси базасида яратилган  дронлар Саратов ва Рязан областларидаги аэродромлар ҳудудида портлаганди).

Москва шаҳри мудофааси (катта эҳтимол билан бошқа шаҳарлар ва ҳарбий объектлар мудофаасига ҳам) учун навбатчиликка «Панцирь-С1» зенит ракета комплекслари жойлаштирилди — булар фронтда ҳам қўшинларни ракета ва дронлар зарбаларидан ҳимоя қилиши керак бўлган тизимлардир.

Мавзуга оид