Жаҳон | 08:50 / 03.08.2023
6883
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Нигердаги элчихонасини қисман эвакуация қилди

Ғарб давлатлари ўз фуқароларини ҳарбий тўнтариш содир бўлган Нигердан эвакуация қилмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ Давлат департаменти Нигердаги нотинч вазият муносабати билан Американинг мамлакатдаги элчихонаси ходимларининг бир қисми ва уларнинг оила аъзоларига Нигерни тарк этишни буюрди, дейилади 2 август, чоршанба куни дипломатик миссия сайтида. Элчихона чекланган асосда ишлашда давом этади ва «фақат Нигердаги Америка фуқароларига шошилинч ёрдам кўрсатиши мумкин», дейилади баёнотда. 

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок шу куни Франциянинг эвакуация парвозларидан фойдаланиб, сўнгги икки кун ичида 40 га яқин немис фуқароси ҳам Нигерни тарк этгани тўғрисида хабар берди. У франциялик ҳамкасби Катрин Колоннага ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. 1 ва 2 август кунлари фақат иккита француз рейсларида 600 дан ортиқ хорижликлар, асосан Франция фуқаролари олиб кетилди. 

26 июль куни Нигерда ҳарбийлар гуруҳи қўзғолон кўтариб, Муҳаммад Базум президентликдан четлаштирилгани, шунингдек, комендантлик соати жорий этилгани, конституциянинг амал қилиши тўхтатилгани ва партияларнинг сиёсий фаолияти тақиқлангани ҳақида эълон қилди. 28 июль куни улар генерал Абдураҳмон Тчиани давлат раҳбари бўлганини билдирди. Ғарбий Африка иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS) давлат тўнтаришини қоралади ва исёнчиларга конституциявий тузумни тиклаш учун бир ҳафта вақт берди. 

Мавзуга оид