Жамият | 18:31 / 05.08.2023
12663
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ соғлом овқатланиш бўйича янги тавсияларни ишлаб чиқди

Инсон ўз организми учун зарур углеводларни, биринчи навбатда, дон, сабзавот, мева ва дуккакли маҳсулотлардан олиши керак.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) прогнозига кўра, 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семизликдан азият чекиши мумкин. Олимлар бу глобал муаммога соғлом турмуш тарзи орқали самарали ечим топиш мумкин, деган хулосада.

Шундан келиб чиқиб, ЖССТ соғлом овқатланиш бўйича янги тавсияларини эълон қилди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.

Унга кўра, кундалик ёғ истеъмоли катталар рационидан жой олган маҳсулотлар умумий қувватининг 30 фоизидан ошмаслиги керак.

Жумладан:

- 10 фоизгача — тўйинган ёғли кислоталар (ёғли гўшт, сут маҳсулотлари, қатиқ, сариёғ ва бошқа турдаги ёғлар);

- 1 фоизгача — саноат йўли билан ишлаб чиқарилган трансёғлар ва ҳайвон ёғлари.

Қолаверса, ЖССТ тавсияларидан шакар истеъмолини чеклашга доир кўрсатмалар ҳам жой олган. Унинг ўрнига сифатли углеводларни истеъмол қилиш фойдали эканлиги қайд этилган.

Ҳар бир инсон ўз организми учун зарур углеводларни, биринчи навбатда, дон, сабзавот, мева ва дуккакли маҳсулотлардан олиши керак.

Хусусан, катталар кунига камида 400 грамм мева-сабзавот тановул қилиши мақсадга мувофиқ.

Болалар ва ўсмирларнинг кунлик мева-сабзавотлар истеъмоли эса қуйидаги миқдорда бўлиши тавсия этилади:

- 2-5 ёш — камида 250 грамм;

- 6-9 ёш — камида 350 грамм;

- 10 ёш ва ундан катталар — камида 400 грамм.

Мавзуга оид