Жаҳон | 08:59 / 07.08.2023
8705
2 дақиқада ўқилади

ЭКОВАС давлатлари Нигерга бостириб кириш масаласида келиша олмаяпти

6 август куни Ғарбий Африка мамлакатлари Нигерга қўйган ультиматум муддати тугади. Нигер ҳарбий хунтаси ёрдам учун «Вагнер» ХҲКга мурожаат қилди. 

Фото: AFP/Getty Images

Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) давлатлари томонидан Нигердаги ҳарбий хунтага қўйилган ультиматум муддати тугади. Бу давлатлар Нигер исёнчиларидан 6 август, якшанба кунидан кечиктирмай конституциявий тузумни тиклашни ва четлатилган президент Муҳаммад Базумни ҳокимиятга қайтаришни талаб қилди

ЭКОВАС тўнтариш уюштирганларга энг қаттиқ чоралар, жумладан, ҳарбий босқин билан таҳдид қилди, аммо ташкилот аъзолари Нигерда ҳарбий операция ўтказиш тўғрисида келиша олмади. Нигерияда Сенат мамлакат президенти Бола Тинубунинг Нигерга ҳарбий бостириб кириш талабини қўллаб-қувватлашдан бош тортди ва унга биринчи навбатда бошқа вариантларни кўриб чиқишни тавсия қилди. 

Жазоир президенти Абдулмажид Теббун Нигерга қуролли аралашувга мутлақо қарши эканини айтди, чунки бу «бутун Саҳел зонасини портлатиб юборади». Жазоир ЭКОВАС аъзоси эмас, бироқ Теббун таъкидлаганидек, унинг мамлакатисиз «ҳеч қандай ечим бўлмайди», чунки Жазоир Нигер билан 1000 километрлик чегарага эга ва ҳарбий операция содир бўлган тақдирда асосий қурбон бўлади. Жазоир қўшни давлатга қарши куч ишлатмайди, деди Теббун. 

ЭКОВАСнинг айрим давлатлари, жумладан Сенегал ва Кот-д'Ивуар ўз аскарларини Нигерга жўнатишга тайёр эканини билдирди, бироқ давлат тўнтариши туфайли ташкилотда аъзолиги тўхтатилган Мали ва Буркина-Фасо Нигерга бостириб киришни ўзига ҳужум сифатида қабул қилиши тўғрисида огоҳлантирди. Нигер давлат тўнтариши етакчиси Абдураҳмон Тчиани, агар ўз мамлакатига қарши куч ишлатилса, «дарҳол ўч олиш» билан таҳдид қилди. 

Мавзуга оид