Қўчқоров – вазир, Қудбиев солиқ қўмитаси раиси лавозимига қайтди
Бу борада президент фармони ва қарори қабул қилинди. Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридан чиқарилди. Қўчқоров аввалгидек бир вақтнинг ўзида бош вазир ўринбосари ҳам ҳисобланади.
Ўзбекистон президентининг фармони билан, Жамшид Анварович Қўчқоров Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тасдиқланди.
Қўчқоровнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган. Палатанинг 3 август кунги мажлисида Қўчқоров ўз ҳаракатлар дастурини тақдим этган.
Шунингдек, президент қарори билан, Шерзод Давлатович Қудбиев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири лавозимидан озод этилди.
Тайинлов ҳақидаги қарордан маълум бўладики, Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига қайтарилган. Бироқ фарқи, аввал қўмита расман Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси деб аталган бўлса, энди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси деб аталади.
Бу ўзгаришлар президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 2 август кунги селекторда солиқ тушумлари етарлича ўсмаётганини танқид қилиши ортидан маълум бўлмоқда. “Кундан кунга ўсаётган иқтисодиётимизнинг самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаяпти”, – деган давлат раҳбари қатор солиқ мансабдорларини ишдан олди.
- Жамшид Қўчқоров 2022 йил охиридаги маъмурий ўзгаришлардан олдин бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт вазири лавозимида эди. “Админреформа” вақтида у бош вазирнинг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланиб, бундан буён бош вазир ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида бошқа бир лавозимни эгалламаслиги айтилган эди.
- Маъмурий ўзгаришлар вақтида Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари бирлаштирилиб, унга собиқ ДСҚ раиси Қудбиев раҳбар этиб тайинланган, бирлашган вазирлик таркибидаги Солиқ қўмитаси эса 7 ойдан буён биринчи раҳбарсиз қолаётганди.
Мавзуга оид
13:25 / 19.10.2024
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди
08:50 / 12.10.2024
«2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари
22:19 / 11.10.2024
Ўзбекистон 2027-2028 йилларда электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлайди – Жамшид Қўчқоров
12:47 / 22.07.2024